Главная / Жаҳон / Ўз фуқароларини ўлдириб қўйган Эрон, қироличани ранжитган шаҳзода, Ливияда рус-турк манфаатлари тўқнашуви ва ҳафтанинг бошқа хабарлари
<

Ўз фуқароларини ўлдириб қўйган Эрон, қироличани ранжитган шаҳзода, Ливияда рус-турк манфаатлари тўқнашуви ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

«Ўзавтосаноат» режалари. UzAuto Motors компанияси 2019 йил охирида Тошкентда Chevrolet’нинг тўртта янги модели — Tahoe, Traverse, Trailblazer ва Equinox’нинг тақдимотини ўтказганди. Бу тўрт русумдаги автомобилнинг барчаси хориждан импорт қилинади. Tahoe ва Traverse АҚШдан, Trailblazer Таиланддан, Equinox эса Хитойдан келтирилади.

Автомобильларнинг нархлари (қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)сиз):
Equinox: бошланғич нархи — 225 652 174 сўм (23,7 минг доллар)дан, Редлине ЛТ комплектацияси — 303 478 261 сўм (31,9 минг доллар);
Trailblazer: бошланғич нархи — 264 347 826 сўм (27,7 минг доллар)дан, ЛТЗ комплектацияси — 346 086 957 сўм (36,3 минг доллар);
Traverse: бошланғич нархи — 404 173 913 сўм (42,4 минг доллар)дан, Премиэр комплектацияси: 518 260 870 сўм (54,4 минг доллар);
Tahoe: бошланғич нархи — 517 391 304 сўм (54,3 минг доллар)дан, Премиэр комплектацияси: 691 304 348 сўм (72,6 минг доллар).

  • «Ўзавтосаноат»да арзон автомобиллар ишлаб чиқариш режаси йўқми?

Кейинроқ Ўзбекистонда 2020 йилдан Chevrolet Onix (нисбатан арзон, 10—15 минг АҚШ доллари атрофида) ишлаб чиқарилиши ҳам маълум бўлди.

2020 йилда янги моделларни ўзлаштириш доирасида ишлаб чиқариш жараёнида қисқа танаффуслар кузатилиши кутилмоқда.

6 январь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида UzAuto Motors компанияси расмийси томонидан 2022—2023 йилларга қадар Ўзбекистонда Spark, Nexia, Cobalt ва Gentra автомобилларини ишлаб чиқариш аста-секин тўхтатилиши ҳақида хабар берилди.

Эрон ичида ўз фуқаролари бўлган украин самолётини уриб туширди

8 январь куни «Украина халқаро авиалиниялари» авиакомпаниясининг Boeing 737-800 русумли авиалайнери ҳалокати Украина фуқаролик авиацияси тарихидаги энг йирик авиаҳалокат бўлди. Теҳрондан Киевга парвоз қилган самолёт қулаши оқибатида 176 киши – 167 йўловчи ва экипажнинг 9 аъзоси ҳалок бўлди. Самолёт Теҳрондаги аэропортдан ҳавога кўтарилгач бир неча дақиқа ўтиб аҳоли яшаш кварталлари яқинидаги далага қулаб тушди. Авиаҳалокат Яқин Шарқдаги сиёсий можаролар фонида рўй берди. Шу куни Эрон генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлимига жавобан АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракета зарбалари йўллаганди.

  • Эронда украинларнинг йўловчи самолёти қулади. Бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлди

11 январь куни Эрон ҳукумати мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими «Украина халқаро авиалиниялари»нинг Теҳронда қулаган Boeing 737 йўловчи самолётини ракета билан уриб туширганини тан олди. Эрон қуролли кучлари бош штаби маълумотида айтилишича, самолёт уриб туширилиши инсон омили туфайли рўй берган. Ҳарбийлар авиаҳалокат Эрон ва АҚШ муносабатларида кескинлик кучайган вақтда рўй бергани, америкаликларнинг Ироқдаги авиабазаларига зарбалар берилгач, АҚШ ҳарбий самолётлари учиши кўпайганини қайд этишган. «Бу вазият ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими бўлинмаларидаги сергакликни оширди», — дейилади баёнотда. Ҳарбийларнинг қайд этишича, украинлар самолёти Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг муҳим ҳарбий объектларидан бири яқинида пайдо бўлиб қолган ва кўринишидан душман ҳарбий самолётини эслатган. Эрон ҳарбийлари ўз тизимларини янгилашга ва келажакда бундай «хато» қайтарилмаслигига ваъда беришди.

