Пандемия даври барча соҳалар қатори футболда ҳам кескин ўзгаришлар даврига сабаб бўлди. Kun.uz сайти мухбири Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби етакчиси Одил Аҳмедов билан видеоконференция орқали боғланиб, Ўзбекистон миллий жамоаси, легионерларимиз ва Хитой чемпионати борасида суҳбатлашди.
Хитойдаги вазият, Шанхайдаги оиласиз ҳаёт ва ўзгарган чемпионат ҳақида
– Хитойнинг Шанхай шаҳридаман. Уч ойдан кўпроқ вақт давомида машғулотларда қатнашиб юрибмиз, бироқ ҳали чемпионат бошланганича йўқ, дея гап бошлади Одил Аҳмедов.
– Хитой Суперлигаси ўйинлари қачондан бошланиши режалаштирилган?
– 25 июлдан бошланадиган бўлди. Клублар иккита гуруҳга саккиз жамоадан бўлиниб, иккита шаҳарда қароргоҳларда йиғилишади. Ўша ерда 14 ёки 17тадан ўйин ўтказишимиз режалаштирилган. Ўйинлар тақвими ҳали маълум қилинмаган.
– Демак, чемпионат формати ҳам ўзгаради, шундайми?
– Худди шундай. Бу форматга кўра, жамоалар иккига бўлинди. Икки гуруҳда ҳам кучли тўртталик аниқлангач, чорак финал, ярим финал ва финал орқали ғолиб номи аниқланади.
– Ҳамма легионерлар жамоага етиб келдими?
– Келган. Охиргилардан бўлиб Марко Арнаутович етиб келди. У ҳали жамоага қўшилгани йўқ, чунки ҳозир икки ҳафталик карантинда. Тез орада сафга қўшилади.
– Пандемия сабаб клубнинг мақсадлари ўзгармадими?
– Йўқ, ҳар доимгидек ҳар бир турнирда ижобий қатнашиш мақсад қилинган.
– Тошкентдан Шанхайга қачон қайтдингиз? Пандемия даврида Хитойда яшаш тарзи қай даража ўзгарган?
– Пандемия бошланганида ҳаммамиз уйимизга кетган эдик. Кейинчалик БААда йиғинда бўлдик. Чунки ўйинлар қачон бошланишини ҳеч ким билмасди. Кўп ўтмай, ОФК Чемпионлар лигаси ўйинлари санасини ҳам бошқа муддатга кўчиргач, бизга қарийб бир ойга жавоб берилди. Шунча пайт Ўзбекистонда бўлдим. Клубдан қўнғироқ бўлгач, 20 март куни яна Шанхайга етиб келиб икки ҳафта давомида уйда карантинда ўтирдим. Бу вақтда жамоа машғулотларни бошлаганди ва мен ҳам йиғинга қўшилдим. Мана уч ой ўтдики, ҳали ҳам тайёргарлик кўриб юрибмиз. Шанхайда оиламсиз ҳаёт жуда зерикарли. Ҳозирги шароитда таваккал қилишни истамай, оиламни ташлаб ўзим келгандим. Бу ерда одатий ҳаёт тарзи қайтган. Аммо қаерга бормасангиз ҳамма жойда эҳтиёт чоралари кучайтирилган. Ресторанга ҳам, супермаркетларга ҳам киришда иссиғингизни ўлчаб, ҳужжатларни текшириб, тестдан қачон ўтганлигингизни кўришади. Яқинда Пекинда вазият оғирлашган дейишди, лекин Шанхайда ҳаммаси жойида.
– Сизнингча, карантин даври футболга қанчалик таъсир ўтказади? Умуман, охирги расмий ўйинингизни эслай оласизми?
– Футболни соғинсак-да, энг аввало соғлиқ туради. Карантин жорий этилгани одамлар саломатлиги учун қилинди. Энг тўғри йўл шу эди. Секин-аста ҳамма нарса жойига тушаяпти. Бу ҳам Худонинг бир синови бўлса керак.
