Главная / Маданият / Таҳоратнинг тиббий фойдалари

Таҳоратнинг тиббий фойдалари

tahoratАллоҳ таоло таҳорат ҳақидаги оятнинг охирида: “Аллоҳ сизларни бирон машаққатга солишни истамайди, балки сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматларини мукаммал қилишни хоҳлайди. Шояд шукр қилсаларингиз!” (Моида, 6).

Бу оятда айтилишича, таҳоратдан икки хил мақсад кўзланади:

– аъзоларни поклаш;

– неъматларни мукаммал қилиниши.

    Оятдаги “неъматларнинг мукаммал қилиб берилиши” киши диққатини ўзига тортади. Бу бизнингча, саломатлик, соғлиқдаги баъзи камчиликлар ўрнини тўлдириш бўлса ажаб эмас. Аллоҳ таоло бандаларига буюрган ҳар бир амалда олам-олам ҳикмат ва фойдалар бор. Уларни санаб, саноғига етиш мушкул. Шариат буйруқ ва қайтариқларининг барчаси инсон манфаати учун хизмат қилади.
Таҳорат қилиш инсон соғлиғи учун фойдали экани, унинг саломатлигини тикловчи ва турли касалликлардан сақловчи экани илмий тарафдан тасдиқланган. Илм ривожлангани сари бу маълумотлар янада кўпайиб бормоқда.
Таҳоратда инсоннинг саккиз аъзоси ювилади. Булар кафт, оғиз, бурун, юз, қўл (тирсаккача) ва оёқ уч марта ювилади. Бош, қулоқ[1] ва бўйинга бир марта масҳ тортилади. Таҳорат қилиш нафақат ювилган аъзони тозалаб, унинг гуноҳларига каффорат бўлади, балки бу билан киши аъзолари иш фаолияти яхшиланиб, саломатлик янада мустаҳкамланади.

Қуйида таҳоратнинг инсон саломатлигига умумий таъсирини кўриб чиқамиз.

– Банда таҳоратга киришиши билан унинг миясидаги ёмон ўй-хаёллар, дунёга тегишли нарсалар вақтинча унутилади. Натижада киши бундан руҳий енгиллик ҳис қилади, қалби ором олади ва хушуъ билан Аллоҳга юзланади. Дунёда инсон учун руҳий хотиржамлик ва қалб тинчлигидан кўра улуғроқ неъмат йўқ, назаримизда;

– Ташқи аъзоларни кунига бир неча марта ювиш тери касалликларидан самарали ҳимоя қилади;

– Таҳорат қилиш орқали инсон танасига ёпишган электронлардан фориғ бўлади. Натижада кишининг жисмоний оғирлашуви олди олинади;

– Таҳорат қон айланиш тизимига ижобий таъсир кўрсатади, тананинг ҳар бир қисмига қон етиб боришини таъминлайди. Натижада қариш секинлашади;

– Таҳорат қилиш орқали тананинг энг чекка қисмигача қон орқали озиқ моддалар етиб бориши таъминланади;

– Таҳорат овқат ҳазм қилиш жараёнини фаоллаштиради;

– Таҳорат кишини тери саратони касаллигидан ҳимоя қилади;

– Таҳорат қилиш орқали руҳий тушкунлик, асабийлик, жиззакилик каби ҳолатларга барҳам берилади. Кечаси уйқусизлик касалига чалинганларга ҳам ётишдан олдин таҳорат қилиш тавсия қилинади. Чунки асосий аъзолар бўлмиш қўл, юз ва оёқ кабиларни ювиш кишини ёқимсиз туш, алахсираш ва нохуш ҳолатлардан сақлайди;

– Инсон танасидаги ортиқча чиқинди моддалар тер ёки ёғ шаклида асосан юз, қўл ва оёқда тўпланади. Маълумки, таҳоратда бу аъзоларни ювиш керак. Демак, ўз-ўзидан аёнки, таҳорат қилиш билан бадандаги ортиқча чиқиндилардан фориғ бўлинади;

