Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / Вирус кириб келиши, Хитойдан кутилаётган ёрдам ва карантин шароитлари. Эксперт билан суҳбат
<

Вирус кириб келиши, Хитойдан кутилаётган ёрдам ва карантин шароитлари. Эксперт билан суҳбат

«Немис олимларининг коронавирус икки йил давомида тарқалиши бўйича тахмини тўғрими? Нега карантиндагилардан телефон олиб қўйилади? Исириқ юқумли касалликларга қарши фойда берадими ва унинг брикетлари ихтирочиси ким? Беморлар даволанаётган шифохоналарнинг ўзи вирус ўчоғига айланиб қолмайдими?..»

Бугунги суҳбатдошимиз бу ва бу каби саволларга жавоб бериш бўйича энг ваколатли шахс – Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков.


Нурмат Отабеков

– Нурмат Сатиниязович, кеч бўлишига қарамай таҳририятга келганингиз учун ташаккур. Лекин тунги ташрифингиз сабаби тушунарли, ҳозиргина давлат раҳбари бошчилигида асосан коронавирусга қарши курашга бағишланган селектор йиғилишидан келяпсиз (суҳбат 18 март соат 21.00 да ёзиб олинган).

– Чиндан ҳам, ҳозиргина йиғилишдан келяпман. Шунча йиллик тажрибам давомида давлат раҳбарининг бирор юқумли касалликка бу қадар жиддий эътибор берганини кўрмаганман. Бугунги селектор вақтининг тахминан етмиш фоизи айнан шу масалага қаратилди. Президент ҳар бир жиҳатга олган ҳолда аниқ чора тадбирларни белгилаб берди.

Минг афсуски, шунча эҳтиёт чоралари кўрилишига қарамай бу касаллик авж олганидан 4 ой ўтиб, Ўзбекистон ҳудудида ҳам қайд этилди.

– Коронавирус Ўзбекистонда тарқалиши бўйича прогнозлар ишлаб чиқиляптими, касалликнинг яна тарқалишига қай даражада тайёрмиз?

– Ҳар қандай юқумли касаллик, эпидемик жараён учта бўғинга асосланади: манба, яъни касаллик ўчоғи, юқтириш йўли ва юқувчи одам каби занжирлар бўлгандагина эпидемия тусини олади. Ўзбекистон республикасига вирус кириб келишининг олдини олиш бўйича шунча чора-тадбирлар қўлланишига қарамай кириб келганининг сабаби – бу касалликнинг яширин даври 14 кунгача.

Биз четдан кириб келувчиларнинг барчасини карантинга ололмаймиз ва бундай тажриба жаҳонда йўқ. Мисол учун, карантин эълон қилинганидан кейин ҳам, чартер рейслар, поездлар ва автомобиллар орқали юртимизга 25 мингга яқин киши кириб келган. Табиийки, бунча одамни 14 кун давомида карантинда сақлаш нотўғри бўлади. Шу боис, эпидемик нохуш ҳудуддан келаётганларга алоҳида эътибор берилган ҳолда ҳамма тепловизорлар орқали текширувдан ўтказилади. Шубҳа қилинганлар тўлиқ текширилади.

– Муштарийлардан келган савол ўринли: бемор деб назоратга олинган фуқаролар изоляция қилинган жойлар – муассасаларда аҳвол қандай? Бу жойларда касаллик шифокорлар орқали одамларга юқмасмикан?

– Бемор ўз номи билан бемор, шифокор ўз номи билан шифокор. Агар шифокор ўз соғлигидан қўрқиб, даволашдан бош тортса жавобгарликка тортилиши мумкин. Шифокорлар ҳар қанча ҳимояланмасинлар, кам миқдорда вирус юқиши мумкин. Бунинг ортидан уларда иммунитет ҳосил бўлади. Мен Хитойнинг ўша касаллик ўчоғи бўлган Уҳан шаҳрида бўлганман. 10 миллиондан ортиқ одам яшаган у шаҳарда вирусология тадқиқоти билан шуғулланувчи жуда йирик илмий марказ мавжуд ва биз улар билан меморандум ҳам имзолаганмиз. Ана шу шаҳарда ишлаган ёки яшаганларда иммунитет ҳосил бўлди ва айтиш мумкинки, айни шу штамм энди уларда касаллик чақирмайди.

– Хитойлик шифокорларнинг юртимизга келиши ғояси амалга ошяптими?

– Бу масалага бевосита президентимиз эътибор қаратган. Бош вазиримиз музокаралар олиб борган. Махсус самолётда хитойлик мутахассислар олиб келиниб, биздаги даволаниш усулларини кўриб чиқиш, бамаслаҳат кейинги чоралар режасини тузиш мўлжалланган.

– Касаллик тарқалиши бўйича тадқиқот олиб борган немис мутахассислари бу вирус яна 2 йил давомида тарқала боришини тахмин қилишди. Коронавирусга қарши вакцинани яратиш ва оммавий қўллаш учун ҳам 2 йил вақт кераклиги ҳисоблаб чиқилган. Бу маълумотлар тиббиётнинг бу синов олдида бутунлай ожизлигини билдирмайдими?

– Биласизми, мана шундай мураккаб вазиятларда турли башоратчилар ҳам кўпайиб қолади. Немис олимларининг иқтидорига шубҳа қилмаган ҳолда илмий салоҳияти улардан кам бўлмаган бошқа давлат олимларининг хулосаларини сизга айтмоқчиман – бу вирус апрель-май ойларидаёқ енгилади ва инсоният бу дарддан фориғ бўлади.

