Главные новости
Главная / Маданият / Ватангадолик
<

Ватангадолик

vatanШерко Ҳамди Сурия шимолидаги Курдистоннинг Кобани шаҳридан. Бу ерларни баъзи сурияликлар “Сурия-Курдистони” дейишади. Лекин ушбу заминда курдлар минг йиллардан буён яшаб келади, ватан деворларини ҳам бу ерда курдлар кўтаришган. Шерко Ҳамди курдлар ва курд тилининг таҳқирланишига тирик гувоҳ. Инқилоб бошлангунига қадар улар ҳаттоки баъзида болаларига ҳам курдча исм қўя олишмасди. Сурияда курд тилида китоблар чоп қилиш ва мактаблар очиш ҳам таъқиқланган эди.
Тунис ва Мисрда рўй берган, дунёга ҳукмронлик қилишга даъвогарлик қилаётган баъзи риёкор мамлакатларнинг қўли билан амалга оширилган “Араб баҳори” номли инқилоблар тўлқини 2011 йилнинг эрта баҳорида Сурияга ҳам етиб келди. Бу баҳор бошқа баҳорлардан фарқли ўлароқ, мамлакатга тириклик эмас, ўлим нафасини келтирди. Мана, 4 йил, 5 ой, 3 ҳафта ва 2 кундан буён давом этиб келаётган фуқаролар уруши натижасида уч юз мингдан зиёд, жумладан Шерко Ҳамдининг кекса ота-онаси, икки оғаси ва уларнинг оила аъзолари ҳалок бўлишди.
Сўнгги йиллардаги қонли тўқнашувлар сурияликларни ҳам, икки ярим миллиондан зиёд курдларни ҳам ватанларини тарк этишга мажбур қилмоқда. Аммо 2013 йилда Сурия ҳудудида пайдо бўлган Ироқ ва Шом давлати жангарилари фуқаролардаги тинчликка бўлган умидни тамоман пучга чиқарди. Аксари суриялик бўлмаган етти минг нафар террористлар миллионлаб инсонларнинг рисоладагидек ҳаётини дўзахга айлантирди. Уларнинг сафига ер юзининг турли бурчакларидан инсон ҳаётининг кушандалари бегуноҳ одамлар, аёллар ва болаларни, бегуноҳларни қириш учун қонсираган онгсизлар оқиб келишмоқда. 2014 йилда Сурия ҳудудининг тўртдан уч қисми, шу жумладан Кобани жойлашган Сурия шимоли ҳам мана шу жангарилар қўлига ўтди. “Инсон қанчалар тубанлашиб, ваҳшийлашиб кетди,” деган ўй Шерко Ҳамдининг хаёлидан тез-тез ўтади.
Мамлакатдаги саккиз миллионга қин инсон уй-жойидан маҳрум бўлди. Тўрт миллион кишилик улкан қочоқлар тўдаси вужудга келди. Улар орасида Шерко ва унинг оиласи ҳам бор. Бу мусофир ватангадолар Греция, Туркия, Ливан, Македония каби мамлакатларга қочишмоқда. Шерко Туркиянинг Сурия чегарасига яқин Суруч ҳудудига ўтиб, бир муддат шу ердаги қочоқлар лагерида яшади. Бу ерда Шерко Ҳамдининг олий маълумотли инженер эканлиги иш бермади. У отамерос касб – косиблик билан шуғулланиб, тақдири ўзига ўхшаган инсонларга беминнат ёрдам қилди. Кимдир бир бурда нон, кимдир бирор иссиқ кийим ташлаб кетади. Кимдир эса бу ерда жуда танқис бўлган раҳматни айтиб, сўнгги илинжига ҳамроҳ табассумини қизғонмайди. Аёли Рожин эса болаларга кўз-қулоқ. Агаҳ ва Реҳан унинг ҳаётининг мазмуни. Акс ҳолда, қонли қирғинлар ҳам уни ватандан кетишга мажбурлай олмас эди.
