Сўзларни қайрайлик, Обдан тоблайлик,
Идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,
Ўзбекнинг қоракўз болаларига
Битта дунё қолсин ҳайратлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
Эшилган пўлатдай дарёлар қолсин,
Чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин,
Мусаффо хаёллар, Самолар қолсин.
Сўзларни қайрайлик,
Дўстлар, жўралар,
Ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:
Яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
Болакайлар учун очайлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
Унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
Токим бу дарёлар бемалол оқсин,
Болаларга қолсин жаннат еримиз.
Сўзларни қайрайлик, Тағин қайрайлик,
Токим кескир бўлсин бамисли олмос.
Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
Ўткир сўз қолмаса…
Ҳеч нарса қолмас.
Саволар
- Шоир «Ёш ўзбек шоирларига» шеърида келажак авлод такдирига қандай муно- сабатда бўлмоқда? Сизнинг фикрингиз қандай?
- “Сўзларни қайрайлик” мисрасининг маъносини изохлашга харакат қилинг.
- “… яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин болакайлар учун очайлик” мисраларини талқин қилинг.
- “Ўткир сўз қолмаса шоирларидан, ўткир сўз қолмаса… ҳеч нарса қолмас” мисраларини идрок қилишга ҳаракат қилинг. Юртдошимиз Шавкат Рахмондан биз учун “ўткир сўзлар” қолганми? Мулоҳаза юритинг.
- “Сўз сехри ва қудрати” мавзусида кичик эссе ёзишга ҳаракат қилинг.
- Шеърни ифодали ёд олинг.