– Таҳорат инсон аъзолари учун гўё массаж (уқалаш) бўлиб, бу нарса ўша аъзо иш фаолиятини яхшилайди;

      Инсоннинг қанчалик пок бўлиши унинг терисига боғлиқ. Терининг аҳамияти катта. У тана оғирлигининг 15 %ини ташкил қилади. Тери бир неча қаватлардан иборат. Уларнинг ҳар бири маълум вазифани бажаради. Тери остида безлар мавжуд бўлиб, улар ёғ, туз ва тер ажратиб чиқаради. Тери остидан тирпоқ ва тук ўқиб чиқади.
Тери жисмни турли микроблардан сақлайди, тана ҳароратни бир меъёрда ушлаб туради. Тери остида асаб толалари бўлиб, бу билан инсон иссиқ ва совуқни ҳис қилади. Тери остида минглаб безлар бўлиб, улардан тер ва ёғсимон моддалар ажралади ва терининг устки қатламига сингади. Агар улар таркибидаги сув парланса, тер таркибидаги қолдиқлар тери устига тўпланиб қолади ва терининг майда тешикларини беркитиб қўяди. Бунда терининг фаолияти бузилади. Шу сабаб терини доим сув билан ювиш туриш керак.

     Юқорида таҳоратнинг умумий фодаларини кўриб чиқдик. Қуйида таҳоратнинг ҳар бир аъзога таъсирини ўрганамиз.

Истинжо фойдалари.

     Ислом дини инсон ҳаётида керак бўладиган катта-кичик барча масалаларни ҳал қилган. Шариатнинг ҳар бир ҳолат бўйича қонун ва одоблари бор. Ана ўша одоблардан бири истинжодир. Истинжо деб, ҳожат чиқаргач, орқа ёки олд нажосат йўлини тош, кесак, сув ва шунга ўхшаш нарсалар билан поклашга айтилади. Аслида истинжо сув билан қилинади. Сувдан бошқа нарсалар фақат сув йўқ бўлган ҳолатлардагина ишлатилади.
Истинжо қилишнинг тиббий фойдалари жуда кўп. Замонавий илм кашф қилдики, қанд касаллиги билан оғриган бемор ҳожат чиқарганидан кейин яхшилаб истинжо қилмаса, танага теккан бавлни ювиб ташламаса, сийдик таркибидаги микроблар сийдик йўлига ўтиб яллиғланишни келтириб чиқаради. Бу нарса жинсий алоқа пайтида эрдан аёлга ўтади ва бачадон яллиғланишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида кейинчалик бепуштлик ҳам кузатилиши мумкин. Истинжо инсонни турли паразит, қурт ва гижжалардан ҳам сақлайди. Кичик игсимон қуртлар орқа нажосат тешиги атрофида яшаб, тухум қўяди. Бу тухумлар аввал кийимга, кейин қўлга юқади ва яна ошқозонга тушиб айланиб юради. Агар доимий суратда истинжо қилиб юрилса, ҳожатхонадан чиққач, қўллар совунлаб ювилса, бундан ҳолатлар кузатилмайди. Истинжо хавфли касалликлардан бўлмиш ич терлама, вабо. Вирусли жигар вабоси каби касалликлардан ҳам сақлайди. 1963 йилда Англия шаҳарларининг бирида ич терлама тез суратда кўпаяди. Бу нарса шаҳарда вабо тарқалиш хавфини келтириб чиқаради. Тиббий идоралар аҳолига ҳожатдан чиққач истинжо қилишни шарт қилиб қўйишади ва бу шаҳарга инфекция тарқалиши олдини олишнинг энг яхши ва самарали чораси экани таъкидланади. Шаҳар аҳолиси ўша таълимотга амал қилишади, махсус қоғозлари билан кифояланмай, худди мусулмонлар каби истинжо қилишади. Бироз фурсат ўткач, ўша шаҳардан ич терлама касаллиги арийди[2].
Истинжони чап қўл ёрдамида қилишда ҳам катта ҳикмат бор. Зеро. Инсон ўнг қўли билан ўзгалар билан саломлашади, таом ейди ва бошқа ишларни амалга оширади. Истинжони чап қўлда қилиш билан микроблар кўпайиши олди олинади. Шу ўринда истинжодан кейин қўлни тупроқ билан артиш ёки совунлаб ювиш яхши эканини эслатиб ўтмоқчимиз.
Истибро ҳам тиббий нуқтаи назарда аҳамиятли иш. Сийдик йўлининг сийдикдан бутунлай фориғ бўлиши у ерда туз, жумладан, фасфат тузи йиғилиши олдини олади. Сийдик йўлида туз йиғилиши кейинчалик тошга айланиши мумкин.

Қўлни бўғимгача ювиш фойдалари.

     Маълумки, биз таҳоратни икки қўлимизни ювишдан бошлаймиз. Бунинг кўплаб фойдалари бор. Инсон қўли билан турли нарсаларни ушлайди, ўзгалар билан қўл бериб кўришади. Мана шу нарса бактериянинг тарқалиши ва унинг кўпайишига сабаб бўлади. Қўл орқали юқадиган касалликларга ич терлама, дизентерия (ичбуруғ) ва гастрит кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин. Исломда қўлни покиза сақлаш, тирноқларни вақтида олиб, озода бўлиб юриш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қатъий вазифаларидан саналади.
Қўл ювилганда, бармоқ учларидан нур чиқиб, қўл атрофида доира ҳосил қилади. Бунинг натижасида бизнинг ички энергиямиз ҳаракатга келади ва қўлларимиз тоза, чиройли кўриниш касб этади.

Оғизни чайиш (мазмаза) фойдалари. 

      Таҳоратда аввал қўлларни ювишнинг фойдаси жуда кўп. Агар қўллар яхшилаб ювилмаса, бактериялар оғиз орқали ошқозонга ўтиб, касаллик келтириб чиқаради. Оғизни пок тутиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга ҳаво, озиқ-овқат ва бошқа сабаблар билан турли зарарли моддалар тушади. Агар булар вақтида тозаланмаса ёки мисвок билан покланмаса, оғизда кўплаб касалликлар, жумладан, милк ва тиш касалликлари келиб чиқади. Таҳоратда мисвок ишлатиш суннати муаккада бўлиб, бу нарса тиббий нуқтаи назардан ҳам фойдалидир.

Замонавий илмий кашфиётлар мисвок ҳақида қуйидаги хулосаларга келди:

– арок дарахтидан олинадиган мисвок таркибида кўп миқдорда фторид бўлиб, бу модда тиш чиришининг олдини олишда катта аҳамиятга эга;

– мисвок эмал ва милкларга зарар бермаган ҳолда тишларни муваффақиятли тозалайди ва оқартиради;

– мисвок таркибидаги табиий антисептиклар оғиздаги зарарли микроорганизмларга қирон келтиради;

– мисвок таркибидаги фтор моддаси тишларнинг кариесга йўлқишининг олдини олади;

– хлор моддасига эга бўлгани сабабли тишлардан турли ранг ва доғларни кеткизади;

– ошловчи кислота (дубилъная кислота) милкни касалликлардан сақлайди;

– хлорид моддаси ҳар хил тошма ва доғларнинг кетишига ёрдам беради;

– мисвок таркибидаги силикат моддаси тишларни оқартиради;

– мисвокдаги баъзи моддалар оғиз саратони ва чиришнинг олдини олади;

– фарфор моддаси тишни чиритувчи бактериялардан ҳимоя қилади;

– мисвокдаги хушбўй ёғ сўлак ажралиб чиқишини (саливация[3]) кўпайтиради ва натижада ксеростомия[4] касаллигининг олди олинади;

– мисвок умумий шамоллашнинг оддий давосидир;

– гингивит[5] касаллигини камайтиради;

– арок дарахти экстракти билан оғиз чайилса, оғиздаги бактериялар 75% гача камайиши ўз тасдиғини топди. Мисвок билан тозалаганда ҳам шу натижага эришилади;

– милк қонашининг олдини олади;

– Мисрда олиб борилган изланишларда маълум бўлишича, мисвок билан оғиз тозалангач, унинг қолдиқлари икки кунгача (!) бактерияларни ўлдириш хусусиятини сақлаб қолар экан;

Бурунни ювиш (истиншоқ) фойдалари.

