Главная / Без рубрики / Ўзбекистон Россия газини сотиб олади

Ўзбекистон Россия газини сотиб олади

Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари.

Россиядан газ импорти бошланмоқда

Марказий Осиё ўз тарихида биринчи марта Россиядан табиий газ импорт қилишни бошлаяпти. 7 октябр куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия президентлари Москвада ўтган тантанали тадбирда рус газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш жараёнига старт берди. Бунинг учун 1960-йилларда Туркманистон ва Ўзбекистондан Россияга газ узатиш учун қурилган “Ўрта Осиё – Марказ” номли магистрал тармоқ охирги бир неча ой давомида тескари тартибда ишлашга мослаштирилди.

oxdnee16478648128426_lЕвропага газ сотмаётган Россия учун экспортнинг бу йўналиши янги бозорни очиш ва бошқа имкониятларни тақдим этади. Владимир Путин ҳозирча келишилган йиллик экспорт ҳажми келгусида оширилиши мумкинлигини айтди. Ўзбекистон эса рус газига энергетикадаги мавжуд ўткир дисбалансга қисман ечим деб қараяпти. “UzGasTrade” ва “Газпром экспорт” ўртасидаги тижорий шартнома йилига 2,8 млрд куб метр табиий газ етказиб беришни кўзда тутади.

2,8 млрд куб метр ҳажм – Ўзбекистон ўтган 2022 йил давомида Хитойга сотган газ ҳажми билан деярли тенг. Мамлакатда ойига 3,5–4 млрд куб атрофида газ қазиб олинади. Охирги йилларда зангори ёқилғи экспорти сезиларли қисқарган бўлса-да, уни қазиб олиш ҳажми ҳам тўхтовсиз камайиб боряпти. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, январ–август ойларида жами 31,4 млрд кубометр газ қазиб олинган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,3 млрд кубометр ёки 9,4 фоизга кам.

Эслатиб ўтамиз, Россия ўз газини Марказий Осиёга таклиф этаётгани бундан бир йил олдин маълум бўлган, ўшанда Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида уч томонлама газ иттифоқи тузишни таклиф қилган эди. Ўзбекистон ва Қозоғистон бу ҳамкорлик иттифоқ шаклида эмас, тижорий шартномалар асосида бўлишини афзал кўрди. “Ўзгидромет” томонидан шу ҳафта эълон қилинган прогнозга кўра, бу йилги қишда 2023 йил январ ойидагидек аномал совуқ тушиши кутилмаяпти.

Электр энергетикасида рақобатли бозор яратиладими?

Эндиликда Ўзбекистон олдидаги вазифа – импортга қарамликка олиб келган энергетикадаги муаммолар бу қарамликни янаям кучайтирмаслигининг олдини олиш. Бу борада иккита муҳим янгилик бор. Мамлакатда ниҳоят энергетика бозори регулятори ташкил этилмоқда. Бу орган Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги деб номланди. Президент фармонига асосан, агентлик ўз фаолиятида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор бўлади ва фақат электр энергетика бозорини тартибга солади. Яъни газ соҳаси энергорегулятор ваколатига кирмайдиган бўлди.

Бу янги органнинг зиммасига электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозорларини босқичма-босқич ташкил этиш, электр энергияси бозорида рақобатни қўллаб-қувватлаш, бозор иштирокчилари учун тенг ҳуқуқ ва шаффофликни таъминловчи қонун-қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назоратини ўрнатиш, бозор иштирокчиларини лицензиялаш ва бошқа вазифалар юклатилди.

2026 йилдан бошлаб электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш бўйича тарифларни Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги белгилайди.

Энергетикадаги аҳволни ўнглаш йўлидаги иккинчи муҳим янгилик – аҳоли учун табақалашган тарифларга ўтишнинг биринчи босқичи бўлди. 1 ноябрдан бошлаб, хонадонида ойига 1000 kWhдан кўп электр энергияси ишлатувчи истеъмолчилар кўпроқ ҳақ тўлай бошлайди. Яъни уларга нисбатан:

  • 1001 kWhдан 5000 kWhгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар;
  • 5001 kWhдан 10 000 kWhгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар;
  • 10 000 kWhдан юқори истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар ўсувчи коэффициент қўлланилади.

