Вазирлик ректорларни сайлашга тайёр эмас: тайёр бўлиши учун яна 30 йил керакми? Олимлар 5 йиллик аномал ёздан огоҳлантирди: энергетика ислоҳоти кечиктирилгани қимматга тушмайдими? Алишер Султоновга лавозим берилгани сир сақланди: бу унинг салбий имижи билан боғлиқми? Якунланаётган ҳафтанинг асосий хабарлари – Kun.uz дайжестида.
3 йиллик танаффусдан кейин: ОТМга тестлар ёпиқ павильонларга қайтади
Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ чекловларнинг энг охиргиси ҳам расман бекор бўлди. Бу йил олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари, ковиддан аввалги йиллардаги каби, ёпиқ павильонларда ўтказилади. Олий таълим вазирлигининг маълум қилишича, тестларни ўтказиш учун республика бўйлаб 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинган. Эслатиб ўтамиз, охирги 3 йилда инфекция хавфи сабабли кириш имтиҳонлари очиқ осмон остида, стадионлар ва хиёбонларда ўтказиб келинаётганди.
Ўтган йили имтиҳонларда 1 млн 74 минг абитуриент қатнашиб, улардан бор-йўғи 176 минг нафари ўқишга кира олган. Талаб юқори, таклиф эса жуда чекланган шароит доимгидек коррупция ва фирибгарлик ҳолатларига олиб келяпти. Бу борадаги жиноятларнинг янги мавсуми ҳам старт олди. Наманганда 4 минг доллар, Сирдарёда 5100 доллар, Самарқандда эса 7200 доллар миқдоридаги олди-бердилар вақтида қатор шахслар қўлга олинди.
Лекин олий таълим бўйича ҳафтанинг энг кўп муҳокама бўлган мавзулари булар эмас. Олий таълим вазирлигининг департамент бошлиғи Абдували Холиқов “ректорларни сайлашга тайёр эмасмиз” дейиши ортидан, ижтимоий тармоқларда танқидга қолди.
“Энди мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, буни очиқчасига айтиш керак. Мутахассис сифатидаги шахсий фикрим – ректорларни сайлашга тайёрмасмиз”, – деди вазирлик расмийси.
Бу фикрлар президент сайлови арафасида янграгани истеҳзоларга сабаб бўлди. Энг катта мансаб эгаси – давлат раҳбарини сайлай оладиган одамлар қандай қилиб ҳокимларни ёки ректорларни сайлай олмаслиги мумкин? Шунинг учун, аниқроқ айтганда, одамлар тайёр, тизимнинг ўзи тайёр эмас, дейиш тўғрироқ бўларди.
Самарқанд 100 та электробусли бўлади
Ҳафтанинг асосий хушхабарлари Самарқандда ўтган Европада тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчилари конференцияси билан боғлиқ бўлди. Банкнинг беғараз ёрдами асосида Наманган ва Фарғонада 15 та мактаб қуриладиган бўлди. Имзоланган шартнома асосида, халқаро ташкилот бунинг учун 55-75 млн доллар атрофида грант ажратади. Мактаблар етишмовчилиги борган сари ўткирлашиб бораётган ҳозирги вазият учун бу жуда яхши янгилик.
Бундан ташқари, ЕТТБ Самарқанд учун 100 та электробус сотиб олишга 49 млн доллар имтиёзли қарз беради. Бу маблағга 10,5 метр узунликдаги электробуслар харид қилишдан ташқари, улар учун керакли инфратузилма ҳам барпо этилади. Шу тариқа, Самарқанд – ЕТТБнинг “Яшил шаҳарлар” лойиҳасига қўшилган Ўзбекистондаги биринчи шаҳар бўлади.
Ғарбда катта нуфузга эга бўлган бу банкнинг Ўзбекистонга киритган жами инвестициялари 4 млрд доллардан ошади. Ўз қадриятларига эга ташкилот билан алоқалар биринчи президент ҳокимиятининг охирги йилларида деярли тўхтаб қолган эди. 4 миллиардлик инвестициянинг 80 фоизи охирги тўрт йилга тўғри келади. Конференция очилишида сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни қўллаётгани учун халқаро ташкилотга миннатдорлик билдирди. Президент ўз нутқида иқтисодиётни эркинлаштириш ҳақида гапириб, яна бир бор Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласига тўхталди. “Ушбу йўналишда бу йил салмоқли натижаларга эришишимизга ишонаман”, – деди президент.
ЖСТга аъзолик ҳақида, конференция доирасидаги сессияларда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳам гапириб ўтди. “ЖСТга аъзо бўлишимиз маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун катта имкониятлар яратади. Бозорга кириш – рақобат дегани, бу чақириқни қабул қилишга тайёрмиз”, деди ҳукумат вакили. Унинг қўшимча қилишича, давлат субсидияси асосида ишлаётган компаниялар эркин бозор шароитида ишлай олиши учун ҳозирги стратегиясини қайта кўриб чиқиши керак.
Энергетика: Аномал ёз башорати ва Султоновнинг қайтиши
Самарқанддаги конференция доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar ва TAQA компаниялари билан 3,8 млрд долларлик энергетика лойиҳалари бўйича битимлар имзоланди. Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи доирасида эса, айнан энергетика бўйича 5-6 млрд долларлик келишувларга эришилгани айтилди. Булар, асосан, қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш, электр узатиш тармоқларини янгилашга қаратилган.
Агар гап ростдан ҳам миллиардлаб долларлик тўғридан тўғри инвестициялар ҳақида кетаётган бўлса ва бу лойиҳалар қоғозда қолиб кетмай, ҳақиқатан ҳам амалга ошса, бу – жуда яхши янгилик. Чунки тўғридан тўғри инвестиция бу кредит эмас, бунда молиялаштирувчи томон маблағининг қайтмаслиги рискини ҳам ўз зиммасига олган бўлади.
Умуман, энергетика – энг кўп сармояга муҳтож соҳалардан. Соҳадаги инқирозли вазиятни қиш ва ёз ойларида миллионлаб ўзбекистонлик ўз танасида ҳис қилади. Афсуски, табиат биз тизимни ўнглаб олишимизни кутиб ўтирмоқчи эмас. Шу ҳафта Жаҳон метеорология ташкилоти эълон қилган прогнозга кўра, олдинда бизни кутаётган 5 та ёз дунё тарихидаги энг иссиқ ёз фасллари бўлади. Тахминларга кўра, 2023-2027 йиллардаги ёз фаслларида сайёрада рекорд даражада иссиқ кузатилиши, ўртача ҳарорат 1,5 градусга кўтарилиши мумкин. БМТ ҳузуридаги халқаро ташкилот эълон қилган огоҳлантиришда айтилишича, олдиндаги 5 та ёз фаслидан бири ёки умуман шу 5 йиллик даврнинг ўзи иқлим мониторинги тарихидаги энг иссиғи бўлиши эҳтимоли 98 фоизга тенг.
Экспертларнинг изоҳлашича, глобал миқёсда кутилаётган аномал иссиқ ҳароратга иккита сабаб бор. Биринчиси – иссиқхона эффектини ҳосил қилувчи газларнинг атмосферага ҳаддан ташқари кўп чиқарилаётгани. Иккинчи сабаб – 2 йилдан 7 йилгача бўлган даврда такрорланиб турадиган Эл-Ниньо номли табиат ҳодисаси. Бу ҳодиса вақтида Тинч океанининг экваторга яқин қисмидаги сувлар юзасида ҳарорат кўтарилиб, тропик зоналардаги ёғингарчилик меъёри бузилади, натижада бутун дунё миқёсида экстремал иқлим ҳодисалари рўй беради. Бу эса инсонлар саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларни кучайтиради.
Ўзбекистонга қайтсак. Ўтган дайжестимизда хабар берганимиздек, президент масъулларга ёзда энерготизим барқарор ишлашини таъминлаш вазифасини юклаган. Шу ҳафта маълум бўлишича, Тожикистон билан одатдагидан кўпроқ электр энергиясини импорт қилиш бўйича шартнома имзоланган. Унга кўра, Тожикистон 2023 йилнинг май-сентябр ойларида Ўзбекистонга салкам 1,3 млрд кВт/соат энергия етказиб беради. Расмийларнинг айтишича, бу – сўнгги бир неча йил ичидаги рекорд кўрсаткичдир.
Энергоинқирознинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар ичида энг асосийларидан бири – газ ўғриликларига қарши курашиш. Ҳозирги вазият шундайки, ҳали у ерда, ҳали бу ерда миллиардлаб сўмлик газ ўғирлангани ҳақидаги хабарлар тез-тез чиқиб туради, лекин ҳали бирорта ҳам компания “мен қазиб олган ёки ташиб берган газимни ўғирлашди” деб шикоят қилган эмас. Бозор иқтисодиётидан узоқ бундай шароитда, муаммони электрон ҳисоблагичлар орқали осонгина ҳал қилиш мумкин. Бу ишга ниҳоят мана энди қўл уриляпти. Шу ҳафта эълон қилинган қарорга кўра, 1 июлгача Ўзбекистондаги барча табиий газни қабул қилиш ва узатиш нуқталарига онлайн электрон ҳисоблагичлар ўрнатилади. Бу ҳисоблагичлар солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниб, ягона автоматлаштирилган табиий газ ҳаракати тизими жорий этилади.
1 октябрдан бошлаб, Ўзбекистондан табиий газни қувурлар орқали ташийдиган корхоналарнинг газни қабул қилиш ва узатиш нуқталарига хроматограф ва электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши мажбурий бўлади. Табиий газ ва суюқ углеводородларни сотиш шартномаларини махсус ахборот тизимига киритиб бориш талаб қилинади.
