Главная / Маданият / ЗАМОНАВИЙ УРФ-ОДАТЛАРГА ИСЛОМНИНГ МУНОСАБАТИ ҚАНДАЙ?
<

ЗАМОНАВИЙ УРФ-ОДАТЛАРГА ИСЛОМНИНГ МУНОСАБАТИ ҚАНДАЙ?

islomҲар бир халқнинг ўзига хос урф-одат, анъана ва маросимлари бор. Уларнинг ҳар бири бошқасидан тубдан фарқ қилади. Бири фойдали, бири мутлақо зарарли. Бирида миллийлик акс этса, бирида бузуқликка тарғиб ва ҳоказолар бўлиши мумкин. “Бу каби урф-одатларга Ислом динининг муносабати қандай?”, деган саволга жавоб топиб кўрайлик.
Урф-одат – кишиларнинг турмушига сингиб кетган, маълум муддатда такрорланиб турувчи хатти-ҳаракат, кўпчилик томонидан қабул қилинган хулқ-атвор қоидалари кўникмасидир. Масалан, кичикларнинг катталарга салом бериши, уй-ҳовлини тартибга келтириб қўйиш, меҳмонларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш, байрам арафасида кекса, қариялар, касал, ожиз, қийналган кишилар ҳолидан хабар олиш, қўни-қўшниларнинг бирор ишига ёрдам бериш, ҳашарга бориш кабилар ўзбек халқига хос яхши одатлар ҳисобланади. “Одат” деган тушунча у маълум шароит таъсирида вужудга келиб, кишининг феъл-атворида мустаҳкамланиб қолган ва кейинчалик ўз-ўзидан беихтиёр бажариладиган ҳаракат маъносини билдиради.
Анъана эса ижтимоий ҳаёт, меҳнат, маданиятнинг барча соҳаларига хос ҳодиса сифатида жуда кенг доирани қамраб олади. Муайян бир жамоанинг турмуш тарзи, хатти-ҳаракати, хулқ-атвори, мулоқоти ва оилавий муносабатларида намоён бўлади.
Маросим – инсон ҳаётидаги муҳим воқеаларни нишонлашга қаратилган, расмий ва руҳий кўтаринкилик вазиятда ўтадиган, умум қабул қилган тартиб-қоидаларга амал қилинадиган тадбир саналади. Масалан, исм қўйиш, никоҳдан ўтиш, дафн қилиш, хотирлаш, экин экишга киришиш (уруғ қадаш), ўришга киришиш маросимларидир.
Урф-одат ва анъаналар кундалик ҳаётда доимо кузатилса, маросим эса инсон ҳаётидаги муҳим ҳодисалар содир бўлганида вужудга келади. Маросим кишилар ҳаётидаги энг муҳим воқеаларни туғилиш, уйланиш, ўлим кабиларни ўзида мужассамлаштирадиган умумий тушунча. Маросимларни ўтказишда авлоддан-авлодга ўтадиган, рамзий ва расмий анъаналар, қоидаларга амал қилинади. Маросимда бўлаётган воқеага “гувоҳ” сифатида одамлар чақирилади. Одамлар кимнингдир ғами ёки қувончига шерик бўлишади, келажак учун яхши ниятлар қилишади. Ҳар бир маросимнинг ўзига хос умум қабул қилинган тузилиши (бошланиши, ўртаси, охири) бўлади. Инсон ҳаётида бўлиб ўтаётган муҳим воқеани нишонлаш жараёнида анъана ҳам, одат ҳам маросим ҳам мужассамлашади. Демак, “Анъана”, “одат”, “маросим” бир-бири билан бевосита боғлиқ ҳодиса ҳисобланади. Шу боис анъаналарнинг таркибий қисми одат, одатнинг таркибий қисми эса маросим ҳам бўлиши мумкин. Масалан, билим юртини битирган ёш мутахассисларнинг ишлаб чиқаришга бориб иш бошлаши одат тусига кириб қолган. Бу муҳим воқеа муносабати билан анъанавий тадбирлар ташкил қилиш мумкин. Бу одатнинг таркибий қисми – ёшларни тантанали равишда меҳнат жамоасига қабул қилиш ўз-ўзидан маросимга айланади. Баъзи холатларда “анъана”, “одат” ва “маросим” тушунчалари алоҳида ишлатилса, улар мавҳум маънони англатиши ҳам мумкин. Бундай пайтда уларга аниқловчи сўзлар қўшилиб, масалан, “анъанавий байрам”, “анъанавий фестиваль”, “анъанавий кеча” ёки “мукофотлаш маросими”, “тўй маросими”, “нафақага кузатиш маросими” тарзида қўлланилади.
“Маросим” сўзи жамоатчилик иштирокида ўтказиладиган катта тадбир маъносини билдиради. Оилавий урф-одатлар оила пайдо бўлиши билан вужудга келган. Шу туфайли у оилалар ўзгариши билан биргаликда у ҳам ўзгарган, ривож топган.
Тараққиёт, замон талабига жавоб берган урф-одат янада кучайиб замонга қараб ривожланиб бормоқда. Ўзбек халқининг оилавий маросимлари ҳам тарихий зарурият асосида вужудга келган ва замон чиғириқларидан ўтиб, муҳим маънавий қадрият сифатида равнақ топган. Урф-одатларимизга айланиб қолган чақалоқни бешикка солиш каби урфларимиз мавжуд. Бу бешик тўйи мавзусини батафсилроқ ёритар эканмиз, бешик тўйи қадим замонлардан ҳар бир оилада ўтказилиб келингани туфайли, бу маросим халқ маданий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолган. “Янги урф-одат ва анъаналар” ҳаётимизга янада равонлик олиб киради. ХХ асрнинг иккинчи ярмида, замон ўзгариши билан кейинги даврда ҳаётимизга туғилган чақалоқларнинг ота-оналарига гувоҳнома ёки вояга етган ёшларга паспорт топшириш, ўқув юрти битирувчиларига тантанали равишда диплом ва шаҳодатномаларини топшириш ва уларни меҳнат жамоасига қабул қилиш, тантанали нафақага кузатиш тадбирлари кабилар кириб келган эди. Ҳозирга келиб, улар “анъанавий тадбир” урф-одатларимизга айланиб бормоқда.

