Главные новости
Главная / Жамият / Яна бир бор гўшт нархига чеклов ўрнатишга уринилмоқда. Лекин бу фойдадан кўра зиён
<

Яна бир бор гўшт нархига чеклов ўрнатишга уринилмоқда. Лекин бу фойдадан кўра зиён

Азал-азалдан бозордаги нарх-навони баҳолашда, бугунги кундаги иқтисодий вазиятни, аҳолининг харид қобилиятини аниқлашда гўшт нархи эталон бўлиб келган. Бошқа ҳудудга борган меҳмон бозор айланса, албатта, бу маҳсулот баҳосига қизиқади ва таққослайди. Нарх-наво бўйича эътирозлар кўпайганида ҳам «тартибга солиш», «назорат қилиш», «мақбуллаштириш», «аҳолига қулайлик яратиш» қабилидаги ҳаракатлар мазмунида биринчи навбатда гўшт нархини мажбурлаб туширишга уриниш ётади.

vohidjon-isoqov-10101Ўзбекистон тарихида гўшт нархини маъмурий буйруқбозлик асосида туширишга уриниш аввал ҳам бир неча марта кузатилган ва бу ҳаракатлар худди ўшанча марта мутлақо тескари натижа берган. Маълум муддат нарх ёзилган қоғозларда жозибадор рақамлар кўриниб туради. Назоратчилар, камералар олдида чиройли гаплар айтилади, харидорлар мамнунлигини билдиришади, ислоҳотнинг бир онда самара беришидан ҳамма ҳайратланади, гўё.

Лекин амалда вазият бутунлай бошқача бўлиши кундек аён. Қассоб белгиланган нархга амал қилиш учун гўштга йўғон суяк қўшиб беришга, харидор эса сифатсиз маҳсулот билан қаноатланишга мажбур бўлади. Яъни бозорнинг оддий қонуниятларига путур етади, танлов имконияти йўқолади, маълум муддат расталардаги нархлар билан «кўзни қувонтириш»га ва эътирозларни чалғитишга эришилади. Лекин нега узум, мих ёки баллон бозор тамойиллари асосида, талаб ва таклифга кўра сотиладию, гўшт маълум чекловларга тушавериши керак? Агар бу стратегик маҳсулот бўлса ва халқ эҳтиёжини қоплаш давлат учун устувор вазифа ҳисобланса, нега бундан фақат ҳамма тадбиркорлар каби тенг ҳуқуқли бўлган қассоблар зарар кўриши керак?!

Ўзи «нарх тушириш» деган кампания нишонига биринчи навбатда қассоблар дуч келиши ҳам қизиқ. Бунинг ўзига хос бир неча сабаби бор:

1. Қассоблар юз фоиз эркаклар. Эркакларга босим ўтказиш нисбатан осон;

2. Гўшт маҳсулотларини сақлаб бўлмайди, тезроқ пуллаб олиш керак. Кўпчилик қассобларда сўйиб сотиш учун харид қилган қорамолларини сақлаш имконияти ҳам йўқ;

3. Яхши қассоб доимий мижозларига эга бўлади ва уларни йўқотишни истамайди. Шу боис, маълум муддат амал қиладиган бундай «акциялар»га сабр билан қарашга мажбур.

Аслида ҳар қандай маҳсулот сингари гўшт нархини ҳам бозор белгилаши шартлиги барчага аён. Бу нарх шаклланиши учун турли босқичлардан иборат узун занжирнинг ҳар бир бўғинига оид ислоҳотлар ўтказиш зарурати борлиги, растанинг устидаги нархни қайта ёзиш билан иш битмаслигини ҳам биламиз. Аммо негадир айнан шу усулни қўллашдан қайтмаймиз.

Хўш, бу ислоҳот нимага олиб келади ёки олиб келиб бўлди?

1. Дастлабки босқичда – узлуксиз назорат натижасида маълум муддат (нари борса бир неча кун) бу нарх сақланиб қолади. Лекин гўштга йирик суяклар қўшиб сотилади;

2. Бозорларда қассоблар сони камая бошлайди, расталардаги гўшт сифати кескин пасаяди;

3. Қорамолнинг асосий етказувчилари мавжуд вазиятни ҳисобга олиб мол сотувини камайтирадилар;

4. Ва буларнинг барчасининг ҳосиласи ўлароқ юзага келган тақчиллик ва қассобларнинг вазиятни кузатиб, ишга чиқмаслиги натижасида гўшт нархи ошади.

Бу аллақачон ўз исботини топган. Энди яна бир марта шу натижани такрорлаш сари ҳаракатдамиз. Бизнинг «кўп гўшт ейишимиз» ҳам, «қассобларнинг инсофсизлиги» ҳам аслида моҳиятдан қочишдан ўзга нарса эмас.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

adz7lu7fuhwnieimtkj50_1ivungsatz

Талабалар — пойтахтнинг асл уйсизлари

Тошкентдаги асл уйсизлар кимлигини биласизми? Минглаб талабалар! Талабаларга вақтинча яшашлари учун одатда уй етишмайди. Уй …