      Инсон ўпкасига чанг ва заҳарли моддалардан холи бўлган тоза ҳаво керак. Ўпкага кирадиган ҳавонинг намлик даражаси 80% бўлиши лозим. Мана шу нарсани таъминлаш учун Аллоҳ таоло бизга бурун аъзосини берган. Бурун инсоннинг энг асосий аъзоларидан биридир. Буни яхшироқ ҳис қилиш учун бурнингизни беркитиб кўринг! Қанча муддат тура оларкансиз? Бурнингизни беркитиб гапириб кўринг. Бурун ҳавони нам ва илиқ ҳолатга келтириб, ўпкага юборади. Бурун ичида чўткага ўхшаш ингичка қиллар мавжуд. Ана ўша қиллар бактерияларни ушлаб қолиш ва зарарсизлантириш хусусиятига эга. Инсон нафас олар экан, унинг бурнида чанг ва шунга ўхшаш нарсалар тўпланиб қолади. Таҳоратда бурун ювиш билан ўша кирлар тозаланади ва касалликка чалиниши эҳтимоли камаяди. Бурунни ювиш, айниқса киши тумов бўлганида ва бурун деворлари яллиғланганида фойдалидир.
Искандария институтида фаолият олиб борувчи Муҳаммад Сулайм исмли тадқиқотчи бу хусусда ажойиб тажриба ўтказган. Бунинг учун таҳорат қилмайдиган юз нафар соғлом киши ва шунча миқдорда таҳорат қилиб, намоз ўқийдиган кишилар танланган. Микроблар ва уларнинг турларини аниқлаш мақсадида бир неча ой давомида уларнинг бурнидан намуналар олиниб, экиб кўрилди. Тадқиқот давомида шу нарса маълум бўлдики, таҳорат қилмайдиганлар бурни кир, нопок, ранги қора, бурун девори ва тукларига чанг-ғубор ёпишган экан. Доимий суратда таҳорат қилиб юрадиган кишилар бурни тоза ва турли хил микроблардан холи экани маълум бўлди.
Тадқиқотлардан яна шу нарса маълум бўлдики, бурун бир марта ювилганида у ердаги микробларнинг ярми тозаланар экан. Агар икки марта ювилса, буруннинг учдан икки қисми покланади. Агар уч марта ювилса, бурун кирлардан тўлиқ покланади.
Олимлар аниқлашларича, бурун тозалаб ювилганидан сўнг уч соатдан беш соатгача пок ҳолда бўлади, сўнг яна кирлана бошлайди. Шу сабаб кунда беш маҳал таҳорат қиладиганлар бурни нопок нарсалардан бутунлай холи бўлади.

Юзни ювиш фойдалари.

     Юзни ювиш юз терисини майин ва эгилувчан қилади. Шунингдек, таҳоратда бу аъзони ювиш юзга нур ва чирой бағишлайди. Юзни ювиш билан юзда қон оқими меъёрида бўлиши таъминланади. Юзни ювиш чоғида сув кўз ва унинг атрофига ҳам тегади. Бу нарса кўзнинг кўриш қобилиятини кучайтиради, кўзни равшан қилади ва унга нур бағишлайди. Юз ва пешона қисмини уч марта ювиш мияни тинчлантиради. Юзни ювиш юзга барвақт ажин тушишидан сақлайди ва кўзни турли инфекциялардан ҳимоя қилади. Жумладан, трахома[6] касаллигининг олди олинади.

Қўлларни тирсаккача ювиш фойдалари.

