Главные новости
Главная / Жамият / Зангиотада 1200та уй электрдан узилган. Фуқаролар нореал қарздорликдан, электр корхонаси бошлиғи МИБ ходимларидан шикоят қилди
<

Зангиотада 1200та уй электрдан узилган. Фуқаролар нореал қарздорликдан, электр корхонаси бошлиғи МИБ ходимларидан шикоят қилди

19 октябрь куни юзга яқин истеъмолчи Зангиота тумани электр таъминоти корхонаси олдида тўпланди. Бунга корхонанинг аҳолини огоҳлантирмасдан электр тармоғидан узиб қўйгани сабаб бўлган. Бу ҳақда воқеа жойида бўлган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Зангиоталик Раҳимжон Мирзаев ишлатилган электр энергияси учун тўловларни дастлаб эски ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича, сўнгра янгиси бўйича тўлаганини, шундан кейин ҳам корхона уни 507 минг сўмга қарздор қилиб қўяётганини айтмоқда.

У 17 октябрь куни хонадони электр тармоғидан узилгани, йўқ жойдан чиқиб келган қарзларни тўлаш учун навбатда турганини таъкидлайди.

Бахтиёр Абдуллаев

«26 июнда ишлатилган электр энергияси учун 700 минг сўм нақд тўлаганман. Ундан олдинги тўлов эса 1 млн 35 минг сўм бўлган. 5 августда ҳисоблагичларимиз алмаштирилди. Кеча Ўзгаришдаги кассага борсам, электрдан 704 минг сўм қарзингиз бор экан, деб айтишяпти.

Маълум бўлишича, биздан 700 минг сўм нақд пул олган МИБ инспектори ҳисобимизга 70 минг сўм ўтказган. Бу бизнинг айбимиз эмас-ку. Инспекторнинг айби билан юзага келяпти қарздорлик, мен ўз вақтида тўлаганман. Бировларнинг айби учун уч кундан бери «свет»сиз ўтирибмиз.

МИБ инспекторини топиб телефонда гаплашдим. Ёнингиздан 700 минг сўм тўлаб туринг, ҳафтанинг охирида сизга банкдан ечиб олиб бориб бераман, дейди. Электр тармоқлари корхонаси масъуллари МИБдагиларни айбдор қилиб кўрсатишяпти», – дейди Бахтиёр Абдуллаев.

Маъмура Ҳайитова икки нафар ногирон қариндошининг номидан вакил бўлиб келганини, улар тўловларни ойма-ой тўлаб боришган бўлса-да, қарздор бўлиб чиқишаётганини айтади.

Маъмура Ҳайитова

«Ногирон қариндошларимнинг номидан вакил бўлиб келдим. Улар гапиролмайди, ҳозир «свет»сиз ўтиришибди. Тўловларни вақтида тўлашган. Барча тўлов квитанцияларини кўрсатиб, масъуллар қарзимиз борлиги, тўлаганимиздан кейин электрни ёқиб беришларини айтишди.

Аввалига 300 минг қарзимиз борлигини айтишди, уни тўласак яна 300 минг қарзсизлар, дейишди. Ноилож, униям тўладик. Ҳозиргача ошиқчаси билан 700 минг сўм тўлаб қўйдик. Тўловни қилгандан сўнг СМС-хабар жўнатинглар, «свет» ёнади дейишди. Лекин айтган рақамига СМС-хабар умуман кетмаяпти», – дейди у.

Бошқа бир истеъмолчи Сайёра Туропова ҳам янги ҳисоблагич ўрнатилгани ортидан келиб чиққан оворагарчиликлардан шикоят қилди.

Сайёра Туропова

«Электр тармоқлари корхонасига келиб эшикни тақиллатсак, ҳеч ким очмайди. Нега очишмайди? Иккита қари кампирнинг мазаси қочиб қолди. Сув сепиб, ўзига келтирдик. Нима зарур уларга ҳам?

Бундай бўладиган бўлса, эски ўлчагичларни жойига қўйсин. Ўша билан тўланаверади. Нима қилади халқни қийнаб? Бу ерда тўлов қилганларни ҳам «свет»и ҳалигача ёнмаган», – дейди Туропова.

Электр корхонаси бошлиғи: «МИБ инспекторлари аҳолидан пулни олиб, кирим қилмаган бўлса, бу бизнинг айбимиз эмас»

Зангиота тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи Иброҳим Ниғманов

Зангиота тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи Иброҳим Ниғманов юзага келган тушунмовчиликка ишлатилган электр энергияси тўловлари ўз вақтида тўланмагани сабаб бўлганини билдирди.

