Главная / Жамият / Оққўрғондаги оила нимадан заҳарланди?

Оққўрғондаги оила нимадан заҳарланди?

Оққўрғон туманида бир оиланинг 7 аъзоси номаълум моддадан заҳарланиб, улардан 4 нафари ҳалок бўлди. Туман санэпид хизмати раҳбарининг Kun.uz’га айтишича, белгилар овқатдан заҳарланиш аломатларига ўхшамаган. Прокуратура терговга қадар текширув ўтказяпти.

Ўтган ҳафта Тошкент вилоятида бир оиланинг 7 нафар аъзоси овқатдан заҳарланиб, улардан 4 нафари вафот этгани ҳақида аввал хабар бергандик. Kun.uz мухбири вилоятнинг Оққўрғон туманига бориб, фожиали ҳолат тафсилотларини ўрганди.

 Оммавий заҳарланиш ҳолати туманнинг «Бирлик» МФЙга қарашли Охунбобоев кўчасидаги хонадонлардан бирида содир бўлган. Оила аъзоларидан 1961 йилда туғилган З.А., 1978 йилда туғилган М.Х., 1982 йилда туғилган С.Х.лар воқеа жойида вафот этган. Оиланинг омон қолган аъзолари Оққўрғон туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.

«17 феврал куни соат 14:25 да тез ёрдамда икки ака-ука олиб келинди. Бири 2002 йилда туғилган, иккинчиси 2004 йилда. Оғир аҳволда эди. Зудлик билан реанимацияга ётқиздик ва биринчи ёрдам кўрсатдик. Биринчи тахминий ташхисимиз номаълум генезисли заҳарланиш бўлди. Қилган ҳаракатларимизга қарамай, ака-укаларнинг кичкинаси бир соатда вафот этди. Акасини бир кун сақладик ва вилоятдаги шифокорлар билан келишиб, РШТЁИМга ўтказдик. Ҳозир ўша ерда жонлантириш бўлимида даволаняпти», – дейди туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч бўлими мудири Латиф Қосимов.

Латиф Қосимов

У ерда оиланинг яна икки аъзоси – 2011 йилда туғилган Т.Х. ҳамда 2021 йилда туғилган А.Х.ларга ҳам ёрдам кўрсатилгач, ўша куни РШТЁИМнинг Тошкент вилоят филиалига ўтказилган. Шифокорларнинг айтишича, ҳозирда болаларнинг ҳолати яхши.

Ҳолат ҳақида хабар берилгач, хонадонга озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олиш учун туман санитария-эпидемиология хизмати ходимларидан иборат гуруҳ ҳам етиб борган.

«Дастлаб борган пайтимизда 3 киши вафот этганининг гувоҳи бўлдик. Ваколат доирамизда шубҳа қилинган барча озиқ-овқат маҳсулотларидан қовурилган балиқ, мошхўрда, очилган икра, ичилган компот ҳамда қўшимча ишлатиладиган барча маҳсулотлардан: қуруқ чой, шакар, туз, макарон, гуруч, сосиска каби маҳсулотлардан олиб, санитария-гигиена лабораториясига ва бактериологик таҳлил бўлимига намуналар топширдик», – дейди Оққўрғон тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Зуҳра Достонова.

Зуҳра Достонова

Унинг маълум қилишича, таҳлил натижалари 7-12 кун орасида чиқади. Таҳлил учун олинган озиқ-овқат маҳсулотларининг қайси биридан заҳарланиш хавфи юқори бўлиши мумкинлиги ҳақида сўраганимизда, Зуҳра Достонова қуйидагиларни қўшимча қилди:

«Бу ҳақда натижалар чиқмасдан бир нарса дейиш қийин… Биз хабарни олишимиз билан 10 дақиқа ичида етиб бордик. Хонадонга кириб кўрганимизда, вафот этганларнинг таналари кўкарган, лаблари шишган, оғизларидан кўпик ва бурунларидан қон отилган ҳолатда эди. Симптомлар овқатдан заҳарланиш ҳолатига ўхшамасди. Овқатдан заҳарланиш бўлганда, бирламчи ич кетиш, қайт қилиш, тана ҳарорати кўтарилиши каби ҳолатлар бўлади. Бундай тўсатдан ўлиб қолиш ҳолатлари учрамайди овқатдан заҳарланишда. Таҳлил натижалари ҳафта-ўн кунда тайёр бўлади. Ундан сўнг яна қўшимча маълумотимизни берамиз».

«Бирлик» маҳалласига бориб, оиланинг яқин қариндошларидан бири, марҳумнинг укаси билан гаплашдик. У мазкур фожиа сабаб ота-онасиз қолган жиянларини опекун сифатида ўз қармоғига олганини маълум қилди. Шунингдек, ҳамма нарса ойдинлашмагунча бирор изоҳ беришни истамаслигини айтди.

Ҳозирда марҳумларнинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайёрланган. Ҳолат юзасидан Оққўрғон тумани прокуратураси терговга қадар текширув ўтказяпти. Kun.uz мухбирига туман прокуратурасининг шу ишга масъул терговчиси Шахзод Деҳқонбоев экспертиза хулосалари якунига кўра қўшимча маълумотлар берилишини айтди.

Ма

Яна маълумот

nupwfes8jzf5puqvdrt-ygahb6nviogs

Қайси касалликларда Фитотерапия самарали таъсир қилади?

Шифобахш ўсимликлардан тайёрланган дорилар қайси касалликларга самарали таъсир қилиши ҳақида маълумот берилди. Шифобахш ўсимликлар қадимдан …