Ўрни келганда сизга бир маълумотни айтмоқчиман – ҳар йили Германияда грипп касаллигидан 25 мингдан ортиқ одам нобуд бўлади. Ҳолбуки, бу давлатдаги коронавирусдан ўлим кўрсаткичи 1 фоиздан сал ортиқроқ. Европадаги энг кўп ўлим кўрсаткичи Италияда эканлигининг ҳам сабаблари аниқ – бу давлат аҳолиси орасида кексалар жуда кўп. Бу касаллик асосан кексаларда оғир кечаётганини ҳисобга олсак ҳаммаси равшан бўлади. COVID-19 ҳар қанча шов-шувларга сабаб бўлмасин, 80 фоиз ҳолларда жуда енгил ва ҳатто умуман симптомларсиз кечади. 15 фоиз ҳолларда енгил, фақат тахминан 5 фоизда оғир кечади. Шу 5 фоизнинг ҳам 90 фоизи кексалардир.

Ўйлайманки, тез орада бу ҳам оддий касалликка, яъни организмимиз ўрганган штаммлардан бирига айланади ва бизга вакцина ҳам зарур бўлмайди.

– Умуман, бемор билан контактда бўлганларни аниқлашда эпидемиологик суриштирув шартларини тушунтириб берсангиз. Бунга ички ишлар ҳам жалб қилиниши мумкинми?

– Ҳар қандай касаллик суриштирувдан бошланади ва касаллик тарихида юқумли жиҳатларга алоҳида банд ажратилади. Шифокор-эпидемиолог кимдан бу касаллик юқиши мумкинлигини суриштиради, зарур маълумотларни йиғади, контактда бўлганларни назоратга олади. Фақат бошқаларга касаллик юқтириши мумкин бўлганлар назоратдан ёки карантиндан бўйин товласа, ички ишлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари жалб қилинади.

– Карантинга олинганларнинг телефонлари олиб қўйилаётгани тўғрисидаги хабарлар қанчалик асосли?

– Бирортамиз ҳар қанча ўқимишли бўлмайлик, бирор китобни телефончалик кўп қўлимизга олмаймиз. Замонамизнинг бу қурилмаси танамиз аъзосига айланиб кетди гўё. Лекин телефон орқали касаллик юқиш хавфи жуда юқори ва уни кўпчилик қўлма-қўл қилишга ўрганиб қолган. Шу боис бу чора асосли. Аммо шундай қилинган тақдирда ҳам карантиндагиларнинг ташқи олам билан мулоқот қилишлари чеклаб қўйилмаган, улар учун махсус видеотелефонлар тақдим этилган.

– Касалликнинг мураккаб жиҳати, унинг аниқ даволаш тактикаси йўқ. Ўзбекистон қайси усулни қўлламоқда?

– Шу пайтга қадар 82 минг одам даволаниб чиқди. Биз мана шу тажрибани олишимиз керак ва ҳали расман тасдиқланмаган бўлсада, аниқлаш, даволаш ва одамлар орасига қайтаришда ЖССТнинг даволаш алгоритмидан фойдаланамиз.

– Домла, муштарийларга оддий гигиена қоидалари, тўғри овқатланиш, турли тавсияларнинг қай бирига амал қилишни яна бир бор эслатиб ўтсангиз.

– Биз оддий гигиена қоидалари – қўлни совунлаб ювиш, оғиз чайиб туриш, тишларни ювиб юришни унутаёздик. Мана шу синов баҳона яна бир эслаб оляпмиз. Қўл бериб кўришиш ўрнига қадриятларимизга хос тарзда қўлни кўксимизга қўйиб сўрашишни ёдга олдик.

Шу кунларда турли-туман тавсиялар кўпайди. Кимдир сирка кислотани сувга аралаштириб оғиз чайишни, кимдир саримсоқ ейишни тавсия қилди. Мен уларга шу тавсияларни ўзлари синаб кўришларини «маслаҳат берардим». Сиркали сув оғиз бўшлиғининг шиллиқ қаватини емириб, аксинча вирусга йўл очади.

Шу ўринда исириқ бўйича бир нарса айтиб берсам. Мен ҳозир дорихоналарда сотилаётган исириқ брикетлари ихтирочиларидан бириман ва бундан жуда фахрланаман. Собиқ иттифоқ даврида бу восита бўйича 13 мингдан ортиқ синовлар ўтказганмиз ва фойдали, янги дезинфекция воситаси дея тан олиниб, муаллифлик гувоҳномасини ҳам қўлга киритганмиз.

– Домла, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Ўйлайманки, кейинги суҳбатимизда касалликка қарши самарали даво усуллари қўлланилаётгани, коронавирус енгилгани ҳақида гаплашамиз.

– Мен президентимиз сўзларини айтмоқчиман. Биз ҳозир имтиҳон давридамиз. Мана шундай пайтда профилактика қоидаларига амал қилсак, катталар ёшларга ўрнак бўлсак, нафақат бу касаллик, бошқа кўплаб касалликларни ҳам енгиб ўтамиз.

 

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

toukmsjpmewl7gttjtvqzipzprnqxu2m

Шерзод Шерматов — Сергелидаги янги мактаблар, ТВ-дарслардан хулосалар ва иш ўринлари қисқариши эҳтимоли ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев 29 май куни Тошкент шаҳри Сергели туманида фойдаланишга топширилган 329-умумий ўрта таълим …