rent-carЎзбекистон Президентининг яқинда қабул қилинган туризмни ривожлантиришга доир қарорлари ижроси доирасида хусусий компаниялар билан ҳамкорликда автомобилларни ижрага берувчи Rent-Car сервисини ташкил қилиш билан боғлиқ ишлар бошланди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Ишбилармонлар лойиҳага катта қизиқиш билдиришди ва бу йўналишда муайян намуналар тайёрланган. Мазкур хизмат тури Бухоро билан бир қаторда Тошкент, Самарқанд, Хоразм ва бошқа туристик марказларда тажриба сифатида йўлга қўйилмоқда.

Автомобиллар ижараси муайян муддатга (бир неча соатдан бир неча ойгача) ҳайдовчисиз автомобилни беришни кўзда тутади. Ижарани расмийлаштириш учун паспортдан ташқари халқаро намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам керак бўлади.

Мазкур хизмат туридан ҳам Ўзбекистон фуқаролари, ҳам чет элликлар фойдаланиши мумкин. 2018 йилнинг 3 февралида қабул қилинган “Ички туризмни тезкор ривожлантиришга доир чора-тадбирлар” тўғрисидаги 5326-сонли қарор шундан далолат беради.