Йиғилган маълумотлар асосида катта қинғирликлар аниқланган тақдирда қандай йўл тутилади, энг асосийси, очиқ ва рақобатли бозорни яратишга қаратилган энергетика ислоҳоти бўладими, бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ. Ҳукуматнинг ҳаракатларидан англаш мумкинки, эркин бозорни яратиш масаласи ортга сурилган. Бунинг ўрнига, генерацияни кўпайтириш учун янги станциялар қуриш ва имкон қадар кўпроқ қуёш панелларини ўрнатиш асосий кун тартибида бўлиб турибди.
Куни кеча президентнинг энергетика бўйича маслаҳатчиси лавозими ташкил этилгани маълум бўлди. Бу лавозимга 2019-2022 йилларда энергетика вазири бўлиб ишлаган Алишер Султонов тайинланган. Тайинлов қачон рўй бергани маълум эмас.
Аслида, Султонов президентнинг энергетика бўйича маслаҳатчиси бўлгани ҳақида бир неча ҳафта олдин хабарлар тарқалган эди. Унинг халқ орасидаги имижини ижобий деб аташ қийин бўлгани учундир балки, бу ҳақда расман эълон қилинмай келди. Фақатгина журналистлар унинг исм-фамилияси ва лавозимини Тошкентдаги халқаро конференция графигида кўриб қолганидан кейингина тайинлов расман тасдиқланди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Хитойнинг Сиан шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги биринчи саммит бўлиб ўтди. Таҳлилчиларга кўра, бу саммит, Россиянинг заифлашиши ва АҚШнинг Афғонистондан кетиши фонида, Хитой Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтиришга уринаётганини англатади. Саммитда Хитой Марказий Осиё давлатларига 3,8 млрд доллар беғараз ёрдам ажратиши эълон қилинди. Маълум қилинишича, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилишининг техник-иқтисодий асослари тайёр бўлган, эндиликда асосий музокаралар лойиҳани амалга оширишнинг молиявий томонларига қаратилади.
Тошкентдаги модалар ҳафталиги ижтимоий тармоқда жиддий танқидларга сабаб бўлди. Ҳафталик доирасида намойиш қилинган либослар орасида очиқ-сочиқ кийимлар борлиги, бир нечта ҳолатда ҳатто аёлларнинг кийимларини эркаклар кийиб чиққани ҳазм қилиб бўлмас ҳолат деб баҳоланяпти. Мода ҳафталиги ташкилотчиси Дилноза Умрзоқова бунга 20 ёшли талаба қизнинг импровизацияси деб изоҳ берди. Унинг айтишича, репетиция пайтида кийимларни аёл модельерлар кийган, лекин намойиш олдидан ёш дизайнер импровизация қилишни хоҳлаб, либосларини эркакларга кийдириб юборган. Таъкидлаш керак, ташкилотчининг бу гапларига ишонмаётганлар талайгина. Камига, Абдулла Қодирийнинг уй музейида СССР байроғи тасвиридаги либос намойиш этилди.
Кореяга ишга юборишдаги коррупцион схема қандай ишлаши фош бўлди. Маълум бўлишича, талабгор корейс тилини билмаса ҳам, пулини берса бўлди, уни имтиҳонга киритишади, жавобларни эса айтиб туришади. Бир кишини имтиҳондан ўтказиб қўйиш нархи 6 минг доллар атрофида. Бошқа тафсилотлар билан YouTube каналимиздаги суриштирув орқали танишинг. Қўшимча қилиб ўтамиз, бу коррупцион схема ҳақидаги суриштирувларимизга бирорта ҳуқуқ органидан реакция бўлмаяпти.
Onix ва Tracker’нинг янги комплектациялари яқин кунларда сотувга чиқади. Бу ҳақда маълум қилган UzAuto вакилининг ишонтиришича, кузда тақдимот қилинган комплектацияларнинг нархлари ўзгаришсиз қолади. Компания, шунингдек, 1 июндан бошлаб Cobalt ва Lacetti 20-23 минг доллардан сотувга чиқиши ҳақидаги хабарларни рад этди. Салкам ярим йилдан бери сотилмаётган бу бюджет моделлари учун шартнома бериш қачондан бошланиши номаълумлигича қоляпти.
Ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан танилган Шукрулло Эгамбердиев Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этилди. Мусулмонлар идораси унга ҳайфсан интизомий жазосини ҳам қўллаган. Эгамбердиев “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби лавозимидаги фаолиятини давом эттиради. Унинг жазоланишига катта эҳтимол билан меҳнат муҳожирлари ҳақида айтган гаплари сабаб бўлган. Эгамбердиев Россиядаги ўзбек мигрантларини “ўқимагани учун қул бўлиб юрибди” деган мазмунда ҳақоратлаши ортидан, бир қатор муҳожирлар унга қарши видеомурожаатлар эълон қилган эди.