Инобатга олиш керакки, маиший истеъмолчилар учун электр энергияси тарифи 1 kWhга 295 сўм бўлиб ўзгаришсиз қолади. Биринчи босқичдаги табақалашган тарифлар аҳолининг жуда кўп ток ишлатадиган 2 фоизлик қисмига тааллуқли бўлади. Улар уйида шунчалик кўп ток ишлатадики, ўзи умумий аҳолининг атиги 2 фоизини ташкил қилишса-да, хонадонларга узатилаётган энергиянинг нақ 32 фоизини ишлатишади.

1 ноябрдан кучга кирадиган ўзгаришнинг муҳимлиги шундаки, айнан шу 2 фоизни ташкил этувчи 146 мингта хонадон аксарият ҳолатларда ўзига тўқ ва бадавлат қатламдан иборат бўлиб, улар субсидия орқали арзонлаштирилган энергияни бошқаларга қараганда каррасига кўп ишлатгани учун, жуда катта ҳажмда бюджетдан билвосита субсидия олиб келяпти. 1 ноябрдан кучга кирадиган янги тартиб билан, бу қатламнинг истаганча миқдорда давлатдан ёрдам олиш имконияти йўқолади.

Бюджет сарфи, евробондлар ва Яндексга солиқ

Агар солиқлардан йиғилган халқ пулларини оқилона сарфлаш маданиятнинг бир белгиси деб олсак, Маданият вазирлиги маданиятсизлик бўйича намуна кўрсатаётган бўлиб чиқади. Вазир Озодбек Назарбеков артистлар порталини яратишга бюджетдан салкам ярим миллиард сўм ажратгани ана шундай мулоҳазага ундаяпти. Унинг 15 сентябрдаги буйруғи билан, Ўзбекистонда давлат мукофотлари билан тақдирланган маданият ва санъат соҳаси вакиллари порталини ишлаб чиқиш учун 488 млн сўм йўналтирилган.

Бу порталда давлат мукофотлари ва уларни олган санъаткорлар ҳақидаги маълумотлар жойланади. Сайтни ишлаб чиқиш бўйича давлат буюртмаси берилган компания тендер ўтказмасдан танлаб олинган. 51 фоизи вазирликнинг ўзига, 49 фоизи эса жисмоний шахсларга тегишли медиа марказ аввалроқ сайёҳлар учун гидлар реестрини яратиш бўйича 117 млн сўмлик, “Маданият марказлари” портали учун эса 530 млн сўмлик буюртмаларни олган. Эътиборлиси, 530 млн сўмлик портал ҳозир ишламаяпти.

Бюджетдан қилинаётган шу каби баҳсли харажатлар фонида, Ўзбекистон ташқи қарз бозорига қайтди. 6 октябр куни ҳукумат Лондон фонд биржасида иккита траншда янги облигациялар жойлаштириб, халқаро инвесторлардан қарийб 1 млрд доллар эквивалентида қарз олди.

Биринчи транш – 4 трлн 250 млрд сўмлик миллий валютадаги суверен облигация бўлиб, у “яшил” қимматли қоғоз мақоми билан ажралиб туради. Ундан келиб тушадиган маблағлар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, темирйўллар ва метрони ривожлантириш, аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш, шамол эрозиясига ва сув хўжалиги объектларининг қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш каби “яшил” лойиҳаларга ишлатилади. Миллий валютадаги 3 йиллик облигацияларнинг фоиз ставкаси кутилганидан пастроқ бўлиб, 16,25 фоизни ташкил этган.

Иккинчи транш – 660 млн доллар қийматдаги 5 йиллик облигациялар эса 8,125 фоиз ставкада жойлаштирилган. Бу – ўтган 4 йилда Ўзбекистон учун қарз олиш салкам 2 баробарга қимматлашганини англатади. Таққослаш учун, 2019 йилда чиқарилган 5 йиллик биринчи евробондларнинг фоиз ставкаси 4,75 фоиз эди. Орадан ўтган вақт давомида коронавирус пандемияси ва бошқа сабаблар билан халқаро қарз бозорида нархлар сезиларли кўтарилган. Хусусан, Ўзбекистон охирги марта суверен облигация чиқарган 2021 йил июлида 0,8 фоиз даромадлиликка эга бўлган АҚШ Ғазначилик облигацияларининг даромадлилиги ҳозир 4,7 фоизга етган.

Маълумот учун, йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети тақчиллиги режадагидан икки баробарга ошиб кетиб, ЯИМга нисбатан 6 фоизга яқинлашиб қолган, дефицит қисман қарз олиш ҳисобига қопланган эди. Биринчи ярим йилликда бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 5 трлн сўм ички, 1,7 трлн сўм ташқи қарз жалб қилинган.

