Главная / Маданият / Йўлдаги ўйлар
<

Йўлдаги ўйлар

yulЯқиндаги масжиддан азон овози эшитилди. Муаззин бизларни намозга чақирар, азон оҳанги шу даражада жозибали эдики, ҳатто сас келган томон юриб борганингни билмайсан киши… Таҳорат олиб, намозга шошилдим. Уйдан чиқарканман, “Эй Аллоҳ, гуноҳларим кечирилган ҳолда қайтишимни насиб эт”, деб дуо қилдим.
Масжидга кетаётиб, йўлда машинасини меҳр билан юваётган Ҳасан акага кўзим тушди. Салом бериб ўтарканман, хаёлимдан “Бу киши жамоатга чиқиб турарди. Ҳозир эса ишига қаттиқ берилиб кетган кўринади”, деган ўй ўтди. “Йўғ-э, ёмон гумон қилишдан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизларни қайтарганлар. Ҳасан ака ҳозир етиб олсалар керак”, деб ўйлаб кетардим, тўсатдан ғичирлаган эшикнинг овози хаёлимни бузиб юборди. Чамаси 80 ёшлар атрофи беллари букчайган, лекин юзларидан нур таралиб турадиган, қараган инсоннинг қалбига ҳузур бахш қилувчи отахон шошилиб чиқаётгандилар. Мен:

– Ассалому алайкум, – дедим.

– Ва алайкум ассалом. Ўғлим, сиз тезроқ юринг, азон айтилди, мен розиман, – деб жавоб бердилар.

– Хўп бўлади, отахон, – деб қадамимни янада каттароқ ташладим. Лекин хаёлимда бир савол чарх урарди: Ҳасан ака ҳам етиб олармикан?

     Масжид ичига назар солдим, алҳамдулиллаҳ, жамоатдан кеч қолмабман. Лекин масжиддан чамаси 20 метр нарида сигаретасини тутатиб ўтирган, гавда-боши келишган, 35-40 ёшлардаги одамни кўриб қалбим яна изтиробга тушди. Масжидга кириб намозни адо қиларканман, намоздан кейинги имомнинг қироати қалбимга тасалли берди: “Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтириб, намозларини тўкис адо этадиган, закотларини берадиган ва фақат Аллоҳдангина қўрқадиганлар (жамоат намозларига ҳозир бўлиш орқали) обод қиладилар”.
Масжиддан чиқиб, Аллоҳнинг улуғлиги, жамоат намозининг фазилати ва фойдалари ҳақида фикр юритиб, “Эй Аллоҳ, Сенинг буйруқларингда инсонларга қанчадан-қанча фойдалар бор-а?! Қани энди ҳамма инсонлар буни билсалар…” дедим.
Ҳасан ака машинасини ҳамон юварди. Қаердандир келган журъат билан:

– Ака, нега жамоатга чиқмадингиз?! – дедим.

– Укам, иш билан бандман, кўрмаяпсизми? – деб жавоб қилди Ҳасан ака.

Бир оз ўзимни ўнглаб, Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу ҳақларида гапириб бердим:

– Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг кўзлари ожиз эди. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, “Эй Расулуллоҳ, мени масжидга олиб келувчи одам йўқ. Намозимни уйимда ўқисам бўладими?” деди. Расулуллоҳ у кишига рухсат бердилар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум Расулуллоҳнинг жавобларини эшитиб орқага қайрилиб кетаётганларида, у зот чақириб: “Уйингда азонни эшитасанми”, дедилар. У киши: “Ҳа” – деди. Расулуллоҳ: “Ундай бўлса, масжидга чиқ”, деб айтдилар.

   Ҳикоямни тугатарканман, Ҳасан аканинг кўзларидан оқаётган ёшдан у қилган ишидан афсусланаётганини билдим.

– Укам, кўзимни очдингиз, Аллоҳ сиздан рози бўлсин! – деб ташаккур айта кетди. Тўсатдан тез ёрдам машинаси тўхтаб, шифокор биздан бир манзилни сўради. Ҳасан ака, бояги масжид ёнидаги уйни кўсатди.

– Тинчлимикан?

– Билмадим, ўша уйда бир отахон яшайдилар. Ишқилиб тинчлик бўлсин, – деб хайрлашдик.

     Аср намозига ҳам масжидга чиқдим. Масжид ховлисида икки тобут турарди. Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун. Аллоҳ раҳмат қилсин! Намоздан кейин имом маййитларни таништираркан, аъзойи баданим титраб кетди. Наҳотки жонсиз ётган икки маййит бир неча соат олдин масжидга шошилаётган отахон ва “савлат” тўкиб ўтирган 35-40 ёшдаги тамаки чекаётган масжид “қўшниси” бўлса!
Аллоҳ барчамизга яхши хотимани насиб айласин…

Насруллоҳ Ҳалим

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

Маданият ва санъат соҳасида ДХШ асосида берилиши мумкин бўлган давлат мулки объектлари рўйхати тасдиқланди

Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишга кўмаклашиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори …