Главная / Жаҳон / Жо Байден расман АҚШ президентига айланди
<

Жо Байден расман АҚШ президентига айланди

Вашингтонда АҚШнинг 46-президенти Жо Байден қасамёд қабул қилди. У билан бирга Камала Ҳаррис мамлакат тарихидаги илк вице-президент аёл сифатида лавозимга киришди.

«Бу Американинг куни, бу демократия куни. Тарих ва янгиланишга бўлган умид куни. Бугун биз номзоднинг эмас, балки мақсадларимиз ғалабасини нишонлаяпмиз. Мақсадлар – демократия. Халқнинг иродаси эшитилди. Биз яна бир бор демократия мўрт ва қадрли эканини тушундик. Бугун, дўстларим, демократия ғалаба қозонди», дея ўз нутқини бошлаган Байден.

Янги президент ўз нутқида миллатни бирликка чақирган ва бир неча марта АҚШнинг барча фуқароларини бирлаштиришга, «барча америкаликлар» президенти бўлишга ҳаракат қилишини таъкидлаган.

«Қизил кўкка қарши туради. Шаҳар – қишлоққа. Консерваторлар – либералларга. Аммо биз бунга чек қўйишимиз мумкин», деган Байден.

Президент АҚШ сиёсий экстремизм ва ички терроризмга тўқнаш келаётгани, бу муаммоларни енгиб ўтиш зарурлигини қайд этиб ўтган.

«Худо ва барчангизнинг олдингизда конституцияни, демократия ва Американи муҳофаза қилиш учун сўз бераман. Биз биргаликда Америка тарихини ёзамиз – қўрқувлар эмас, умидлар тарихини», деган Байден йиғилганларга юзланиб.

Маросим қандай ўтди?

Қасамёддан аввал республикачи сенатор Рой Блант ва демократларнинг президентликка собиқ номзоди Эми Клобушар чиқиш қилишди, шунингдек, Леди Гага АҚШ мадҳиясини ижро этди.

Маросимнинг асосий қисми тушдан кейин бошланди (Тошкент вақти билан соат 22:00). Капитолий биноси олдида биринчи бўлиб Камала Ҳаррис АҚШ олий суди судьяси Сони Сотомайор гувоҳлигида Конституцияга содиқлигини айтиб қасам ичди.

Қасамёд матни XIX асрдан бери ўзгаришсиз келмоқда: «Тантанали равишда қасамёд қиламанки, мен Қўшма Штатлар президенти мажбуриятларини ҳалоллик билан бажараман ва Қўшма Штатлар конституциясини сақлаш ҳамда ҳимоялаш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан».

Байденни Олий суд раиси Жон Робертс қасамёд қилдирди.

Аввалги президент Дональд Трамп эса кўп асрлик анъаналарга терс борган ҳолда маросимда иштирок этишни истамади.

Бемисл даражада хавфсизлик чоралари
Инаугурация маросимидан аввал Америка пойтахти маркази қамалдаги қалъани эслатарди – симтўсиқлар, тўсилган йўллар ва тартибни сақлаш учун жалб этилган 25 минг ҳарбий. 6 январ куни лавозимдан кетаётган президент тарафдорлари томонидан Капитолий қамал қилиниб, беш киши ҳалок бўлгани туфайли маросим арафасида алоҳида эҳтиёт чоралари кўрилди.

Трампнинг ўзи Флоридага йўл олган. У АҚШ тарихига икки марта импичмент эълон қилинган илк президент сифатида кирди – аммо иккинчи айблов иши Сенатда ҳали кўриб чиқилмаган, агар у сенаторлар томонидан қораланса, президентлик сайловларида яна қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Инаугурация куни
Чоршанба тонгида Трамп Оқ уйдан чиқиб Мерилэнддаги Эндрюс ҳарбий базасига борди. У ерда уни артиллерия салютлари билан кутиб олишди ва у сўнгги марта президент сифатида чиқиш қилди. Трамп ёзги майдонда йиғилган оила аъзолари, маъмурияти ходимларига миннатдорчилик билдирди, шунингдек, президент лавозимида эришган ютуқлари ҳақида гапирди. Биринчи леди Мелания Трамп ҳам йиғилганларга мурожаат қилди.

Трамп ўз муваффақиятлари қаторида «хитой вируси» – коронавирусга қарши курашдаги ютуқларини қўшиб ўтган.

АҚШнинг 400 минг фуқароси Covid-19 туфайли вафот этган, демократлар эса бунда кетаётган президентни айблашади – аммо Трамп вазиятга бошқача кўз билан қарайди.

«Биз тиббиёт мўъжизасини кўрсатдик, бу мўъжизанинг номи вакцина», деган Трамп.

Трамп янги маъмуриятга муваффақият тилаган, лекин Жо Байденнинг номини келтирмаган. Шу билан бирга, Байденнинг режаларига қаршилигини изҳор қилишга улгурди.

«Умид қиламанки, улар сиз учун солиқларни оширишмайди, агар оширишса – мен бундан сизни огоҳлантирганман!», деган Трамп. Демократлар энг бадавлат америкаликлар учун даромад солиғини оширишни муҳокама этишмоқда.

Маросимда ҳарбий оркестр чиқиш қилди ва 21 тўпдан ўқ узилди.

«Биз спортчилар таъбири билан айтганда, бор кучимизни бердик. Йўлимизда кўплаб тўсқинликлар бўлди, аммо биз уларни енгиб ўтдик», деган лавозимдан кетаётган президент.

