Хусусан, ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йил якуни бўйича ахбороти кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий жиноятларнинг 95,2 фоизи фош этилган, шунингдек, тергов органлари қидирувида бўлган 2 минг 446 нафар шахс ушланган ва 436 нафар бедарак йўқолганлар топилган. Жами 20 минг 994 та жиноят аниқланган.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, 2020 йилда республика миқёсида 62 минг 81 та жиноят қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 182,4 тадан тўғри келган.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2020 йилда 5 минг 774 нафар хотин-қиз томонидан 5 минг 520 та жиноят содир этилган. Жумладан, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 14 минг 774 нафарига «ҳимоя ордери» берилган бўлса, шундан 317 та ҳолатда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмагани оқибатида ўтган йилда республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят ёшлар томонидан содир этилган бўлса, шундан 4 минг 52 таси иш билан банд бўлмаган ёшлар томонидан содир этилган.

Бундан ташқари, 9 мингдан ортиқ ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилгани жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатган.

Шунингдек, мажлисда қўмита томонидан 2021 йил 3 февраль куни Ички ишлар вазирлигига республикамизнинг барча ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида тиланчилик қилувчи шахслар сони кўпайиб кетишининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишини сўраб юборилган топшириқ хатига жавоб ҳам кўрилди.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда аҳоли ҳаракати гавжум бўлган кўчалар, хиёбонлар, бозорлар ва уларга туташ ҳудудлардаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ҳамда чорраҳаларда тиланчилик қилиб келаётган шахслар кўплаб учрамоқда. Бундай нохуш ҳолатлар аҳоли кайфиятига салбий таъсир этиб, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бироқ мамлакат қонунчилигида айнан тиланчилик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик масаласи белгиланган бўлса-да, ушбу норманинг ҳаётда қатъий ишламаётгани бундай шахсларнинг кундан-кун кўпайиб боришига замин бўлмоқда.

Ички ишлар вазирлигининг қўмита хатига берган жавобига кўра, Патруль-пост, Йўл патруль хизмати ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ходимлари томонидан кўчалар, хиёбонлар, бозорлар ва уларга туташ ҳудудлардаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ҳамда автомобиль йўлларида ҳудудий ички ишлар органлари томонидан тегишли топшириқлар асосида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Натижада январь ва февраль ойининг 20 кунлик даврида тиланчилик билан шуғулланиб юрган 131 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, уларга нисбатан 8 миллион сўмга яқин жарима жазоси белгиланган ҳамда 1 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мажлисда мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича амалга оширилиши муҳим бўлган ишлар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.