Главные новости
Главная / Жамият / Ўзбекистонда йил учун давлат дастури, АҚШда сараланаётган номзодлар, Сурияда янги уруш хавфи ва ҳафтанинг бошқа хабарлари
<

Ўзбекистонда йил учун давлат дастури, АҚШда сараланаётган номзодлар, Сурияда янги уруш хавфи ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Прописка, авиакомпаниялар ва Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи

11 февраль куни президентнинг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унга кўра, Тошкентда 2020 йил 1 апрелдан доимий пропискасиз уй сотиб олишга рухсат берилиши мумкин.

Фармон лойиҳасида Ўзбекистонда доимий истиқомат қилувчи ва республиканинг бошқа ҳудудларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахсларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш ҳам кўзда тутилган.

Давлат дастури лойиҳасида Ўзбекистонда 5та янги авиакомпания ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.

Унга кўра, янги авиарейслар учиш ва қатновлар даврийлигини ошириш асосида мавжуд авиақатновлар сони қўшимча 2800тага кўпайтирилади. Шунингдек, IATA (Ҳаво транспорти халқаро ассоциацияси) Summer-2021 ёзги мавсум бошлангунича, «Очиқ осмон» режими татбиқ этилган мамлакатнинг халқаро аэропортларининг ҳар бирида янги 10та халқаро авиарейсни йўлга қўйиш вазифаси топширилган. ора-тадбирлар дастурида фуқароларига визасиз режим жорий қилинадиган мамлакатлар сонини янада кўпайтириш, туризм соҳасида нуфузли халқаро рейтингларда, хусусан, Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (World Travel & Tourism Council) рейтингида Ўзбекистон ўрнини яхшилаш ҳам кўзда тутилган.

12 февраль куни Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро авиация форуми бўйича матбуот анжуманида Транспорт вазири Элёр Ғаниев келгуси 5 йилда авиация бозорида рақобат муҳити кучайиши, монополия буткул тугатилиши ва 5-6та янги авиаташувчи ташкил этилиши ҳақида гапирди. Шунингдек, Ўзбекистонда авиакомпаниялар учун аэропорт йиғимлари 20 фоизга, авиаёқилғи нархи ўртача 100 долларга арзонлаштирилиши маълум қилинди.

Хорижий авиаташувчиларни улар Ўзбекистон резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш шарти билан жалб этишни режалаштирмоқда. Ҳозирда тўртта компания билан музокаралар бошланган. 19-20 февраль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар майдонида «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistic Forum» (UAALF-2020) халқаро авиация форуми доирасида хорижий авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилади.

2020 йилги давлат дастурига кўра, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга шахслар тоифасини кенгайтириш таклиф этилмоқда.

Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қаторига жисмоний ва юридик шахслар, президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларини киритиш назарда тутилган.

Конституциявий суднинг кўриб чиқиши учун масала Конституциявий суднинг камида уч судьяси ташаббуси билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистонда суд қарорларини ижро этиш тизимини илғор халқаро амалиёт асосида қайта кўриб чиқиб, нодавлат ижрочилар институти ташкил қилиш, хусусий ижро бюролари фаолияти йўлга қўйиш режалаштирилган.

АҚШда сайловларга старт берилди

Трампга қарши чиқиши мумкин бўлган номзодлар Сандерс, Буттиджич, Уоррен ва Байден

Февраль ойида АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари расман бошланди. Аввал Айовада кокус, Нью-Ҳэмпширда праймериз бўлиб ўтди. Демократик партияда дастлабки овоз беришлардан сўнг, 4 йил аввалги сайловларда ҳам Ҳиллари Клинтонга охиригача қаршилик кўрсатган 78 ёшли сенатор Берни Сандерс етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни 38 ёшли Пит Буттиджич, Миннесота штатидан сенатор бўлган 59 ёшли Эмми Клобушар ҳамда Массачусетс штатидан АҚШ сенатори, 70 ёшли Элизабет Уоррен банд этган. Сайловга номзодини қўйганида фаворит бўлган ва ўтган йилги сўровларда биринчи бўлган собиқ вице-президент Жо Байден эса АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп томонидан унга қарши олиб борилган кампания таъсири туфайли ўз позицияларини бой берган – праймеризда бешинчи бўлган бу номзод ҳозирча бирорта делегат овозига эга эмас.

Февраль ойи охиригача яна иккита праймериз бўлиб ўтади – 22 февраль куни Невадада, 29 февраль куни Жанубий Каролинада. 3 март куни эса АҚШд «суперсешанба» бўлиб ўтади – шу кунга бирайўла 15та штатда, жумладан, Техас ва Калифорнияда сайловлар белгиланган.

«Суперсешанба»ни ютганлар пойгада катта устунликка эга бўлади. Бу йил «суперсешанба» март ойининг дастлабки сешанбасига тўғри келмоқда. Демак, 16 июнда вакиллар танлаш якунлангач, 13-16 июль кунлари Милуоки штатида ўтказиладиган партия йиғилишида демократлар партиянинг асосий номзодини танлаб олади. Президентлик сайловлари эса 3 ноябрда бўлиб ўтади, бу АҚШ тарихидаги 59-президентлик сайлови бўлади.

Идлибдаги кескинлик

Башар Асад армияси аскарлари Идлибда / Getty Images

Президент Башар Асад бошқарувидаги Сурия армияси ўтган йил декабрида Эрон таъсиридаги кучлар билан биргаликда мамлакат шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятига юриш бошлаганди.

Февраль ойи бошида Идлибдаги вазият кескинлаша бошлади. 10 февраль куни Асад армияси берган артиллерия зарбалари оқибатида турк ҳарбийлари ҳалок бўлди. Туркиянинг сўнгги ҳафталардаги йўқотишлари 14 ҳарбийни ташкил қилмоқда. Туркиядагилар нафақат жавоб зарбаси қайтаришни, балки Сурия ҳукумати қўллаётган Россия билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни ҳам талаб қила бошлашди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған агар Идлибда яна бир турк аскари жабрланса, Анқара Сурия кучларига «ҳар қаёқда» жавоб зарбалари беришини маълум қилган.

У ҳатто ультиматум қўйган: февраль ойи охиригача Россия томонидан қўлланаётган Асад кучлари Идлибдан чекиниши ва туркларнинг постлари атрофидан кетиши керак.

Туркия айни вақтда Идлибдаги кузатув постлари ва ҳарбий базаларига 12 минг ҳарбийсини жойлаштирган, юзлаб танклар ва ҳарбий техникалар постларни кузатиш учун жўнатилмоқда.

Россиянинг Туркиядаги элчиси Алексей Ерхов Идлибдаги кескинлашув ортидан унга турли таҳдидлар кела бошлаганини маълум қилган. Россиянинг аввалги элчиси Андрей Карлов 2016 йил декабрида Анқарада отиб ўлдирилганди. Экспертларнинг ҳисоблашича, сўнгги воқеалардан кейин Туркия ва Россия ўртасига яна совуқчилик тушиши мумкин.

Коронавируснинг Европадаги илк қурбони

Фото: GETTY IMAGES

16 февраль тонгидаги маълумотларга кўра, Covid-19 коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган пневмония касаллигига чалинганлар сони 69264 кишини ташкил қилмоқда. Хитойнинг материкдаги қисмида бир кунда 2009та янги ҳолат қайд этилди, мамлакат ҳудудидаги беморлар сони 68500 нафарга етган.

Хитойда бу вирус қурбонлари сони 142тага ошди ва қурбонларнинг жами сони 1668тани ташкил қилмоқда. Қурбонлар орасида 6 нафар шифокор ҳам бор, Хитойда 1100дан ортиқ тиббиёт ходимлари вирусни юқтириб олган.

Япония, Франция ва Филиппинда ҳам биттадан ўлим ҳолати қайд этилган. ХХРдан келган 80 ёшли сайёҳ коронавируснинг Европадаги илк қурбони бўлди.

Буюк Британияда соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари Лондондаги конференцияга келган юзлаб иштирокчилар билан боғланган, улардан бирига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Ҳозирча Британиянинг 9 фуқаросида касаллик аниқланган.

Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат ҳудудида хорижлик сайёҳлардан бирида коронавирус аниқланганини маълум қилди – бу Африка ҳудудидаги илк ҳолатдир. У карантинга жойлаштирилган.

Вьетнамда 10дан ортиқ вирус ҳолати аниқлангач, ўн мингдан ортиқ киши карантинга жойлаштирилган. Умуман, Хитойдан ташқаридаги 24 давлатда 500дан ортиқ вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган.

АҚШ Давлат департаменти Шимолий Корея ҳудудида касаллик кенг тарқалиши мумкинлигидан хавотир билдирган, бу давлат ҳукумати ҳозирга қадар касаллик билан боғлиқ ҳеч қандай маълумот бермаган.

