Главные новости
Главная / Сиёсат / Индамаслик – розилик аломати эмас». Шерзод Шерматов рус тилига расмий тил мақомини бериш бўйича мунозараларга қўшилди
<

Индамаслик – розилик аломати эмас». Шерзод Шерматов рус тилига расмий тил мақомини бериш бўйича мунозараларга қўшилди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Фейсбукдаги саҳифасида давлат тили атрофида бўлаётган муноазаралар юзасидан пост қолдирди.

«Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил 30 йил тўлади. Биз бу санани яхшилаб нишонлашга тайёргарлик қилиш ўрнига, қайсидир «зиёлилар»нинг рус тилини ҳам расмий тил этиб белгилаш керак деган таклифига индамай ўтирибмиз…

«Индамаслик — розилик аломати» деб қабул қиладиганлар ҳам топилиб, бу қайсидир «зиёлилар» позицияси эмас, айнан Давлат томонидан олдинга сурилган таклиф, деб ҳам талқин қилаётганларни кўриб, ўз фикримни билдиришим зарурлигини тушуниб етдим.

Мактабдаги кезларимда ўзбекча гапиришдан ор қиладиганлар орасида ўзига хос стереотип бўларди. Худдики фақат русчада ўқиганлар яхшироқ билимга эга, оддий ўзбек мактабида ўқиганлар эса яхши ўқимагандек қабул қилинар эди. Инглиз тилидаги факультетга ўтиб, барчага тенг шароит яратилганда бу стереотипнинг хато эканлиги яққол кўриниб қолди.

Яъни мактабда рус тилида ёки ўзбек тилида ўқиганлар бемалол инглиз тилидаги ўқишда тенгма-тенг рақобат қилар эдик. Оддий ўзбек тилидаги мактабни битириб, ҳар ҳолда АҚШдаги энг нуфузли университетлардан бирида ўқиш ва кейинчалик катта лавозимларда ишлаш насиб қилди. Бу ҳам, айнан мамлакатимиз Мустақилликка эришганидан кейингина яратилган имкониятлар туфайли бўлди.

Мамлакатимиз ўз Мустақиллиги йўлини танлаган ва бу йўлдан четлашишга ҳеч ким йўл қўймайди. Ҳозирги вақтда, барчамиз ўз она тилимиз, миллатимиз ва маданиятимиз билан фахрланишга ўрганишимиз керак.

Чет тилларини имкон борича ўрганавериш керак, лекин бу деган ўз она тилини эсдан чиқариш дегани эмас. Шунинг учун ҳам, Президент мактабларига маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари номзодларига очиқ танлов эълон қилган эдик. Бу мактабларнинг битирувчилари чет тили ва замонавий билимларга эга бўлгани ҳолда, энг асосийси ҳақиқий ватанпарвар ва юксак маънавиятли бўлиб етишиб чиқишлари шарт.

Ўз тилимиздан ва миллатимиздан ғурурланиш ҳиссига эга бўлсаккина мамлакатимиз ривожланишига эриша оламиз», — дея фикр билдирган халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўз постида.

30 апрель куни vesti.uz сайтида эълон қилинган мурожаатда муаллифлар Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш, бунинг учун мамлакат қонунчилигига зарур ўзгартириш киритишни таклиф қилишганди.

Улар 1995 ва 2004 йилларда янги таҳрирда қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги қонунда рус тили «миллатлараро мулоқот тили» сифатида эслатилмаганига эътироз билдиришган.

Ташаббускорлар рус тили орқали ўзбек миллати нафақат «буюк рус маданияти, балки жаҳон маданияти ва илм-фани билан танишгани»ни иддао қилишган.

Бу мурожаат кейинги кунларда ижтимоий тармоқлардаги энг фаол муҳокама қилинаётган мавзу бўлиб турибди ва интернет фойдаланувчиларининг аксар қисми бу ташаббус ва унинг ташаббускорларига кескин норозилик билдиришмоқда.

Бундан аввалроқ Миллий тикланиш партияси ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати рус тилига расмий тил мақомини бериш ҳақидаги мунозаралар бўйича баёнотлар билан чиқишганди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

zkc-mhxxpw0h812epec7ey8oj8jk6j0j

Сенат раисига қўшимча ваколатлар берилди

Ўзбекистон Республикаси президенти «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмлари жорий …