– Жисмоний ҳолатингиз қандай? Куз ойида Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинларигача қандай ҳолатда бўласиз?
– Биласизми, бир йил давомида машғулот ўтказсангиз ҳам, битта ўйиннинг тажрибаси бошқа бўлади. Шу боис жисмоний ҳолат қачон яхши бўлади – расмий ўйинлар кўп бўлса. Расмий ўйинда майдонга тушганимга 5 ой бўлаяпти. Тез орада чемпионат бошланса, жисмоний ҳолатимизни яна тиклаб оламиз.
«Миллий жамоадан 2-3 нафар футболчи билан гаплашаман, Халк билан яқин алоқадамиз»
– Миллий жамоамиздаги футболчилар билан алоқада бўлиб турибсизми?
– Биласиз, миллий жамоамиздаги футболчиларнинг аксари ёшлар. Энг ёши каттаси ҳозирча менман. Шу боис ҳар замонда гаплашиб турамиз, аммо кўп эмас. Жалолиддин Машарипов, Жамшид Искандеров, Достон Турсуновлар ёзиб туришади. Қолганлари билан деярли гаплашмайман. Ўзи миллий жамоада ҳам йиғилганда жуда кам мулоқотда бўламиз.
– Хитойда клубингиз футболчилари билан қанчалик яқин алоқадасиз?
– Клубимда ҳам миллий жамоаларда ўйнайдиган футболчилар бор. 2-3 нафари билан алоқаларимиз яхши. Айниқса, легионерлардан бразилиялик Халк билан муносабатимиз анча яхши, борди-келдимиз бор.
– Бу йил бир қатор футболчиларимиз легионерга айланишди. Аммо уларнинг аксарияти Жанубий Корея, Хитой ёки бошқа давлатларнинг олий лигаси эмас, қуйи дивизионларига ўтгани миллий жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамовнинг ташвишланишига сабаб бўлди. Жамоа сардори сифатида сиз бунга қандай қарайсиз?
– Таққослаш қанчалик тўғри билмадим-у, лекин Хитойнинг ҳам Кореянинг ҳам биринчи лигалари ёмон эмас. Яъни, ўша чемпионатларнинг ҳам асосий мураббийлари ва футболчиларини хорижликлар ташкил қилади. Шу боис улар Хитой ёки Кореяни қуйи дивизионига йўл олса ҳам буни нормал ҳолат деб тушунаман.
– Карантиндан кейин аксарият легионерларимиз ҳали формаларини тиклай олмагандек таассурот уйғонмоқда. Айтайлик, Икром Алибоев Кореяда, Элдор Шомуродов Россияда аввалги сермаҳсуллигини намойиш эта олмаяпти. Бу ўткинчи ҳолатми ёки мухлисларнинг хавотирида асос борми?
– Бу энг аввало ҳар бир футболчининг ўзига боғлиқ. Биласизми, ҳамма жойда ҳам айниқса мураббийлар бир хил барқарор ўйнайдиган футболчиларни қадрлашади. Шундай экан, ўйлайманки сиз назарда тутган футболчиларимиз ҳам хулоса чиқариб, ўз устида ишлаб аввалги спорт формасини тиклай олишади.
«Машарипов четга кетиши керак, кейин кеч бўлиши мумкин»
– Жалолиддин Машариповга Туркиянинг «Трабзонспор» клубидан қизиқиш бўлди. Шота таклиф йўқ деди, Машарипов қизиқиш бор деяпти. Сизнингча, футболчиларимиз Туркия чемпионатига йўл олса, ўйнаб кета олишадими?
– Жалол – иродаси кучли футболчи. Уни ҳар қандай жамоада ўйнаб кета олади деб ўйлайман. Унга қизиқиш бўлмади, деган гап нотўғри бўлса керак. Чунки ҳар бир мураббий ҳам ўзига керакли футболчини қўйиб юборгиси келмайди. Шу боис Арвеладзе ҳам Машариповни ушлаб турган бўлса керак. Фикримча, Жалолиддин легионер сифатида ўзини синаб кўриши керак.
Ҳозирда Суперлига ўйинларини кузатиб бораяпман. Ўзимни ҳам бошимдан ўтган бу нарса. Ўзбекистонда ҳамма совринларни ютгандан кейин ўзимга ҳам Олий лигада ўйнаш қизиқ бўлмай қолганди. Майдонда нимани хоҳласам ўшани қила олганимдим кейин барибир қизиқиш бироз сўнади. Бу нарса Жалолидин Машариповда ҳам бўлаётганини кўраяпман. Жалол ўзини бошқа чемпионатда синаб кўриши керак деб ўйлайман. Чунки ўйин жиҳатдан ўзингни бошқалардан баландроқ эканлигингни кўрсата олаяпсанми, демак ўзингдан кучлироқ ёки ўзингга тенг футболчилар билан бирга футбол ўйнашинг керак. Ўшанда янада ўсасан. Акс ҳолда карьерада орқага чекиниш бўлиб қолиши мумкин.
– Жасур Жалолиддиновга Россиянинг «Локомотив» клубидан қизиқиш бўлган. Бу чемпионатда ўйнагансиз, айтинг-чи Жасурнинг кетишига вақтлироқ эмасми?
– Россия Премьер-лигасида ўзбекистонлик футболчилар учун тўп суриш осон эмас. Чунки у ерда асосан жисмоний жиҳат муҳим саналади, футболчи бақувват бўлиши керак. Масалан, Остон Ўрунов жисмонан бақувватлиги учун «Уфа» сафида ўйнаб кета олаяпти.
Ўзимизда битта нарсага кўп гувоҳ бўламан, битта футболчи чиқиб қолса, унга бу жамоа қизиқаяпти, бошқа клуб қизиқаяпти, деган гаплар кўп тарқалади. Аммо расмий таклиф ҳақидаги хабарлар жуда кам. Агарда Жасур Россия чемпионатида ўйнаб кета олса, бу унинг учун катта ютуқ бўлади.
«Купер қийналди, биз ҳеч қачон ҳимояда жуда зўр ўйнай олмаганмиз»
– Суперлигада кўп йиллардан бери тўп сураётган легионер футболчиларни Ўзбекистон миллий жамоасига таклиф этиш ҳақида кўп гапирилмоқда. Сиз хорижлик легионерларнинг маҳаллийлаштирилиб, бош жамоамизга чақирилишига қандай қарайсиз?
– Миллий жамоамизда хорижлик легионернинг ўйнаши ўзбек футболига катта минус деганидир. Чунки Суперлигамизда шунча жамоалар ва қанчадан-қанча футболчиларимиз бор, хориж чемпионатларида ўзимизни легионерлар тўп сураяпти. Ўшалар орасидан ҳам миллий жамоамизга мос футболчилар чиқмаса, бу жуда ҳам катта минус бўлади. Легионерлардан аксари Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилди, энди улар Ўзбекистон миллий жамоасига ёрдам бера олади дейиш ҳам аслида нотўғри, деб ўйлайман. Сабаби Ўзбекистон чемпионати билан миллий жамоамизни таққослайдиган бўлсак ер билан осмончалик фарқи бор.
Ўзбекистон миллий жамоаси кучли рақибларга қарши ўйнайди, Суперлигада эса кузатаяпмизки, ўйинлар савияси у даражада юқори эмас. Ўйлашимча, кимгадир Ўзбекистон фуқаролигини бериш мажбуран қилинаяпти, лекин бу ўзбек футболи обрўси учун катта минус.
– Эктор Купер миллий жамоамизни бошқараётганда ва ундан кейин турли гап-сўзлар бўлди. Тажрибали футболчи сифатида унинг мураббийлик фаолиятига қандай баҳо берасиз?