Унинг айтишича, Зангиота туманидаги истеъмолчилар электр энергияси назорати ва ҳисоби автоматлаштирилган тизимга (АСКУЭ) ўтказилган бўлиб, истеъмол қилинган электр энергия учун қарздорлар масофадан автоматик тарзда электр таъминотидан узиб қўйилмоқда.

«3 йил давомида электр тармоқлари корхонаси ходимлари одамларнинг уйларига бормаган. МИБ инспекторлари уйма-уй юриб, қарзларни ундирган. Бугунги кунда тумандаги барча электр ҳисоблагичлар янгисига алмаштириляпти. Ушбу жараёнда айрим инспекторлар аҳолидан пулни олган бўлса-да, кассага кирим қилмагани кўриниб қоляпти.

Қайсидир ташкилот фуқародан тўловларни олган бўлса-ю, уни истеъмолчининг ҳисобига кирим қилмаган бўлса, бу бизнинг айбимиз эмас-ку. Шу пайтгача қарзларни МИБ ундирган, биз туман электр тармоқлари корхонасимиз. Бизда нима айб, пул базага келиб тушмаган бўлса, бу онлайн тарзда қарздорларни ўчирса, электр таъминоти корхонасининг айби нимада? Бу масала бизга боғлиқ бўлганда, ходимларимиз шу ишни қилганда, масала ҳал бўларди.

Бундан ташқари, ҳисобрақамларнинг нотўғри ёзилиши ёки у пул бошқа ёққа тушиши ҳисобига ҳам қарздорлик юзага келаётган ҳолатлар ҳам бор. Базамизда истеъмолчилар қарздор деб саналгани сабабли хонадонлар электр тармоғидан узилмоқда. Қарзи бўлмаганларни узаётганимиз йўқ.

Қолаверса, бу жараёнга инсон омили аралашмаган, янги ҳисоблагичлар автоматлаштирилган бўлиб, база автоматик тарзда қарздорларни узяпти», – дейди Иброҳим Ниғманов.

«Қарзга кирган истеъмолчилар тармоқдан узиб борилаверади»

Туман электр корхонаси бошлиғи аҳоли нима учун аввалдан огоҳлантирилмаганига ҳам изоҳ берди.

«Истеъмолчини огоҳлантирмасдан унинг хонадонини тармоқдан узиб қўйишга ҳаққимиз борми? Аҳоли хонадонларидаги электр ҳисоблагичларни янгисига алмаштириб, дастурга киритяпмиз. Ўша пайтда қарздор бўлган фуқаролар қарзини тўлаб, базага телефон рақамларини киритиб қўйишлари керак эди. Юқорида айтилганидек, бу ишларни дастур амалга оширмоқда. Телефон рақамингиз киритилса, уч кун олдин огоҳлантириш ҳақида хабар боради.

Зангиота туманида 50 мингта истеъмолчи бор. Энди 1200та хонадон қарздорлик сабаб ўчирилди. Шу тарзда қарзга кирган истеъмолчилар тармоқдан узиб борилаверади. Лекин ҳисобида пули бўлган абонент ўчаётгани йўқ.

Қайси жойдан пул тўлаб, 700 минг сўм ёзиб, амалда 70 минг сўм туширса, бизда қарздор бўладими? Аслида 700 минг сўмлик электр ишлатганми? Биз фақат мана бу пулингиз 700 минг эмас, 70 минг сўм тушган экан, деб маълумот бероламиз», – дея таъкидлади Зангиота тумани электр тармоқлари корхонаси бошлиғи.

17 октябрь куни ижтимоий тармоқлар ва Telegram’даги каналларда Зангиота туман электр таъминоти корхонаси истеъмолчиларни огоҳлантирмасдан тармоқдан узиб қўяётгани, электрон хизматлар ёрдамида қарз тўлангандан кейин ҳам муаммо ҳал бўлмаётгани, натижада ТЭТК олдида тумонат оломон йиғилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

«Тошкент ҲЭТК» АЖ юзага келган ҳолатга муносабат билдириб, тумандаги истеъмолчилар электр энергияси назорати ва ҳисоби автоматлаштирилган тизимга ўтказилгани, ҳозирги кунга келиб, қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар тармоқдан узиб қўйилаётгани, тўловлар тўлангандан сўнг маълум вақт ичида электр энергияси таъминоти яна қайта тикланаётганини маълум қилган.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

adz7lu7fuhwnieimtkj50_1ivungsatz

Талабалар — пойтахтнинг асл уйсизлари

Тошкентдаги асл уйсизлар кимлигини биласизми? Минглаб талабалар! Талабаларга вақтинча яшашлари учун одатда уй етишмайди. Уй …