Муқаддас ислом динининг урф-одатларга муносабати

     Ислом динининг ҳар қандай замон ва маконнинг муаммоларини ҳаётий ҳал қилувчи қонун-қоидалари урф-одат ва анъаналарга ҳам ўз муносабатини аниқ баён қилган. Жумладан, урфни қабул қилиниши учун қуйидаги шартларни қўйган:
Қуръони каримда очиқ-ойдин таъқиқланган ёки ҳалол қилинган ишлардан бирортасини ҳалол ёки ҳаром қилувчи одат бўлмаслиги;

1. Ҳадиси шарифда очиқ-ойдин ҳалол ё ҳаромлиги баён қилинган ҳукмларига зид бўлмаслиги;

2. Ҳар қандай урф-одат ва анъаналар фақиҳларнинг ижмоъи яъни Қуръони карим ва суннати мутаҳҳара мазмунидан келиб чиқиб, умумхалққа манфаат келтиришга асосланган иттифоқларига зид бўлмаслиги.

3. Бидъат-хурофот ишларга тарғиб қилувчи бўлмаслиги зарур;

4. Фаҳш ва “оммавий маданият”га тарғиб қилувчи иш бўлмаслиги;

5. Унинг шариатдаги бирорта асосга таяниши…

      Урф-одатларни қабул қилиш борада ҳанафий мазҳаби вакиллари анча кенг йўл тутганлар ва ҳатто бидъат (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва салламнинг давларида бўлмаган, У зотнинг вафотлариданг сўнг пайдо бўлиб, диний тус олган иш)ни ҳам иккига бўлганлар. Пайғамбаримиз вафотидан сўнг пайдо бўлган ҳар қандай иш бидъат- хурофот, ёмон, гуноҳ ва ҳаром иш ҳисобланвермайди, балки, уларнинг асл моҳияти, мақсад-ғоясига қараб, сўнг унинг ўзига мос муносабат билдирилади, деган мулоҳазани илгари сурадилар. Бу фикрларини исботлаб бериш учун “бидъат” ни ҳам икки қисмга бўлишади:

1. “Бидъати ҳасана” яъни “Яхши ва савобли иш бўлган бидъат”;

2. “Бидъати саййиа” яъни “Ёмон ва гуноҳ иш бўлган бидъат”ларга тақсимлашган.

        Бунга Пайғамбаримиздан ривоят қилинган қуйидаги айтилажак маънодаги ҳадиси шарифни далил қилиб келтиришганлар: “Кимда ким бирор яхши суннат (урф-одат)ни жорий қилса, у ўша ишнинг савобини олади ва қолаверса, қиёматгача шу ишни қилган одамларнинг савобидек унга ҳам ажр-савоб бориб туради. Бу (биринчи бошлаган) кишига берилган савоб ҳисобига, кейинги қилаётган кишиларнинг савоби озайиб қолмайди. Балки, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳар иккисига ҳам алоҳида-алоҳида савоб беради. Кимда-ким бирор ёмон ишни суннат (урф-одат)ни жорий қилса, унга ўша ишнинг гуноҳи ва қиёматгача шу амални қилувчи кимсаларнинг гуноҳларидек гуноҳ бориб туради. Бу кишига борадиган гуноҳ эвазига ҳозирда шу гуноҳ ишни қилган кимсаларнинг гуноҳи камайиб қолмас. Балки, Аллоҳ таоло ҳаммаларига алоҳида-алоҳида гуноҳ ёзади”. Мазкур муборак ҳадиси шарифдаги “Суннат” сўзи айнан ўзбек тилидаги “урф-одат” маъносида келгандир. Демак, ҳар қандай урф-одат ҳам ёмон бўлавермас экан. Балки, унинг мазмун-моҳияти, натижаси эътиборидан яхши ва ёмонга бўлиш мақсадга мувофиқ экан.
Юқорида айтилганлардан хулоса қилиб, қуйидагиларни айтишимиз мумкин: муқаддас Ислом таълимоти диний ва миллий қадриятларимизга зид бўлмаган, жисмоний ва маънавий зарар келтирмайдиган, умумманфаатли, “оммавий маданият” га тарғиб қилмайдиган, жамиятнинг тараққиётига тўсиқ бўлмайдиган, унинг келажагига раҳна солмайдиган ҳар қандай замонавий урф-одат ва анъаналарга ҳеч қачон тўсқинлик қилмайди. Аммо, юқорида айтилган баъзи урф-одатларимизни амалга оширишда ҳаддан ошилса, уни бартараф қилиш тадоригини кўради. Масалан, бугунги кундаги ҳатто Давлат идоралари томонидан ҳам ихчамлаштиришга буюрилаётган урф-одатлардан бўлмиш қуйидаги баъзи одатларни оқламайди ҳам:

1. “Бешик тўй” даги келин томонга солинадиган “солиқ”лар;

2. “Суннат, хатна, чукрон тўй” даги ортиқча дабдабабозлик ва келин томоннинг қай аҳволда бўлишига қарамай, уларга тўйга буқа ва сарполар олиб келиш мажбуриятининг юкланиши;

3. “Никоҳ тўй” даги “ЗАГС” қилиш одати; (Баъзи ҳоллар ЗАГС пайтида маст ҳолда машина ҳайдовчи куёвжўраларнинг “шарофати” билан тўйнинг азага айлангани ҳам аччиқ ҳақиқат);

4. Келиннинг ота-онаси келин-куёвнинг яшаш жойини мебел ва бошқа турли уй жиҳозлари билан тўлдириб бериши;

5. “Чақирди”, “Қирқта сават қилиш”;

6. Андижон шевасида “Мазар еди” деб аталувчи маросим ва келин томондан қирқ кун давомида куёвнинг оиласига каби одатлар.

7. Ўлим маъракаларидан сўнг қилинадиган “уч, етти, йигирма, қирқ, йил оши” каби мусибатзадаларнинг руҳий мусибатининг устига иқтисодий мусибат бўлмиш, ўзларида имкониятлари йўқ бўла туриб, қарз олиб бўлсада қилиш каби одат тусига кирган урф-одат, анъана ва бошқа маросимларни ижобий баҳоламайди, албатта. Балки, улардан қаттиқ қайтаради. Ҳар қандай урф-одат ва маросимларни шариатнинг умуминсонийликка йўғрилган қонун-қоидалари доирасидан чиқмаган ҳолда амалга ошириш кераклигини таъкидлайди.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

otaic-jq795mu5zhiqbia26_uptgju2x

Қандай ҳолатларда хорижий олий таълим муассасаси дипломи Ўзбекистонда тан олинмайди?

 Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси қандай ҳолатларда хорижий олий таълим муассасасининг …