Главная / Без рубрики / Кераксиз матоҳни қадрли буюмга айлантириш санъати – Kun.uz’да «Оптимист» лойиҳасининг илк сони

Кераксиз матоҳни қадрли буюмга айлантириш санъати – Kun.uz’да «Оптимист» лойиҳасининг илк сони

Kun.uz ўз йўналишида ютуқларга эришаётган, ҳаётга позитив нигоҳ билан қарайдиган, қийинчиликларни некбин руҳда енгиб ўтишга ҳаракат қиладиган, янгича фикрга эга ёшлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Оптимист» лойиҳасини бошламоқда.

Лойиҳанинг биринчи қаҳрамони – Тошкентда кичик шахсий устахонасига эга Музаффар Юсупов.

У кераксиз нарсаларни қайта ишлаб, уларни одамларга қадрли буюмларга айлантиришнинг янгича йўлини топган. Ҳар хил кўчма чироқлар, совға қутилари, таклифномалар ясайди. Турли бўйинбоғлар ҳам тикади.

«Устахона шароитида ишлаётганимга кўп бўлмади. Лекин илк ишларимни болалигимда – меҳрибонлик уйида тика бошлаганман. Ранг-барангликни ва уни одамларга улашишни яхши кўраман.

Асосий хом ашёни кўчадан топиб олиб келаман. Кесилган ёки арраланган ёғоч бўлакларини, шохларни йиғиб келиб, турли нарсалар ясайман. Бундан ташқари, кераксиз қутилар, бўшаган идишлар ёки турли қисмларни ҳам йиғиб, ҳар хил кўринишдаги сувенир, кўчма чироқлар ясайман», – дейди суҳбатдошимиз.

Музаффарнинг айтишича, кераксиз буюмларни саралаётган пайтда одамлар ҳар доим ҳам тўғри муносабатда бўлавермайди.

«Мана шу кераксиз чиқиндилардан чиройли нарсалар ярата олишимга ишонаман», – дейди у.

«Ҳар битта ишимнинг исми бор»

«Баъзи ишларимни 2-3 ой давомида ясайман. Баъзилари эса муттасил ва тез меҳнат билан яратилади.

Масалан, газета кўринишидаги кўчма чироқни 16 соат давомида тўхтамасдан ясаганман. Ёки миллий нақшдаги кўчма чироқлар ҳам ишлов бериш учун кўп вақт ва эътибор талаб қилади.

Ғиштдан ясалган кўчма чироқ учун ҳам анча вақтим кетган. Чунки ғишт жуда қаттиқ бўлгани учун унга ишлов бериш осон эмас.

Бу нарсаларни сотишни умуман хоҳламайман. Чунки уларни одамларга кўрсатмоқчиман. Ҳар битта ишимнинг ўз исми бор».

«Бошқалар устимдан кулишига имкон қолдирмаганман»

«Энг биринчи тиккан ишим эшак бўлган. Жуда чиройли чиққани учун тарбиячимиз олиб қўйганди. Кейин билсам, бизга ҳомийлик қилишни хоҳлаган инсонлардан бирига болалар номидан совға сифатида берган эканлар. Шундан сўнг жуда кўп нарсалар тика бошладим.

Баъзида болалар ўйинчоқ тикаётганим учун устимдан кулишарди. Мен эса ўзимни хафа қилдирмаслик учун футбол ўйнашни яхши ўргандим ва улардан ўзиб кетдим. Кейинчалик стол тенниси, бадминтонда ҳам яхши натижалар кўрсатдим», – дея болалик хотираларини эслади қаҳрамонимиз.

Нега айнан Черчилл бренди?

Музаффар яратган нарсаларини Уинстон Черчилл бренди билан танитишни хоҳлайди. Унинг айтишича, Британия тарихидаги энг таниқли бош вазирлардан бири умри давомида энг кўп бўйинбоғ таққан инсон сифатида тарихда қолган.

«Бўйинбоғларни меҳр билан тикаман. Черчил эса уни умри давомида тақиб юрган», – дея изоҳ берди у.

Қаҳрамонимиз яқин орада ўз ишлари тақдимотини ўтказишни режалаштирмоқда. Унинг энг асосий мақсадларидан бири – миллий нақшда ўзбек брендини яратиш.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Яна маълумот

5ff66e54-36aa-4a5a-b07e-8f4c76ee1d28_w1023_r1_s

ДХХ Чегара қўшинлари вакили SizdanTelegramда чиққан хабарга аниқлик киритди

ДХХ Чегара қўшинлари вакили Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятини Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан боғлаб турувчи «Водил» ўтказиш …