Эрон ТИВ раҳбари Муҳаммад Жавод Зариф авиаҳалокат «АҚШ бошлаган инқироз вақтида рўй берганини қайд этган». Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳукумат «бу ҳалокатли хатодан чуқур афсусдалиги»ни маълум қилди. У Эрон самолёт ҳалокати қурбонларининг яқинларига товон пули тўлашини қўшимча қилди. Унинг IRNA агентлиги томонидан келтирилган баёнотида, авиаҳалокат эронлик ҳарбийлар АҚШ томонидан ҳужум таҳдиди туфайли жанговар ҳолатда турган вақтда рўй берганига урғу қаратилган.

Эрон Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими оператори душман объекти деб ўйлаган, лекин қўмондонлик билан боғлана олмаган ва самолётни уриб тушириш тўғрисида мустақил қарор қабул қилган. Бу ҳақда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал Амир-Али Ҳожизода маълум қилди. «Ёки тизим ишлашида муаммо юзага келган, ёки тармоқ банд бўлган ва у раҳбарият боғлана олмаган. Унда қарор қабул қилиш учун 5 сония вақт бўлган. Афсуски, у хато қарор қабул қилган ва нишон томон ракета учирган», — дейди Ҳожизода. У корпус самолёт ҳалокати учун жавобгарликни тўлиқ зиммасига олишини маълум қилган. Ҳарбийлар ҳукуматнинг исталган қарорига бўйсунишга тайёр.

Эрон авиаҳалокатга олиб келган «кечирилмас хато» бўйича текширувларни давом эттиради ва айбдорлар жавобгарликка тортилади. Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг маълум қилишича, айбдорларни ҳарбий трибунал кутмоқда. Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий ҳам самолёт ҳалокати текширув натижалари эълон қилинишини талаб қилди. Эрон Францияга қора қутиларни расшифровка учун юборди.

Украина президенти Владимир Зеленский Эрон ҳодиса учун тўлиқ жавобгарликни зиммасига олишини талаб қилди. «Биз Эрондан тўлиқ ва очиқ текширувлар ўтказишни, айбдорлар жавобгарликка тортилишини, жасадлар топширилиши, товон пули тўланиши ва дипломатик каналлар орқали расман узр сўралишини кутамиз», — деди Зеленский. У авиаҳалокат бўйича текширув «сунъий тўхталишлар ва тўсқинликлар»сиз ўтишига умид билдирди. Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Иван Баканов Эроннинг баёноти Украина талқинини тасдиқлаганини қайд этиб ўтди. «Биз инсон омилини авиаҳалокатнинг асосий сабаби сифатида кўриб чиққандик — зенит-ракета мажмуаси қўлда бошқарилади, автомат режимда эмас», — деди у.

Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳам жиддий текширув ўтказилишини талаб қилди. «Эрон юз берган воқеа учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олиши, синчковлик билан очиқ тергов ўтказиши ва айбдорларни жавобгарликка тортиши керак», — деди Трюдо. У Эрон ҳукумати бу борада тўла ҳамкорлик қилишига умид билдирди.

Эрон томони аввалига самолёт ракета томонидан уриб туширилгани ҳақидаги маълумотларни сўзсиз рад этганди. Бу вақтда АҚШ, Канада ва Буюк Британия лайнер ракета зарбасига учрагани ҳақидаги маълумот мавжудлигини айтганди. Эрон ҳукумати ҳалокат рўй берганидан кейиноқ «боинг» двигателлардан бири ёниб кетгани туфайли қулагани ҳақида баёнот берганди. 9 январь куни Канада бош вазири Жастин Трюдо Канада разведкаси самолёт Эроннинг «ер-ҳаво» типидаги ракетаси билан уриб туширилганини аниқлагани ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам қўшилди. 10 январь куни АҚШ Давлат департаменти раҳбари Майк Помпео АҚШ украинлар самолётини Эрон уриб туширган деб ҳисоблашини билдирди.

Nariman

@NarimanGharib

The footage i’ve got from a source – the moment the missile hit the #Flight752. I can’t verify the video yet! but please let me know if you find anything. I’m in contact with the person who send this video to see if I can get a version of video which has a meta data on it

Embedded video

3,216

Twitter Ads info and privacy
2,178 people are talking about this

«Боинг» ҳалокатидан кейин интернетда самолётга ракета бориб теккани тасвирланган видео пайдо бўлганди. Америка нашрлари ўз манбаларига асосланган ҳолда лайнер «Тор» зенит-ракета мажмуасидан учирилган иккита ракета орқали уриб туширилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатди.

  • Теҳронда бошланган намойишларда оятуллоҳ Хоминаийдан истеъфо талаб қилинмоқда

Россия ва Туркия Ливиядаги таъсир доираларини бўлиб олди

Россия манфаатлари
Ливиянинг бой ресурслари учун асрлар давомида қаттиқ кураш кечган — бу ҳудуддаги маҳаллий бедуинларнинг ўзаро кураши ташқи кучлар ўз мақсадларига осонлик билан эришишига хизмат қилган.

Россия ҳам табиий ресурслари туфайли (нефть захираларининг асосий қисми айни вақтда РФ томонидан қўлланадиган Ҳафтар кучлари назоратида), ҳам сиёсий нуқтайи назардан Ливияда мустаҳкамланиб олишга интилади.

Бундан ташқари, Ливия Ўрта Ер денгизи бўйидаги ўз портлари билан логистик томондан кенг имкониятларга эга, бу орқали Россия Африкадаги таъсирини янада кенг ёйиши мумкин.

Кўп йиллардан буён можаро ичида қолган Ливия бу мақсадларни амалга ошириш учун мос келади — айниқса ҳозир АҚШ Яқин Шарқдаги муаммолар туфайли бу мамлакатга эътибор қаратмаётган вақтда. Тўғри, Туркия ҳам бу ҳудудда фаоллашди, аммо Россия Сурияда турклар билан келишишни ўрганиб олганди.

Туркиянинг янги сиёсати
Эрдўған даврида Туркия ташқи сиёсатидаги йўналишларни қайта кўриб чиқди. Авваллари бу давлат зиддиятли вазиятларда дипломатик йўл тутишга ҳаракат қилган бўлса, АҚШнинг 2003 йили Ироққа бостириб кириши бундай йўналиш самарасиз эканини кўрсатиб берди. Сурияда уруш бошланганда ҳам Туркия аввалига можарога аралашмасликка ҳаракат қилди, аммо АҚШнинг ваъдалари бажарилмагач, Туркия ҳам ҳаракатга тушди.

Туркия ҳукумати раҳбарияти минтақада ўз манфаатларини илгари суришнинг энг яхши йўли биринчи бўлиб ўқ отиш ва кучларини намойиш этиш, кейин музокараларга киришиш эканини англаб олди. Москва туркларга намуна кўрсатиб берди. Башар Асаднинг сўровидан бир неча соат ўтиб Россия Сурияга қўшин киритганди.

Эрдўған худди шундай ишни Ливия билан қилди. Фаёз Сарож Анқарадан ҳарбий ёрдам сўради, Эрдўған парламентда керакли қонунни тасдиқлатиб олди.

Ундан аввал Анқара ва Триполи денгиздаги чегараларни белгилаб олди. Бу келишувнинг қонунийлиги бўйича Греция ва яна бир қанча давлатлар баҳслашмоқда, чунки тасдиқланган чегара Туркияга Кипр шельфларида углеводородлар қазиб олиш учун қўшимча имконият яратади. Бу ҳавзаларни Европа билан боғлайдиган газ қувурлари энди Туркия ҳудуди орқали ўтиши мумкин.

Туркия 2019 йил охирида Триполидаги Ливия миллий келишув ҳукумати билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиш бўйича битим тузган, бу битим шартлари асосида 2020 йил бошида Ливияга Туркия ҳарбийлари юборилганди. Айрим маълумотларга кўра, Ливияга Туркиядан ҳарбий маслаҳатчилар ва Туркия таъсирида бўлган суриялик ёлланма жангчилар жўнатилган.

Аммо Триполидаги ҳукумат душмани бўлмиш шарқдаги Халифа Ҳафтар армиясига таянган ҳукумат Россия томонидан қўллаб-қувватланади. Россия СССРда таҳсил олган, рус тилида сўзлашувчи ва секуляризм тарафдори бўлган Ҳафтарни қўлламаслиги мумкин ҳам эмасди.

Эрдўғаннинг Ливияга ҳарбийлар юборишидан мақсад бу ерда мувозанатни тиклаш эди – у бир неча марта ОАВ орқали Ливияда россияликларнинг «Вагнер» хусусий ҳарбий кампанияси жангчилари мавжудлиги ҳақида жар солганди.

8 январь куни Эрдўған Истанбулда Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар вақтида Ливияда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши бўйича келишувга эришди. Бу келишув 12 январь кунидан кучга кирди.