      Тирсакда учта томир бўлиб, улар юрак, жигар ва мияга боғланади. Агар бу томирларга намлик тегса, юрак, жигар ва миянинг фаолияти яхшиланади. Кун бўйи қўлнинг тирсаккача бўлган қисми либос билан ёпиқ турса, унга сув ёки ҳаво тегмаса, кишининг асабийлашиши, руҳий ҳолати ёмонлашиши кузатилади. Агар таҳорат вақтида енглар шимарилиб, қўл тозалаб ювилса, кишининг асабийлашиши олди олинади, саломатлиги жойида бўлади.

Бошга масҳ тортиш фойдалари.

      Бошнинг орқа қисми билан бўйин орасида асосий қон томир жойлашган. Бу томир орқа мия, мия ва тананинг бошқа қисмларига тарқалувчи кичик томирлар билан боғланган. Қулоққа масҳ тортиш орқали у ердаги чанг-ғубор ва қулоқ ичидан чиқадиган қулоқ олтиргугурти вақтида тозалаб турилади. Агар қулоқда кир ва олтингугурт йиғилиб қолса, эшитиши қобилияти пасаяди ёки қулоқ яллиғланади. Шунингдек, қулоқ ичи ва ташқарисига масҳ тортиш юқори қон босимини туширади, тиш ва томоқ оғриғини тузатади.
Бош ва бўйинга масҳ тортилганда қўлдаги нурлар орқа мия ва кичик томирларга ўтиб, тананинг кўпгина аъзолари фаолиятини кучайтиради. Бўйинга масҳ тортиш кишини асаб бузилиш ва руҳий касалликлардан сақлайди.

Оёқни ювиш фойдалари.

      Инсон танасидаги ортиқча моддалар тер, сийдик ёки ахлат кўринишида танадан чиқиб кетади. Банданда энергия сарф бўлганида у тер ёки ёғ бўлиб оёқда, айниқса бармоқлар орасида тўпланади. Агар бу нарса вақтида тозалаб турилмаса, ортиқча чиқиндилар зарарли моддаларга айланади. Таҳоратда оёқ ювиш билан бундай зарарли моддалар тозаланади ва киши соғлиғи жойида бўлади.
Оёқ кафтларида танамизнинг барча тизим аъзолари билан боғланган 70 мингдан ортиқ асаб толаларининг учлари жойлашган. Бу биологик фаол нуқталар турли аъзо ва тизимларнинг ишлашига жавобгардир. Оёқ ювиш орқали бу нуқталар қўзғатилади. Ўз навбатида бу нарса киши кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади, биологик фаол нуқталар ишлаши яхшиланади. Бу нуқталар билан боғлиқ танамизнинг барча аъзолари иши уйғунлашади.
Ҳозирги пайтда кишилар деярли кун бўйи ёпиқ оёқ кийимда бўлганлари боис таҳоратда оёқларни ювиш, айниқса бармоқлар орасини ишқалаб ювиш катта аҳамиятга эга.

Одилхон қори Юнусхон ўғли 

[1] Маълумки, қулоқ бошдан ҳисобланади. Унинг ўзи алоҳида аъзо эмас.
[2] “Ат-Тиббун-набавий шифаун бил-ҳудал-қуръаний”, Маҳмуд Аҳмад Нажийб.
[3]Саливация – тил, жағ ости ва қулоқ олди сўлак безлари ҳамда оғиз бўшлиғи шиллиқ пардасида жойлашган кўпгина майда безлар фаолияти натижасида сўлак ажралиши.
[4] Ксеростомия – сўлак безлари секрециясининг камайиши туфайли оғизнинг қуриб туриши.
[5] Гингивит – милк шиллиқ пардасининг яллиғланиши.
[6] Трахома – кўз шиллиқ пардасининг юқумли касаллиги. Бунда кўз шиллиқ пардаси инфилътратлар, доначалар билан қопланиб, охири чандиқ бўлиб қолади.

Яна маълумот

pogudx662lujp78dq

Туғилган кун табрикотлари 2023

Қисқа, узоқ, ихчам, расмли туғилган кун хабари ва енг яхши табрик сўзлари Туғилган кун муҳим …