Ўзбекистон президенти Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Тошкентда иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг энг муҳим муаммоларини тезкор ҳал қилишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд.
Эксперимент доирасида Тошкент шаҳар ва унинг таркибига кирувчи туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари негизида халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида тегишли ҳоким томонидан тузилмаси ва штатлари белгиланадиган ва ўзгартириладиган Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари девонларини ташкил этилади.
Вазирлар Маҳкамасига 1 декабрга қадар муддатда халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига «Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида«ги қонун лойиҳасини киритиш юклатилди.