Аммо ҳар лаҳзада томонлардан бири келишувни бузиб, ўт очиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Қолаверса, фельдмаршал қўшинлари бир неча кун олдин, Путин ва Эрдўғаннинг келишувидан кейин Ўрта Ер денгизи бўйида жойлашган йирик Сирт шаҳрини босиб олганди.

Қиролича хонадонида оилавий кенгаш

8 январь куни Буюк Британия қироличаси Елизавета II’нинг набираси, шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл қироллик оиласининг юқори мартабали аъзолари мақоми ва у билан боғлиқ имтиёзлардан воз кечишини эълон қилди.

Бундан ташқари, улар вақтларини Буюк Британия ва Канадада ўтказишмоқчи. Улар бу уларнинг ўғли Арчини қироллик анъаналари руҳида тарбиялаш ҳамда оиланинг кейинги режаларини амалга ошириш учун етарли даражада шароитлар яратилишига туртки беришига ишонч билдирмоқда. Герцог ва герцогиня Сассекслар бу борадаги аниқ режалари билан ўртоқлашмаган.

Қиролича Елизавета II улар огоҳлантирмасдан бундай қарорга келганидан «қайғуга тушган ва ранжиган».

  • Саройдан чиқиш. Шаҳзода Ҳарри ва Меган ўз мақомларидан воз кечишмоқда

Қиролича душанба куни ўз набираси билан учрашиб, унинг қироллик хонадонидаги келгуси тақдирини муҳокама қилади.

Учрашувда Ҳаррининг отаси бўлмиш Уэльс шаҳзодаси Чарльз ҳамда акаси, валиаҳд шаҳзода Уильям ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Душанба кунги учрашув Норфолкдаги қасрда ўтказилади, саройдагилар, бу учрашув герцог ва герцогиня Сассексларнинг қироллик оиласи билан янги муносабатлар яратиш учун ёрдам беришига умид қилишмоқда.

Австралиядаги ёнғинлар

2019 йил июлидан буён Австралияда кенг кўламли ўрмон ёнғинлари тинмади. Ҳукумат ҳисобига кўра, шу вақтга қадар 28 киши ёнғин қурбони бўлди, шунингдек, Сидней университети профессор Крис Дикманнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир миллиард жонивор ёнғинда куйиб кетди.

Кузда авж палласига кирган ёнғинлар 10 миллион гектар майдондаги ўрмонлар, бутазорлар ва хиёбонларни домига олди. Ҳисоб-китобларга кўра, ёнғинлар камида 2 мингта уйни яксон этган.

Энг катта талофат Янги Жанубий Уэльсда қайд этилган, бу штатда аланга 1,6 мингдан ортиқ уйни ҳамда қарийб 5 миллион гектар майдонни қамраб олган. 6 январь ҳолатига кўра штатда 130та ёнғин ўчоғи қайд этилган.

Австралия полицияси ўрмон ёнғинлари билан боғлиқ жиноятлар учун 183 кишига, жумладан 40 нафар балоғатга етмаган шахсга нисбатан судга даъво аризаси берган.

Ёнғинга қарши кураш учун 3 минг нафар захирадаги ҳарбийлар жалб этилди. Бундан ташқари, минглаб кўнгиллилар оловга қарши курашиш учун отланди.

Австралияга АҚШ, Канада ва Янги Зеландиядан ўт ўчирувчилар ёрдамга етиб келишди, шунингдек Малайзия ва Польша ўз хизматларини таклиф қилишди. Бундан ташқари, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, Франция президенти Эммануэль Макрон ҳамда АҚШ президенти Дональд Трамп ёрдам таклиф қилган.

Австралиядаги ёнғинлардан ҳавога кўтарилган тутун Чили, Аргентина Янги Зеландияга етиб борди. Тутун Антарктикага ҳам етиб борган бўлиши мумкин.

Бундай йирик ёнғинлар сабаби сифатида юқори ҳарорат, қурғоқчилик, кучли шамоллар ва ёғингарчилик йўқлиги келтирилди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

epa08195250 Tedros Adhanom Ghebreyesus, Director General of the World Health Organization (WHO), informs the media about the current situation regarding the novel coronavirus (2019-nCoV) during a press conference at the World Health Organization (WHO) headquarters in Geneva, Switzerland, 05 February 2020.  EPA/SALVATORE DI NOLFI/2020-02-06 01:12:12/

«Биз айсбергнинг учини кўриб турибмиз». ЖССТ раҳбари коронавирус бўйича баёнот билан чиқди

ЖССТ бош директори келажакда коронавируснинг Хитойдан ташқарида тарқалиши тезлашиши мумкинлигини истисно этмади ва барча мамлакатлар …