Шундан сўнг Трамп Оқ уйга қайтиб, у ердан Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳига учиб кетган.

Вице-президент Майк Пенс бу маросимда иштирок этмади. У Байденнинг инаугурациясида кетаётган президент маъмурияти номидан иштирок этиши керак эди. Axios нашри хабарига кўра, Конгрессдаги икки палатадаги республикачиларнинг етакчилари ҳам Трамп билан хайрлашув маросимига келишмаган.

Вашингтон вақти билан соат 10да (Тошкент вақти билан соат 20:00да) инаугурация маросимидан жонли трансляция бошланди. Маросимни инаугурация қўмитаси сайтида, шунингдек, унинг Youtube, Facebook ва Twitter’даги саҳифаларида кузатиш мумкин.

Инаугурацияда аввалги президентлардан уч нафари турмуш ўртоқлари билан ҳозир бўлишди: Барак ва Мишель Обама, Жорж ва Лора Буш, шунингдек, Билл ва Ҳиллари Клинтон. Саҳнада улар билан бирга жами 200 чоғли киши бўлди – ижтимоий масофа сақлаш тартибига риоя этилди. Барча иштирокчилар аввалроқ коронавирусга тест топширишганди. Аввалги инаугурация маросимларида 200 минггача одам иштирок этиши мумкин эди, аммо пандемия туфайли мингга яқин чипта тарқатилган.

Байден ва Ҳаррис лавозимга киришгач ҳарбий қўшинларни кўздан кечиришади, Арлингтон миллий қабристонига ташриф буюришади ва номаълум аскар қабрига гулдаста қўйишади. Уларга турмуш ўртоқлари – Жилл Байден ва Дуглас Эмҳофф ҳамроҳлик қилишади.

Кейин президент ва вице-президент Оқ уйга йўл олишади. Бу йил Пенсильвания-авенюда ўтказиладиган анъанавий инаугурация паради ўрнига виртуал парад ўтказилади, унда Earth Wind & Fire гуруҳи чиқиш қилади.

Ниҳоят, 20:30да (Тошкент вақти билан соат 06:30) бир ярим соатлик байрам концерти бошланади. Унинг аввалида Байден ва Ҳаррис нутқ сўзлашади, кейин Жастин Тимберлейк, Деми Ловато, Жон Бон Жови, Жон Леженд, Брюс Спрингстин, Foo Fighters гуруҳи ва Лин-Мануэль Миранда кабилар бирин-кетин саҳнага чиқишади.

Байден – АҚШ тарихидаги эътиқодига кўра католик бўлган иккинчи президентдир (биринчиси Жон Кеннеди бўлган). Маросимдан аввал у Вашингтон епархиясининг ибодатхонасига ташриф буюрганди.

Трампнинг сўнгги мурожаати
Трамп бир ярим аср ичида кейинги давлат раҳбарининг инаугурациясини ўтказиб юборган илк президент бўлди. Сўнгги марта 1869 йилда Эндрю Жонсон шу ишни қилганди.

Эълон қилинган хайрлашув видеосида Трамп америкаликларни янги маъмурият учун дуо қилишга чақирган, аммо Байденнинг номини атамаган. У ўз ваъдаларини бажаргани ва кўп нарсага эришганини таъкидлаган. Шунингдек, АҚШнинг бошқа мамлакатлар билан иттифоқларини қайта тиклагани ва «илгари ҳеч кузатилмаган даражада» Хитойга қарши турганини айтиб, ўз президентлиги даврида бирорта ҳам уруш бошламаганлигидан фахрланишини, ўзи бошлаган сиёсий ҳаракат «ҳали энди бошланаётгани»ни қўшимча қилган.

«Мен шафқатсиз курашлар, энг қийин жанглар, энг қийин қарорларни ўз зиммамга олдим — чунки айнан шунинг учун мени сайлагансиз. Бизнинг кун тартибимиз ўнглар ва сўллар ҳақида эмас, республикачилар ва демократлар ҳақида ҳам эмас, балки халқ фаровонлиги ҳақида эди», деган у.

Сайловдаги мағлубиятни тан олишни истамаган Трампнинг тарафдорларининг бир қисми фейсбукда ўз номзодларининг муқобил онлайн-инаугурациясини ўтказишни режалаштиришган. Унда махсус саҳифага йиғилган 68 мингдан ортиқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари иштирок этиши мўлжалланган.

Бундан ташқари, маросим арафасида пойтахтга жойлаштирилган Миллия гвардия бўлинмаларининг 12 нафар жангчисига жавоб бериб юборилганди – уларнинг иккиси ижтимоий тармоқдаги постлари туфайли, яна ўн нафари – шубҳали ўтмиши туфайли ишдан бўшатилган.

Махсус хизматлар хавфсизлик чораларига қаттиқ риоя қилишларига сабаб 6 январ куни Трамп тарафдорлари Капитолияни қамал қилганида қўриқчилар уларга жиддий қаршилик кўрсатмагани ёки хайрихоҳлик билдиргани бўлган. Ўшанда ҳужум қилганлар ичида Виржиния штатидаги Миллий гвардия бўлинмаси капрали ҳам бўлган.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

photo_2020-12-31_14-01-24

Tojikistonning temir-metallurgiya zavodi

Tojikistonda bir nechta valf ishlab chiqaradigan zavodlar faoliyat yuritmoqda va ularning orasida eng yiriklari Okhangudozii …