Қизил Хоч жамияти Шимлий Кореяга қарши санкцияларни юмшатишни ва у ерга дори-дармон етказишни осонлаштиришни сўрамоқда. Мамлакатда вирусни аниқлаш воситалари ҳамда вирус тарқалишига тайёргарлик кўриш учун ҳимоя воситаларига зарурат юзага келган.

ЖССТ маслаҳатчиси Айра Лонжини эса эпидемия ҳали ўз чўққисига етмагани, вирус Ер аҳолисининг учдан бир қисмини қамраб олиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Унинг прогнози Bloomberg агентлиги томонидан келтирилган.

Коронавирус инфекциясидан 6465 киши соғайиб кетган. Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси биологик маркази директори Чжан Синмин маълум қилишича, мамлакатда коронавирусга қарши вакциналар синовдан ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби маълумотига кўра, 1-14 февраль кунлари давомида Хитойнинг 451 нафар фуқароси Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва улар ўртасида касаллик аниқланмаган (тиббий кузатув олиб борилмоқда). Бундан ташқари, 4-6 февраль кунлари Ўзбекистонга Хитойдан келган 584 нафар Ўзбекистон фуқароси «Бўстон», «Энергетик» санаторийлари ва 6-сонли шаҳар клиник шифохонасига жойлаштирилган бўлиб, улар ўртасида ҳам коронавирус аниқланмаган.

Айни вақтда, 14-15 февраль кунлари 6-сонли клиник шифохона ва «Энергетик» сиҳатгоҳига жойлаштирилган фуқаролар ва уларга хизмат кўрсатувчи ишчи-ходимлардан жами 389та қайта лаборатория таҳлили учун намуна олинди. Коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари давомида эпидемиологик кўрсатмага асосан 15 февралига қадар жами 1 352 та намуна коронавирус инфекциясига текширилди ва коронавирус инфекцияси аниқланмаган.

Ректорларнинг оммавий равишда ишдан олиниши

14 февраль куни Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат стоматология институти, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти, Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-қурилиш институти, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти, Қўқон давлат педагогика институти ректорлари лавозимидан озод этилди.

Мактабгача таълим вазири ўринбосари Собитхон Турғунов Наманган давлат университети ректори лавозимида Музаффар Эсановни, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров Тошкент давлат педагогика университетида Шавкат Шариповни, Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари Ботир Усмонов Тошкент кимё-технология институтида Шуҳрат Муталовни алмаштирган.

Тошкент давлат стоматология институти ректори лавозимида ишлаб келаётган Жасур Ризаев ҳам лавозимдан олиниб, 16 йилдан буён Самарқанд давлат тиббиёт институтига ректорлик қилиб келган Азамат Шамсиев ўрнига тайинланди.

Жиззах давлат педагогика институти ректори Абдуғани Холбеков лавозимидан озод этилган ва унинг ўрнини Тошкент давлат педагогика университетининг собиқ ректори Шавкат Шарипов эгаллаган.

31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев олий таълим масаласида фикр билдириб, ректорлар фаолиятини танқид қилган ҳамда кўплаб ректорлар ишдан олиниши ҳақида гапирганди.

«Яқинда кўп ректорлар ишдан олинади. Менинг столимда турган маълумотларга кўра, бу ректорлар билими, савияси ва ватанпарварлик даражаси билан ректор бўлиш у ёқда турсин, ҳатто қоровул бўлишга арзимайди», деганди президент.

Олтинсойдаги можаро

14 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманининг «Халқабод» маҳалласи ҳудудида уйи бузилишидан норози аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасида тўқнашув юз бергани тасвирлари тарқалди.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳодиса 8 февраль куни рўй берган бўлиб, мазкур жараёнда айрим фуқаролар қўлларига турли буюмлар — таёқ, болта, белкурак ва тошлар билан ишчи гуруҳ вакилларига ҳужум қилганликлари оқибатида ўртада жанжал келиб чиққан. Кўрилган чоралар натижасида жамоат тартибини бузаётган фуқаролар зарарсизлантирилиб, вазият барқарорлаштирилган.

Ушбу жараёнда икки нафар туман ИИБ ходимлари ҳамда бир нафар фуқаро тан жароҳати олган.

16 февраль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ушбу низоли ҳолат юзасидан баёнот берди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Олтинсой тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

g98r6rs9x3cu_soajrb7gtrm3hw-66vr

«Бу ерда минглаб ўзбек шифокорлари бор» – Яманда хусусий клиника очган ўзбекистонлик жарроҳ билан суҳбат

Ўзбекистонлик шифокорлар дунёнинг турли нуқталарида фаолият юритадилар. Кимдир малака ошириш илинжида, кимдир хорижни кашф қилиш …