Россияга кетиб, 18 йил бедарак йўқолган Ўзбекистон фуқароси Самара шаҳридан топилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, асли Тошкент шаҳридан бўлган фуқаро П.К. 2003 йилда ишлаш учун Россияга кетган. Маълум бир вақтдан кейин саломатлиги ёмонлашиб, инсульт бўлиши натижасида яқинлари билан алоқаси узилган.
Орадан 18 йил ўтиб, ушбу фуқаро Самара шаҳридан топилди. Унинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз, ишсиз, бошпанасиз кўчада яшаб юрганлиги аниқланди.
Шунингдек, яна бир сурхондарёлик фуқаро И.Т. Самара шаҳрида соғлиғи ёмонлашиб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолиши ва паспортининг йўқолиши натижасида мураккаб вазиятга тушиб қолгани ҳақида мурожаат келиб тушган.
Ушбу фуқароларга Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан «Ватанга қайтиш гувоҳномаси» расмийлаштирилиб, Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда Қозон—Тошкент авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтарилган.
Уларни Тошкент халқаро аэропортида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Халқаро миграция ташкилоти масъул ходимлари ва яқин қариндошлари кутиб олган.
Аввалроқ Россияда бахтсиз ҳодисага учраган ўзбекистонлик она ва болага ёрдам кўрсатилгани, Туркиянинг Истанбул, Россиянинг Новосибирск ва Қозон шаҳарларида ишлаш мақсадида бориб, пандемия шароитида молиявий қийин аҳволда қолган жами 7 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди. Ундан аввал эса Россияда қийин аҳволда қолган 9 нафар, Истанбулдан эса 6 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилганди.