Главные новости
Главная / Жамият / «Ўзбекистонимнинг кучли қўлларини ҳис қилдим» – Касалликни енгган бемор шифохонада ўтган кунлар ҳақида
<

«Ўзбекистонимнинг кучли қўлларини ҳис қилдим» – Касалликни енгган бемор шифохонада ўтган кунлар ҳақида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган 7 нафар беморнинг соғайганини эълон қилганда бутун Ўзбекистон байрам қилди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Сабаби, бу ҳамюртларимизнинг орамизга қайтиши инсон иродаси касалликни енгиши мумкинлигининг ифодаси эди. Kun.uz мухбири ана шундай хурсандчилик кунларининг уч қаҳрамони, касалликни енгган бемор ва шифокорлар билан суҳбатлашди.

«Иккинчи марта туғилдим»

Дастлабки суҳбатдош М.А – COVID-19 коронавирус инфекциясидан шифо топган ҳамюртимиз

– Ёшим 49да. Коронвирусга чалинганим ҳаётимдаги жиддий синовлардан бири бўлди. Аллоҳга шукр, президентимизнинг қатъияти, шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ҳаммаси ортда қолди. Айтиш мумкинки, мен иккинчи туғилган кунимни нишонлаяпман.

– Касалликка чалинганингизни қачон билдингиз?

– Ўзим тошкентликман. Қозоғистонга иш юзасидан боргандим. Қайтишимда, чегарадан ўтишда тепловизор орқали текширишди ва ҳароратим ошгани маълум бўлди. Дарҳол карантинга олишди ва текширишлардан кейин, вирусология илмий текшириш институтига олиб келишди.

– Сизда шу касаллик аниқланганида қандай аҳволга тушдингиз?

– Албатта, озгина ҳадиксираганим, карантинга олишганида кўнглимдан норозилик ўтгани рост. Аммо шифокорларнинг хотиржамлиги, ўз ишларига жиддий ёндашишлари мени ҳам тинчлантирди. Шу ўринда ўз бошимдан ўтказган инсон сифатида юртдошларимга айтадиган гапларим бор – аввало ваҳимага тушманг, шу билан бирга шифокорларнинг эҳтиёт чоралари бўйича айтган ҳар бир гапларига амал қилинг. Мен даволанишнинг ҳар бир босқичида буни жуда яхши англаб етдим – бежиз жон куйдирилмаяпти экан.

Лекин ҳалиям кўпчиликнинг касаллик юқиши мумкинлигига беэътибор бўлаётганини тушуниб бўлмайди. Ўзингиздан ўтганини ўзингиз биларсиз, лекин яқинларингиз, оила аъзоларингизни ҳадикка туширишни ҳам ўйлаш керак, улар биз учун қандай кўйларга тушишади.

– Шифохонадаги шароит, муолажалар, шифокорларнинг муносабати ҳақида нима дейсиз?

– Юқорида айтганимдай – мен яна қайта туғилдим, Ўзбекистонимнинг кучли қўлларини ҳис қилдим. Буни бирор муболағасиз айтяпман. Шифокорлар эрта-ю кеч ёнимизда бўлишди, на дори-дармондан, на озиқ-овқатдан бирор камчилик сездим. Ҳаммаси кўнгилдагидек, бизни барча шароитларга эга алоҳида палаталарда сақлашди, дунё воқеаларини телевизор орқали кўриб, яқинларимиз билан мулоқот қилиб турдик.

Шифокорларга минг бор раҳмат айтаман. Очиғи, бу касалликдан олдин айрим шифокорларга нисбатан ҳурматсизлик ҳолларини эшитиб, жиддий эътибор бермасдим. Энди фикрлашим ҳам ўзгарди, мен бу касбнинг улуғлигини яна бир марта ҳис қилдим.

– Юртдошларимизга тилакларингиз.

– Ҳамиша соғ-саломат бўлишсин. Бу ҳам бир синов, албатта енгиб ўтамиз. Юқорида айтганимдай ҳаммамиз айтилган тавсия ва талабларга қатъий амал қилишимиз шарт. Улар бежиз ўйлаб топилмаган. Ўзингизни ёмон ҳис қилдингизми, яширманг – дарҳол керакли жойга мурожаат қилинг. Ишонинг, бу яшириладиган, жуда оғир ўтадиган касаллик эмас. Ўз вақтида керакли чоралар кўрилса, ҳаммаси жойида бўлади. Карантиндан бўйин товлаш, касалликни яшириш фақат ёмон натижага олиб келади. Буни шахсан кузатдим.

Аллоҳга шукр, соғайиб чиқдик. Шифохонада бошқа беморлар қолишди, умид қиламанки улар ҳам тез орада соғайиб чиқиб, сафимизга қўшилишади. Юртимиздаги ҳамма беморлар ҳам соғайиб кетишсин.

«Шу касбни танлаганимга бу қадар ғурурланмагандим»

Бугунги кун қаҳрамонларидан бири, соғайиб кетган беморни даволаган шифокор Хушнура Саидгазиева билан ҳам суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

– Шу касбни танлаганимга, айнан шу шифохонада ишлаётганимга 25 йил тўлди. Ҳар хил даврлар бўлган, қийин кунларни ҳам кўрдик. Аммо кўксимни тўлдириб айта оламанки, мана шу ўтган кунларчалик ўз касбимдан ғурурланмаганман, халқим, давлатим раҳбари қўллаб-қувватлашини ҳис қилмаганман.

– Бугун 7 нафар бемор соғайиб чиққанида кўнглингиздан нималар кечди?

– Биз шифокорлар ҳар қандай ҳолатда беморга ёрдам бериш бўйича Гиппократ қасамини ичганмиз. Мана шу касалликка қарши кураш бошлаганимизда Аллоҳга таваккал қилганимизни яна бир бор ҳис қилдим. Янги касаллик, беморлар умид билан тикилиб туришибди. Ҳаммамиз ҳамжиҳатликда беморларимизнинг тушкунликка тушиб қолмаслиги учун ҳаракат қилдик ва улар ҳам бизга катта ёрдам беришди. Фақат ана шу қўлни-қўлга бериш орқали бугунги муваффақиятга эришдик.

– Таъминот бўйича муаммолар сезилмадими?

– Умуман сезилмади. Давлатимиз, вазирлигимиз ҳар қандай даво воситасини узлуксиз етказиб бериб турди. Суткасига 20 соатлаб ишласак-да, руҳан тетик юрдик, бирор камчилик сезмадик.

– Шифокорларни қўллаб-қувватлаш учун уюштирилган челленждан хабар топдингизми?

– Албатта, бу ҳам кўзимизга ёш келтирган ҳолатлардан бири бўлди. Беморлар олдида узлуксиз бўлиб, бу ҳолатни тўлиқ кузата олмадим, лекин эшитишим билан шу юрт фарзанди эканлигимдан фахрландим. Ўзбекистон ўз фарзандини ташлаб қўймайди.

– Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш бўйича президент қарори ҳам чиқди.

– Айни бизда иш қизғин пайтда бу қарор чиққанини эшитдик. Юқорида айтганимдай ҳеч қачон ўз касбимдан бу қадар ғурурланмаганман. Албатта, моддий рағбатлантириш ҳам муҳим. Лекин энг муҳими маънавий қўллаб-қувватлашни ҳис қилдик. Бу қарор умуман барча тиббиёт ходимларига жуда катта далда бўлди.

Тез орада уйларига кузатиб қўямиз

Фурсатдан фойдаланиб, соғайиб кетган юртдошларимиз реабилитация ўтаётган Республика ихтисослашган терапия ва тиббий реабилитация илмий амалий тиббиёт маркази бош шифокори Қодир ака Мўминов билан ҳам қисқа суҳбат қилдик:

– Бу ҳамюртларимиз касалликдан тўла фориғ бўлишган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида бир неча марта тестлар ўтказилган ва касаллик аниқланмаган. Энди вирус тарқалиш муддатини якунлаш ва соғликларини янада тиклаш учун бизнинг муассасамизда маълум муддат бўлиб туришади. Улар учун барча шароитлар яратилган, ўзларининг ҳам кайфиятлари яхши. Фақат жиддий синовни ўтказганлари учун яхшилаб дам олишлари, қатор реабилитация муолажаларини ўтказишимиз керак. Худо хоҳласа яқин кунларда ҳаммаларини уйларига кузатамиз.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

8tqwlottzbeqkk1zjfwhwvyj8kgejsyk

«Ҳали инсон ракеталаримизда Марсга парвоз қилади» — SpaceX’нинг бош мақсади

«Тесла» электрокарлари, «PayPal» компанияси асосчиларидан бири ва ўзининг космик ракеталари билан тилларга тушган Илон Маск …