Бу ерда яшовчи аҳоли вазият асирига айланган. Исроил ҳукумати бу ҳудудни тарк этишга чақирган, аммо уларнинг борар жойи йўқ.
7 октябр тонгида Яқин Шарқда янги уруш бошланди. ҲАМАС ҳаракати Исроил бўйлаб минглаб ракеталар учиришди, қуролланган гуруҳлар чегарани бузиб ўтиб аҳоли яшаш манзилларига ҳужум қилишди, юзлаб кишилар ўлдирилди ва гаровга олинди (улар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам, ҳарбийлар ҳам бор). Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо сектори бўйлаб ўт оча бошлади: 9 октябрга ўтар кечасининг ўзида исроилликларнинг ракеталари 500 дан ортиқ нишон бўйлаб зарба берган.
Ғазо сектори расман Фаластиннинг бир қисми саналади, аммо Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган Фаластин мухторияти маъмурияти амалда бу ҳудудни 2007 йилдан буён назорат қилмайди, ўшанда бу ҳудудда ҳокимиятни ҲАМАС ҳаракати аъзолари куч билан эгаллаб олишганди. Унинг аъзолари сони аниқ эмас, аммо бу максимум ўн минг кишини ташкил этади. Бутун Ғазо секторида яшовчи аҳоли сони — АҚШ Марказий разведка бошқармасининг 2020 йил июлидаги маълумотларига кўра, икки миллион атрофида. Шу билан бирга секторнинг жами майдони — атиги 360 квадрат километрни ташкил этади, яъни бу ер дунёда аҳоли энг зич яшовчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. ҲАМАС ўз ҳарбий объектларини тўғридан тўғри аҳоли яшаш уйлари, масжидлар, мактаблар, шифохоналар яқинига жойлаштирган — қисман шунчаки жой етишмаслиги туфайли, қисман исроиллик ҳарбийлар бу нишонларга зарба беришини қийинлаштириш мақсадида.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 7 октябр куни ҲАМАСни йўқ қилишга ваъда берган ва Ғазо сектори аҳолисини «зудлик билан кетиш»га чақирганди — аммо амалда икки миллион кишининг кетар жойи йўқ.