Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / Янги ўқув йилида коллежларга қабул бўладими? Вазирлик вакили изоҳ берди
<

Янги ўқув йилида коллежларга қабул бўладими? Вазирлик вакили изоҳ берди

2019–2020 ўқув йилида коллежларга қабул жараёни тўхтатилди. Бу коллеж ўқитувчилари орасида хавотирлар келтириб чиқарди. Энди нима бўлади? Коллежлар тугатиладими? Ўз вақтида олқишланган 9+3 (9 йиллик умумтаълим мактаби ва 3 йиллик коллеж) тизими сўнгги йилларда ўзини оқламагани маълум қилинди. Таълимдаги инқироздан қандай муваффақиятли ўтиш мумкин? Чиқиш йўли борми? Шу масала бўйича Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Мелибоев тушунтириш берди.

«Коллежларга қабул вақтинчалик тўхтатилди. Сабаби…»

2019-2020 йилда айрим коллежларга, хусусан, тиббиёт коллежларига қабул бўлмагани юзасидан мурожаатлар келиб тушди. Бошқа коллежлар тугатилса ҳам, тиббиёт коллежларига қабул давом этаверади, деган фикрлар ҳам йўқ эмасди. Бу муассасаларда шундай вазият бўлгани тушунмовчиликларни келтириб чиқарди.

Қабул бутунлай тўхтатилгани йўқ, бу вақтинчалик ҳолат. Собиқ ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш жараёнида давлат, иқтисодиёт, жамият ва ота-оналар томонидан қўйилган талабларни тўлақонли бажара олмади. Шунинг учун 2019-2020 ўқув йилида барча касб-ҳунар коллежларига қабул эълон қилинмади. Янгича профессионал таълим тизимига ўтиш мақсад қилинди ва унга тайёргарлик муддати бир йил деб белгиланди.

Президент фармонида белгиланган вазифаларни бажариш, жумладан, дарсликларни янгилаш, илгариги 3 йилга мўлжалланган ўқув дастурини оптималлаштириш ва бошқа ташкилий ишларни бажаришга маълум муддат талаб қилинди. Келаётган ўқув йилидан бошлаб иш берувчиларнинг талаб-эҳтиёжларини ўрганиб чиқиб, қабул квоталари ажратилади. Ҳар доимгидек, бу йил июнь ойидан бошлаб ўқувчилар ҳужжатларини қабул қилиш бошланади.

«Коллежларда профессионал таълим асосида кадрлар тайёрланади»

Кўпчилик орасида ваҳима уйғонди: 11 йиллик умумтаълим тизими йўлга қўйилгандан кейин касб-ҳунар коллежларига эҳтиёж қолмайди. Бу қараш нотўғри. Ҳар доим бир босқичдан янгисига ўтилаётганда, жамоатчилик томонидан эътирозлар бўлади. Бу табиий ҳолат. Худди шунингдек, 2019 – 2020 ўқув йилига айрим коллежларга қабул жараёни тўхтатиб турилди. Ўқитувчи, ота-оналар, ўқувчилар ўртасида норозиликлар кўпайди. Ҳаммада бир хил савол: нима учун ўтган ўқув йилида коллежлар ўқувчиларни қабул қилмади? Коллежларни босқичма-босқич тугатиш режалаштирилганми? Аслида ундай эмас.

2 йил давомида коллежлар фаолиятини такомиллаштириш борасида фундаментал тадқиқотлар ўтказилди. Олдинги тизимнинг камчиликлари билан бирга илғор хорижий тажрибалар ҳам пухта ўрганилди. Бу ишга 50 нафардан ортиқ нуфузли халқаро экспертлар жалб этилди ва улардан зарур хулосалар олинди. Шунинг учун тубдан янгиланган, иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қиладиган, меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиқиб, иш берувчи буюртмаси асосида мақсадли кадрлар тайёрлайдиган келажак коллежларини моделлаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилди.

2019 йил 6 сентябрда «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони ишлаб чиқилди. Унга кўра, профессионал таълим 3 босқичда амалга оширилиши (касб-ҳунар таълим мактаблари, коллежлар, техникумлар), жумладан, коллежларда ўқитиш давлат буюртмаси ёки тўлов-контракт асосида олиб борилади. Республикадаги жами 147та коллежда камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган ўқувчилар ҳисобидан касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда, 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида ўқитилади, илгариги 3 йиллик стандартдан тўлиқ воз кечиб, табақалаштирилган таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши белгиланди.

«Профессионал таълим тизими 3 босқичли бўлади»

Биринчи тоифа – 9 синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамда ёшларнинг профессионал таълим олишини таъминлайдиган касб-ҳунар мактаблари бўлиб, уларда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 9-синф битирувчилари 2 йиллик таълим дастурлари асосида ўқитилади. Чунки бу тоифа ўқувчиларни касбга ўргатиш, малакали мутахассис сифатида меҳнат бозорига кириб келишига кўмаклашиш зарур. Ёшларга оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик каби соҳаларнинг илми, технологияси ўргатилади. Ўқишга қабул қилинган кундан эътиборан ўз шахсий бизнесни бошлаш ва битирган пайтда барқарор тадбиркорлик фаолиятига, аниқ иш ўрни ва даромадига эга бўлиши керак.

