Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / «UzAutoMotors» судга махфий ҳужжатларни тақдим этди. Суд давом этмоқда
<

«UzAutoMotors» судга махфий ҳужжатларни тақдим этди. Суд давом этмоқда

9 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида «UzAutoMotors» АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди.

Судда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мажлисда дастлабки сўз навбати аризачи вакилига тақдим этилди. «UzAutoMotors» АЖ вакили Александр Сахапов компания фаолиятига доир маълумотларни келтириб ўтди. Сўнгра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) вакили Улуғбек Давлатов қуйидаги савол билан унга юзланди:


Улуғбек Давлатов

«1996 йилда «Ўзавтомоторс» ўз фаолиятини бошлаган бўлса, 10дан зиёд (автомобиль) моделлар ишлаб чиқарган. Иқтисодий жиҳатдан ҳар бир технологияни эскириш суммаси бўлади. Технология 5 ёки 7 йилда эскиради, амартизацион харажатлар тўпланган ҳолда янги технология олиб киришга ёки технологияни янгилашга сарфланади. 1996 йилдан буён 10дан ортиқ модель олиб кирилган бўлса, уларга ҳам 5-7 йилдан ошиб кетган. Ўша муддати ўтган моделларни амартизацион харажатлари нимага сарфланган? Компания бизнес режасида «2та янги модель киритиш учун бизга қўшимча пул керак» деб кўрсатишган. «Ўзавтомоторс»да ҳозиргача 5та эскирган модель бор, демак, захирасида пул бўлиши керак. Шу пулларни нима қилишган», — деди у.


Александр Сахапов

Сахаповнинг айтишича, компания машиналари, хусусан «Дамас» ишлаб чиқарилганига 14 йил бўлган, унинг бутловчи қисм ва ускуналари бир неча бор янгиланган. Маблағлар эса ушбу ускуналарни самарадорлиги ва ишлаб чиқариш қувватини таъминлаш учун қайтадан инвестицияланади.

«Бу ҳам инвестиция талаб этади. Мен модель бутунлай янгиланган демоқчи эмасман. Аммо, биз моделлар қисмларини ҳар йили янгилаб борамиз», —дея жавоб берди у.

Компания вакили Наргиза Отахонованинг айтишича, ўтказилаётган суд, қўмита махсус комиссияси қарори ва текширувларнинг сабаби ҳукуматга киритилган маълумотномадир. У Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2020 йил 12 мартда Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқовга киритилган маълумотномадаги барча важи асоссиз ва сохта эканини таъкидлади.


Наргиза Отахонова

«Бу маълумотномада маҳсулот таннархининг 2 фоизга пасайтиришга эришилган дейилган. Ваҳоланки биз 2017 йил 2.2, 2018 йил 6.9 ва 2019 йил 4.3 фоизга, умумий 3 йилда ўртача 4.9 фоизга нархларни туширишга эришганмиз. Негадир бу кўрсаткич маълумотнома 2 фоиз қилиб кўрсатилган. Шуни айтишимиз керакки, олдин чиқарилган «Кобальт»дан кўра, ҳозирги вариантда машина интерьер ва ички муҳандислик конструкциясига мос ҳолда ўзгартиришлар киритилиб борилмоқда. Яъни 20 йилдан бери бир хил модель эмас.

«Монополь мавқейини суиистеъмол қилган ҳолда автомобилларнинг базавий комплектациясида кўзда тутилган айрим бутловчи қисмларисиз сотилиши, маҳсулот учун олдиндан тўлов қилинган ҳолда нарх ошиши муносабати билан қўшимча тўловлар тўланиши бўйича ҳолатлар йўлга қўйилган» деган важ кўрсатилган. Ростдан ҳам 2017 йил харидорлар билан тузилган шартномалар шартларига асосан автомашина нархлари оширилганда харидорлар томонидан қўшимча тўлов амалга оширилган. Бунда шартнома бандлари бузилишига йўл қўйилмаган ёки ҳеч қандай ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шартноманинг шу банди юзасидан шикоят қилмаган.

«Автомашиналарнинг нархи ташқи бозордаги нархларга нисбатан сезиларли даражада қиммат, хусусан нархда 20-50 фоизли тафовут мавжуд». Маълумотномада бу ҳам мавжуд. 2020 йил мартда Қозоғистон ва Россиядаги расмий диллерларимиз томонидан машиналаримиз, масалан «Нексия-3» ички бозорда 10 минг 585 долларга нархланган бўлса, Қозоғистонда 11 минг 963 долларРоссияда 12 минг 171 долларга сотилган. «Кобальт» ички бозорда 11 минг 203 доллар бўлса, Қозоғистонда 12 минг 703 ва Россияда 12 минг 580 долларга нархланган. Бу важ ҳам бизга нисбатан нотўғри қарашни келтириб чиқарган», — дейди Отахонова.

Унга кўра, ҳукуматга киритилган нотўғри маълумотлар асосида Бош вазир ўринбосарининг топшириғи билан компания фаолиятида текширув бошланган ва бу қўмита махсус комиссияси қарорига асос қилиб олинган.

Суд мажлисида маълум бўлишича, Махсус комиссия шу йилнинг 3, 7 ва 19 август кунлари «Ўзавтомоторс» АЖ масаласи бўйича ишни кўриб чиқиши назарда тутилганди. Дастлаб, компания вакилларининг илтимосномасига биноан, ишни пухта ўрганиш учун қўшимча ҳужжатлар тақдим этиш важидан йиғилиш 7 августга қолдирилганди. Кейинги сафар махсус комиссия аъзолари ишни кўриш учун етарли ҳисобда йиғилмагани учун йиғилиш 19 августга қолдирилган. Аммо 19 август куни соат 11.00да бошланиши белгиланган йиғилишни қолдириш тўғрисида «Ўзавтомоторс» АЖ илтимосномаси соат 11.08да қўмитага юборилган. Илтимоснома махсус комиссия томонидан рад этилган ва низоли қарор қабул қилинган.

Ушбу ҳолатни компания вакиллари қонун талаби бузилиши, дея эътироф этмоқда. Аммо судда иштирок этган Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Бекзод Умматов ушбу ҳолатга тушунтириш берди.


Бекзод Умматов

«Махсус комиссиянинг ишни кўриб чиқиб, тугатиш учун бир ой муддати мавжуд. Демак, биз процедура жиҳатидан ўша вақт ичида ишни кўриб чиқишимиз керак. Охирги йиғилишга келиб, вақтимиз оз қолганди. Аслида иш 27 июлда қўзғатилган ва 27 августгача муддат бор эди, яъни 26 кун ўтган ва 4 кун муҳлат қолган эди.

Компания вакиллари билан йиғилиш жараёнларидан ташқари, камида 3 марта ишчи тартибда йиғилганмиз. Шу ердаги барча иштирокчилар билан шахсан ўзим учрашганман. Охирги маротаба бўлиб ўтган йиғилиш 5 соат давом этган. Текширув вақтида булар маълумотларни тўлиқ тақдим қилмаган ва биз тақдим этилган маълумотлардан хулоса чиқардик. Шундан сўнг, улар у ёки бу «маълумот бунақа эмас» деб асослар келтиришни бошлашди. Шунда ҳам биз улар келтирган асосларни инобатга олдик. Биз «текширувга берилмаган», деб қабул қилмасак ҳам бўларди. Биз холис хулоса чиқариш учун кейин берилган маълумотларни ҳам инобатга олдик. Биз айрим жойларни тўғриладик, лекин асосий ва катта суммали масалалар ўзгаришсиз қолди.

Биз бирон масала юзасидан эътироз билдирсак, улар бошқа бир факт келтирарди, уни ҳам исботи билан рад этсак, яна бошқа факт келтиришган. Уларни ҳам рад этганмиз, негаки, қарши тарафнинг мутахассислари буларни исботлаб бера олмаган. Бир масалага булар 2-3талаб важ кўрсатаверишган. Махсус комиссия йиғилишини яна қолдириш илтимосномаси рад этилган, чунки у ўрнатилган тартибда юборилмаган ва компания асоссиз равишда вақт чўзган», — деди Умматов.

Аризачи вакили томонидан судга илтимоснома киритилиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳукуматга киритилган маълумотномага асос бўлган ҳужжатлар тақдим этилиши сўралди. Қўмита вакиллари  — жавобгар эса бу суд иши предмети эмаслиги, аризачи махсус комиссия қарори устидан шикоят қилганини эслатди. Суд ушбу илтимосномани қаноатлантирди.

Судда қўмита вакилларининг аризачига нарх ва ишлаб чиқариш бўйича саволлари муҳокама қилинмади, тижорат сири важи билан уларнинг муҳокамаси кейинга қолдирилди.

Барча тарафларнинг фикри тингланганидан сўнг, аризачи «UzAutoMotors» АЖ вакили томонидан дастлабки суд мажлисида киритган илтимосномани муҳокама қилишни, яъни жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг тан нархи шакллантирилишида махфий ҳужжатларга асосланилганлиги, қўмита томонидан эса ушбу ҳужжатлар тегишли тартибда ўрганилмасдан қарор қабул қилинганлигини, шу сабабли ўтказилган текшириш ва қабул қилинган қарорга нисбатан ўз эътирозларини билдиришлари лозимлигини маълум қилиб, судга «махфий» грифи остидаги ҳужжатларни тақдим этиб, суд мажлисини мазкур муҳокама қисмини ёпиқ тарзда ўтказиш сўралди.

Ушбу илтимосномани муҳокама қилиш ва суд муҳокамасига тақдим этилган қўшимча далилларни ўрганиш учун ишни кўриш кейинга қолдирилди.

Навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 16 октябрь куни соат 10.00 да ўтказилади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

ymnx5f0u_m1u6psc7z1ejzmav-aecl8q

Супер-контракт нархлари қандай белгиланиши маълум қилинди

Молиявий мустақил ОТМлардан ташқари барча ОТМлар табақалаштирилган тўлов-контракт нархини белгиланган минимал кўрсаткичдан оширмайди. Олий ва …