Туркиянинг хайрихоҳлиги ва меҳр-шафқати намунаси бўлган лагер аслида қочоқларни мамлакат бўйлаб тарқалиб кетишларининг олдини оладиган муҳим сиёсий маскан. Бироқ Ҳамди бировнинг қўлига қараб яшай олмасди. Бу ердаги машаққатли кунлар унинг фаровон ҳаёт тўғрисидаги хаёлларини пучга чиқарди. Шунинг учун у лагердан кетиб, оиласи билан Туркиянинг Эгей денгизи қирғоқларидаги Бодрум шаҳрига кўчди. Туркларнинг аксари бағрикенг. Ҳатто бир куни янги оила қурган келин-куёвлар тўй дастурхонига тўрт минг нафар қочоқни таклиф қилиб, уларга ўзлари хизмат қилишди. Аммо келгиндилар ҳаммага ҳам ёқавермайди. Бу ерлик турклар қочоқларни аяб ўтиришмас, муҳожир диндошлари ва курд қардошларини таҳқирлаб, калтаклашар эди. Улар бу ерда узоқ қола олмасликларини тушуниб етишгач, Эгей денгизи орқали Грецияга ўтишди. Аммо грекларнинг муаммоси ҳам ўзига етарли экан. Мамлакатдаги иқтисодий таназзул, ишсизлик даврида муҳожирларнинг тўхтовсиз оқими ортиқча эди. Европада Германияни бағрикенг ва фаровон деб билган қочоқлар қаторида Шерко ҳам шу мамлакатга келди. Йўл азоби, очлик, машаққатлар, полиция ва ҳарбийларнинг калтаклари ҳам унинг кўзига кўринмади.
“Инсон бу дунёга бахтиёр яшаш учун келади,” деган машҳур фикрни айтиб, ўзига тасалли бериб, у ватандан жуда йироқлашиб кетди. Гоҳида Кобани кенгликларини қўмсаб, йиғлар эди. Ватан соғинчи миллионлаб у каби қочоқларнинг қалбидаги ягона ҳис. На муҳаббат, на бошқа туйғу бу ҳислардан устун кела олмас эди.
Македония, Сербия, Греция, Венгрия қочоқлар учун Европанинг “дарвоза” шаҳарлари. Кунига бу мамлакатлар чегараларини 5 минглаб муҳожирлар кесиб ўтишмоқда. Йил охирига қадар Германиянинг 800 минг қочоқни қабул қилиши кутилмоқда.
Берлин шаҳри атрофидаги Фридричстат туманидаги омборхоналардан биридан паноҳ топган Ҳамдилар оиласи учун бу ер қишда жуда хавфли эди. Нам ва зах ҳозирданоқ машаққатлар нимжонлашиб қолган болаларнинг саломатлигига таъсир қилган эди. Ўзи эса шу туманнинг кўчаларидан бирида анжомларини ёйиб қўйиб, пойафзал таъмирлатмоқчи бўлганларни кутади. Алмисоқдан қолган оёқ кийимларини кўтариб, зерикканларидан бўлса керак, кўчага чиққан кексаларни айтмаганда, унинг мижозлари деярли йўқ.
Рим папасининг яқиндагина “Барча черковлар қочоқларнинг бошпанасига айланиши керак!” деган чақириғи кўча-кўйда яшаб, кун кечираётган муҳожирлар жонига ора кирди. Бу янгиликка нисбатан европаликлар муносабат билдирар эканлар, муҳожир ва қочоқларнинг тақдирига уларни ўзлари айбдор эканликларини, улар ўз юртларининг тақдирига ўзлари жавобгарликларини таъкидлашади.
Кечки чой учун қаҳвахонага қайнатилган сув олишга кирган Шерко оммабоп “Tages-schau” информацион телеканали олиб кўрсатаётган Германия канцлерининг нутқига тушуниб-тушунмай термулиб қолди.