– Эктор Купер жуда яхши инсон. Аммо жаҳон футболида қайсидир хорижлик мураббийни чақиришмоқчи бўлишса, ўша миллий жамоанинг ўйин услубидан келиб чиқиб, чақирилади. Бизнинг жамоамиз эса ҳимоявий ўйин услубига мос эмасди. Биз ҳеч қачон ҳимояда жуда зўр ўйнай олмаганмиз. Купер ҳимоявий футбол кўрсатишга ҳаракат қилди, лекин жуда ҳам қийналди. Чунки ҳимоявий футбол кўрсатиш учун ҳимоявий футболчилар керак. Бизда эса ҳимоявий футбочилар етарлича эмас. Шахсий фикрим, унинг иш услуби ҳам эскироқ эди. Лекин футболчиларга руҳан катта далда бера оладиган мураббий эди.
«Ўрнимга футболчи пайдо бўлса, жойимни эртагаёқ бўшатиб беришга тайёрман»
– Эмишки, Купернинг сўнгги ўйини бўлган Фаластинга қарши мағлубиятли баҳсда футболчилар атайлаб ўз даражасидан паст тўп суриб, Купернинг истеъфосини истаган, яъни «саботаж» қилишган. Буни Азиз Ҳайдаров бошчилигида Одил Аҳмедов ва Анзур Исмоиловлар бирга қилишди, деган миш-миш гаплар тарқалди. Бу қанчалик ростлиги номаълум, сиз бу ҳақда эшитдингизми, бу гапларга қандай муносабат билдирган бўлардингиз?
– Биласизми, футбол шунақа нарсаки, 11 киши ўйнайди, миллионлаб киши муҳокама қилади. Эшитаман десангиз миллион хил фикр ва ҳар хил гаплар. 2007 йилдан буён миллий жамоада ўйнаб келаётган бўлсам, кўраяпманки кимга нимадир берсам, Худо мени ўша билан мукофотлайди. Мен шунча пайт тўп суриб, бирор марта атайлаб оёғимни тортиб олган жойим бўлса, атайлаб захирага олишни сўраган ёки югурмаган жойим бўлса, кўрсатиб беришсин-чи? Қанақа қилиб шундай ишга бориш мумкин? Ахир, миллий жамоани ютиши ўзимни, оиламни обрўси, ота-онамни фахри бўлса. Азиз ва Анзур учун ҳам бемалол айта оламан, бунақа пасткашликка ҳеч қачон боришмайди. Бундай гапни ким чиқариши мумкин, ўша пасткаш одамлар гапириши мумкин. Футболни умуман тушунмаган одам бундай гапларни гапириши мумкин. Футболда ҳар хил ҳолат бўлиши мумкин, баъзида ўйинимиз чиқмай қолади. Гоҳида бутун жамоа ўйнамай, фақат уч футболчи айбдор бўлиб қолиши мумкин. Мабодо ўша мураббий менга минг хил ёмонлик қилган тақдирда ҳам, футбол ўйнамай қолганимга сабабчи бўлган тақдирда ҳам, ҳеч қачон бунақа пасткашликка бормайман.
– Одил, 2017 йил ЖЧ-2018 саралашидаги муваффақиятсизликдан кейин «Спорт» телеканалига чақирганимизда, «Агар ёшлардан рақобатбардош жамоа тузилса, миллий жамоадан кетишга розиман», деган эдингиз. Ўша пайтда бундай кескин фикр билдиришингизга нима сабаб бўлган?
– Ўша пайтда ҳар хил гапларни эшитасиз, миллий жамоа ҳақида ёзилаётган мақолаларни ўқийсиз, ота-онамизга етиб боради. Айниқса, уйдагилар шунақа мақолаларни кўп ўқишади. Ўшанда кўпчилик мени қариб қолган деган. Ўшанда ҳам айтгандим, ҳозир ҳам айтаман – миллий жамоада мендан кучли футболчи чиқса, ўз ўрнимни бўшатиб беришга доим тайёрман. Чунки миллий жамоада энг кучлилар ўйнаши керак. Купер мураббий бўлганида ҳам биринчи бўлиб ўзим бориб айтганман, “ўрнимга кучлироқ футболчи бўлса кетишга тайёрман” деб, лекин у рози бўлмаган. Вадим Абрамов мураббий бўлганида ҳам Равшан Эрматов, Азиз Ҳайдаров, Карленович бирга муҳокамага йиғилганимизда бу мураббийга ҳам буни тўғри тушунишимни ўзим айтганман, аммо Абрамов кераклигимни билдирган. Шунга қарамай, ҳозиргача фикримдан собитман – ўрнимга рақобатбардош футболчи пайдо бўлса, жойимни эртагаёқ бўшатиб беришга тайёрман.
«Миллий жамоада ўйнасам ёзишни бошлашади, устимдан кулиб чиқади», дейди»
– Мураббий миллий жамоага кераксан деб турса-ю, аксарият мухлислар буни аксини гапиришса, бунга қандай қарайсиз?
– Айтайлик, мураббий ўша 35 ёшли футболчини чақираяптими, демак унинг ўрнига муносиб ёшлар топилмаётганидан чақиради. Миллий жамоада шунақа ҳолатларга дуч келганманки, ўзимизни аксарият футболчиларимизга “кел, сен миллий жамоага ўйнашинг керак”, деб айтсам, “мени миллий жамоага чақиришмаса ҳам майли”, дейишади. Нима сабабдан десам, “эртага миллий жамоа сафида майдонга тушсам, ёзишни бошлашади, устимдан кулиб чиқади” – деган гаплар бўлган. Бу кўпроқ футболчининг руҳий ҳолатига боғлиқ. Бундай футболчилар руҳан кучсиз бўлишади. Афсуски, шунақа ўйлайдиган футболчиларимиз жуда ҳам кўп. Гап-сўзга эътибор бермайдиган футболчилар бизда жуда ҳам кам. Юқорида бежизга Жалолиддин Машарипов ҳақида гапирдим, масалан у мана шундай гапларга эътибор бермай, ўз устида ишлаб ҳозирги даражасига етди. Бизда кўпчилик футболчилар интернетда комментларни ўқиб, ижтимоий тармоқлардаги гаплар сабабли майдонда ўзидаги бор иқтидорни ҳам кўрсата олмайди.
Суперлигамизни кузатаяпман. Жуда кўп футболчиларимиз таваккал қилмайди. Яхшиси, тинчгина хато қилмай ортга тўп оширишни маъқул топади. Футболчи имконият бўлганда ҳам ҳужумга ўтишдан, рақибни алдашдан қўрқаяптими, демак у ҳали руҳан тайёр эмас. Футболда психологиянинг ўрни жуда катта.
– Саудия Арабистонига қарши Тошкентда мағлуб бўлганимиздан кейин имкониятимиз қийинлашди. Қолаверса, Саудияга қарши ёзда ўйнашимиз керак бўлган баҳс пандемия сабабли кузга кўчирилди. Бу яхши бўлдими ёки ўз вақтида ўйнаганимиз яхшимиди?
– Албатта, Саудияда ёзда ўйнагандан кўра, кузда ўйнаган яхши. Чунки иссиқда футбол ўз темпи ва чиройини йўқотади, тўп суришимиз ҳам осон бўлмасди. Имкониятимизни ҳали ҳам ёмон эмас, биз ҳеч нарсани йўқотмадик. Саудия Ўзбекистонда ютиб кетган бўлса, биз нима учун Саудияга бориб ютмаслигимиз керак? Жамоамиз яхши тайёргарлик кўриб, хатолардан тўғри хулоса қила олсак, ижобий натижа билан қайтишимиз мумкин.
– Мухлисларсиз футболга кўникиш қийин бўлмайдими?
– Афсуски, кўникишга мажбурмиз. Вазият, шароит шуни тақозо этмоқда. Европада ҳам кўраяпмизки, ўйинлар худди ўртоқлик учрашувидек ўтмоқда. Бежизга футбол мухлислар билан гўзал дейилмайди. Футбол чиройини йўқотиб қўйгандек. Умид қиламизки тез орада бу синовли дамлар ўтиб, футбол ҳам, ҳаёт ҳам аввалги ҳолатга қайтади ва биз яна мухлислар қаршисида футбол ўйнаймиз.