Байрам муносабати билан ходимлар кетма-кет 3 кун дам олиши мумкин.
Ўзбекистонда 2024 йилда Рамазон ҳайити 10 апрел, чоршанба кунига тўғри келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.
«Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг навбатдаги онлайн мажлисида Рамазон ҳайитини кўтаринки руҳда ўтказишга оид кун тартибидаги бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, дунёдаги йирик фатво идоралари ва нуфузли астрономия институтлари ахборотлари батафсил кўриб чиқилди. Туркий давлатлар диний идоралари масъуллари билан ҳам ушбу масала кенг муҳокама қилинди», дейилади хабарда.
Мусулмонлар идораси фиқҳий қоидалар, фалакий ҳисоб-китоблар ва астрономик кузатишларга таянган ҳолда Рамазон ҳайити 2024 йил 10 апрел, чоршанба кунига тўғри келиши кутилаётганини маълум қилган.
Президентнинг 2024 йилда қўшимча дам олиш кунларини белгилаш бўйича фармонига асосан 11–12 апрел кунлари барча ходимлар учун дам олиш куни этиб белгиланган.
Ходимлар Рамазон ҳайити муносабати билан 3 кун кетма-кет дам олишади
Байрам 10 апрел кунига тўғри келиши муносабати билан, дам олиш кунлари кетма-кетлиги қуйидагича бўлади:
- 10 апрел, чоршанба — Рамазон ҳайити куни;
- 11 апрел, пайшанба — барча учун қўшимча дам олиш куни;
- 12 апрел, жума — 13 апрел, шанба кунидан кўчирилган дам олиш куни.
Шунингдек,
- 13 апрел, шанба — барча учун иш куни;
- 14 апрел, якшанба — барча учун дам олиш куни бўлади.