Иккинчи тоифа – хорижий инвестицияларни жалб қилиш, стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар асосида яратиладиган янги иш ўринларини малакали мутахассислар билан тўлдиришга йўналтирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар тасарруфида коллежлар фаолият кўрсатади. Бунда кадрлар тайёрлаш касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблик даражасига кўра меҳнат бозорига мослашувчан таълим дастурлари асосида

2 йилгача муддатда ташкил этилади.

Ҳар бир йирик корхона, кластер, вазирлик ва идора ўз йўналишида меҳнат бозорини пухта ўрганган ҳолда жорий ва истиқболда яратиладиган иш ўринлари, кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ўрта бўғин мутахассисларига малака талабини берадибюртмалар портфелини шакллантиради. Бу ҳар бир тармоқ аввалдан аниқ иш ўрни учун ўзига керак бўлган кадрни буюртма асосида тайёрлайди, деганидир. Шунда битирувчининг иш ўрни ҳам кафолатланган бўлади. Ўқувчилар ҳафтанинг

3 кунида коллежда назарий билим олади, 3 кунида корхонанинг ўзида, бириктирилган уста раҳбарлигида тўғридан-тўғри келажакда ишлайдиган иш ўрнида амалиёт ўтайди. Бу тизим Германия тажрибасида яхши самара берган «дуал» таълим тизими сифатида алоҳида эътироф этилган.

Учинчи тоифа – олий таълим тизими билан интеграциялашган вазирлик, идора, ташкилотлар тизимидаги касб-ҳунар коллежлари негизида фаолият кўрсатадиган техникумлар ташкил этилади. Бунда олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган кичик бакалаврлар (Associate degree) тайёрлаш бўйича кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида камида 2 йил муддатга мўлжалланган таълим дастурлари амалиётга жорий этилади;

Адлия вазирлиги тасарруфидаги ҳуқуқшунослик коллежлари шу тизимга ўтди. 2 йиллик таҳсилдан сўнг ўқувчилар олий таълим муассасасида ўқишини давом эттириш имконига эга бўлади.

«Энди коллеж битирувчисининг борадиган иш жойи тайин бўлади»

Ўзимизнинг «Миллий малака тизими»га эга бўламиз. Унинг моҳияти нимада? Тушунарли бўлиши учун олдинги ҳолат билан солиштираман: 3 йиллик коллежларда маълум даражада касб-ҳунар ўргатиларди. Амалиёт ва назария қайсидир маънода уйғунлаштирилган, лекин қатор камчиликлар кўзга ташланган. Бир мисол: иш берувчининг қандай кадрга эҳтиёжи борлиги ўрганилмаган. Натижада, баъзи соҳаларда кадрлар жуда кам, айримларида меъёрдан ошиб кетган. Ўртада мувозанат бузилган. Шу сабабли янгича тизимга ўтишда иш берувчи ва ўқув муассасасини ўзаро боғлаб қўйиш мақсад қилинди. Кадрлар тайёрлашда меҳнат бозори талабларига риоя қилинади. Натижада, коллежнинг ҳар бир битирувчиси муайян иш жойига эга бўлади.

«Коллеж ўқитувчилари ишсиз қолиб кетмайди»

Касб-ҳунар коллежларида қабулнинг бир йилга тўхтатилгани йўқотишларни ҳам келтириб чиқарди. Табиийки, ўқитувчиларнинг дарс соатлари қисқарди. Бу ҳолат уларнинг иш ўринларидан ажралиб қолиш хавотирини уйғотгани рост. Аммо хоҳлаймизми-йўқми бу даврдан ўтишимиз керак эди. Эскича ишлай олмасдик. Профессионал таълим тизимига ўтганимиздан кейин ўқитувчилар малакаси ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Аввалига, янгича тизимни бирданига жорий этмоқчи бўлдик. Лекин барибир аввалги ҳолатдан чиқиб кетолмаслигимизни англадик. Юқорида айтилганидек, ҳал қилинадиган масалалар бўлгани учун бир йил давомида тайёргарлик кўриш маъқул кўрилди. Бунда ўқитувчиларнинг малакаси энг муҳим омил бўлиб хизмат қилиши керак. Уларга миллий малака тизими, профессионал стандарт нима эканлиги бўйича ўқитиш олиб боряпмиз. UNESCO томонидан ишлаб чиқилган халқаро ўқув талаблари ҳам ўргатиляпти. Кўриниб турганидек, кенг қамровли жараённи босиб ўтишимиз зарурлиги туфайли бизга бир йил вақт талаб қилиняпти.

Талаб ва мақсад битта: энди коллежда ўқиган ёшлар аниқ иш ўрнига, ўз касби бўйича зарур билимга, кўникмага эга бўлиши шарт. Аввал иш ўрни аниқ бўлади, иш берувчи ўзининг малака талабларини, шу касбнинг илмини, ўқитиш технологиясини беради, шундан кейингина мутахассис тайёрланади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

bkjb4u69kjlba_wiyfam_iggwggmupxx

«Эркакларнинг деярли ярми иш излаб кетди» — Жондордаги жонсизланаётган қишлоқ муаммоси

2000-йилларгача бу қишлоқдан бирор киши оиласини ташлаб четга кетмаган. Чунки, бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. …