Харажатлар ва даромадлар ўртасидаги бундай салбий номутаносиблик фонида, ҳукуматнинг ниҳоят Yandex Go сервисини солиққа тортишга жазм этгани ҳафта давомида жамоатчилик олқишига сазовор бўлди. Катта миқдорда айланмага эга сервиснинг Нидерландияда рўйхатдан ўтгани баҳонаси билан Ўзбекистонда солиқ тўламаётгани, мижозларга чек бермаётгани ва бошқа ҳолатлар яна бир бор муҳокамаларга сабаб бўлиши ортидан, Солиқ қўмитаси кутилмаган баёнот билан чиқди.

Маълум бўлишича, қўмита сентябр ойида Yandex Go такси хизмати олдига аниқ талаблар қўйган. Унга кўра, компания 1 декабргача Ўзбекистонда солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиб, ҳамма қатори солиқ тўлашни ва фискал чек беришни бошлаши керак. Солиқ органи агар бу талаб 2 ой ичида бажарилмаса, сервисни Ўзбекистонда блоклаш бўйича Рақамлаштириш вазирлигига мурожаат қилишини билдирди. Бунга жавобан Yandex Go қўмита талабларини бажарган ҳолда, 1 декабрдан кейин ҳам Ўзбекистондаги фаолиятини давом эттиришини эълон қилди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Қатар Ўзбекистон фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режимни жорий этди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг Доҳага ташрифи вақтида эълон қилинди. Ташриф давомида икки давлат ўртасида қатор янги ҳужжатлар имзоланди. Қатар компанияларидан бири Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомагистрал қуриши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Қатар амирининг июн ойида Тошкентга ташрифи арафасида Ўзбекистон ҳам қатарликлар учун визасиз режим жорий этган, Тошкентда Қатар элчихонаси очилган эди.

Рақамлаштириш вазирлиги Ўзбекистонда “мобил қуллик” бекор қилинишини эълон қилди. Бу – телефон рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш имконини беради. Бир неча йилдан бери ваъда қилинаётган янгилик тез орада амалиётга жорий этилиши айтилмоқда.

Йўллардаги камералар ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камарини тақишини ҳам назорат қила бошлади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабарига кўра, бу бутун республика йўлларида ўрнатилган барча камераларга тааллуқли. Шунингдек, ҳайдовчилар мактаблар ва боғчалар олдида тезликни 30 км/соатдан оширмай ҳайдашини махсус мосламалар ёрдам назорат қилиш бошланади.

Тошкент Ботаника боғи шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтишдан сақлаб қолинди. Бундай ташаббус Давлат активларини бошқариш агентлиги ишлаб чиққан ҳукумат қарори лойиҳасида кўрсатилган эди. Бундан хабар топган жамоатчилик боғ тақдиридан хавотирланиб, уни Фанлар академияси ихтиёрида қолдириш талаби билан бонг урди, академия, Сенат, экопартия ва президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева фаолларни қўллаб-қувватлаб чиқди. Натижада Давактив лойиҳанинг Ботаника боғига оид қисмини бекор қилди. Айни пайтда, шу лойиҳа асосида республика бўйлаб 195 та боғ ҳокимликлар ҳузурига ўтказилиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистонда темирйўл чипталари нархи оширилади. 20 октябрдан бошлаб, маҳаллий йўналишлардаги поезд чипталари нархининг тариф қисми 50 фоизга, “Афросиёб” электропоездлари чипталари тўлиқ нархи эса 100 фоизга оширилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” буни тарифлар 4-5 йилдан бери ўзгармай қолаётгани, бу вақт давомида харажатлар инфляция ҳисобига сезиларли ошгани билан изоҳлади.

Дайжестимиздаги сўнгги хабар: грин-карта мавсуми бошланди. Миллионлаб ўзбекистонликлар иштирок этадиган, АҚШ аҳолисининг этник хилма-хиллигини оширишга қаратилган виза дастурида қатнашиш учун 7 ноябргача ариза бериш мумкин. Ариза бериш жараёни – dvprogram.state.gov сайтида бепул тарзда анкета тўлдиришдан иборат. Американинг Тошкентдаги элчихонаси бу жараёнда фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирди.

Яна маълумот

5ff66e54-36aa-4a5a-b07e-8f4c76ee1d28_w1023_r1_s

ДХХ Чегара қўшинлари вакили SizdanTelegramда чиққан хабарга аниқлик киритди

ДХХ Чегара қўшинлари вакили Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятини Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан боғлаб турувчи «Водил» ўтказиш …