“Сўнгги 2 йилда Германияга 24 мингдан зиёд қочоқлар кириб келди. Биз уларни рад қилмаймиз. Биз ҳозир шундай бир тажрибани бошдан ўтказяпмизки, бу ижтимоий ҳодиса яқин йилларда бизнинг мамлакатимиз қиёфасини тамоман ўзгартириб юборади. Биз қочоқларга мўлжалланган жойлардан бошпана хоҳлаб, мурожаат қилганларга, Европа Иттифоқи қонунларига итоат қилганларга жой берамиз, буларни рад қилганлар эса уйларига қайтишга мажбурлар!” деди Ангела Меркель. Янгилик давоми Шерконинг миллатдоши, Бодрум соҳилларига жонсиз сузиб борган Айлан Курди ҳақидаги лавҳага уланиб кетди. “Ўртаер ва Эгей денгизлари қанчалаб Айланларни ютди,” ўйлади Шерко.
Инглиз тилидаги субтитрлар орқали бошпана олиш мумкинлигини тушунган Шерко Ҳамди кейинги кун туман бошқарувининг қочоқлар билан шуғулланаётган бўлимига борди. У ерда уй-жойсиз минглаб одамлар бор экан. Бошпана олиш мушкул. Шерко гап-сўзлар орасида насронийликни қабул қилганлар осонлик билан бошпана олиши мумкинлиги ҳақида эшитиб, аввалига ҳайрон қолди, шошиб қолганидан ҳатто бунга рози бўлишгаям тайёрлигини ўйлади. Кейин эса эътиқоди олдида уялди. Кўз ўнгида қадди чўкиб бораётган Рожиннинг аҳволи, ватан нималигини англамай ватангадоликка маҳкум норасида Агаҳ ва Реҳан чекаётган машаққатларни ўйлаб сиқилди.
“Нега энди эътиқодни сотиш эвазига инсонийлик кўрсатишяпти? Улар биздан қўрқишадими ёки муқаддас динимиздан? Кобанида курдларнинг насронийлари ҳам яшар эдилар. Мусулмонлар уларни ҳеч қачон эътиқодларини алмаштиришга мажбур қилишмаган. Фақат бугунга келиб кимларнингдир иғвоси боис улар орасида ҳам низо келиб чиқди. Бизни ҳеч қачон одамларга эътиқодига қараб муносабатда бўлишга ўргатишмаган,” ўйлар эди у.
Кейинги кун саҳар уйғонди. Бомдодни ўқигач, Худодан оиласига омонлик сўради. Халқаро ташкилот тарқатган нондан бир-икки тишлам еб, устидан сув ичди ва шу тумандаги энг катта Тринити черковига йўл олди. Гарчи, насронийликни қабул қилганларга бошпана бериш ҳақида ҳеч қаерда расман айтилмаган бўлса ҳам, кўп ўтмасдан бу ерга динини ўзгартириш ниятидаги муҳожирлар оқими пайдо бўлди.
Руҳоний Шерко Ҳамдининг қаршисида ўзи муқаддас деб атаган шағамни айлантираётганида унинг юзини дув-дув кўз ёшлари ювар, ич-ичидан бобоси Афран Ҳамди ўргатган муқаддас калимани такрорлар эди. Кўз олдидан ота-онаси, яқинлари, харобага айланган она шаҳри ўтди. Улардан уялди ва уни шунга мажбур қилган ватанфурушларни лаънатлади.
Қочоқларга мўлжалланган бир хонали бошпанага кўчишгач, оиланинг дарди аригандек бўлди. Ўша куни Шерко ёқали, юпқа жемперини ечди. Рожин шундагина унинг бўйнидаги мис рангли хочни кўрди. Шерко эшикни ёпиб, ичкаридан қулфлади ва бўйнидаги хочни ечди. Тор, атрофи пластик билан омонатгина ўралган ювиниш хонасида таҳорат қилди. Жомадондан жойнамозни олиб, ерга тўшади ва жуда интиқ бир соғинч исканжасидаги қироат билан ибодатга киришди.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

Маданият ва санъат соҳасида ДХШ асосида берилиши мумкин бўлган давлат мулки объектлари рўйхати тасдиқланди

Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишга кўмаклашиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори …