Главные новости
Главная / Жамият / «UzAuto Motors» ишонтира олмади – эътирозлар давом этмоқда. Алишер Қодиров эса монополистни ҳимоя қилди
<

«UzAuto Motors» ишонтира олмади – эътирозлар давом этмоқда. Алишер Қодиров эса монополистни ҳимоя қилди

UzAuto Motors автомобиллар нархини ошириш бўйича тушунтириш берди, депутат ва сенаторлар саволларига жавоб қайтарди. Шунга қарамай, расмийларнинг жавоблари фуқаролардаги эътирозлар камайиши эмас, аксинча кўпайишига хизмат қилмоқда.

Kun.uz мухбири бу сафар бир нечта депутат, иқтисодчи ва ҳуқуқшуносларнинг мавзуга муносабати билан қизиқди.

Барногул Саноқулова: «UzAuto Motors монополист корхона сифатида ўта ёпиқ ва ношаффоф ишлайди»


Фото: Барногул Саноқулованинг Facebook саҳифасидан олинди

Тошкент Молия институти «Солиқ ва солиққа тортиш кафедраси» профессори Барногул Саноқулованинг фикрича, нархлар шаклланиши устидан деярли ҳеч қандай назорат ўрнатилмаганини шу кеча кундуздаги воқеалар ҳам кўрсатиб турибди.

«UzAuto Motors 100 фоиз давлатга қарашли корхона бўлса-да, бошқа давлат корхоналари каби давлат харидлари тизимига кирмайди, шунингдек бутловчи қисмлар очиқ тендер савдоларида сотиб олинмайди. Албатта, бу жараён жуда кўп саволларни туғдиради.

Нега бу корхонага нисбатан меъёрий қонунчилик базаси алоҳида ҳолатда татбиқ этилади?

Бундан ташқари, тизимга кирувчи корхоналар ўртасидаги трансфер нархларни шакллантириш тизими ҳам шаффоф эмас. Тизимга кирувчи корхоналар етказиб берувчи бутловчи қисмлар нархларини юқори ташкилот – «Ўзавтосаноат» АЖнинг ўзи белгилаб беради, нарх шакллантиришда очиқ бозор механизми йўлга қўйилмаган, бу ҳолат эса албатта нархларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш имкониятини чеклайди», дейди профессор.

Барногул Саноқулованинг айтишича, дунёда бирорта давлатда битта АЖ давлатдаги автомобиль ишлаб чиқариш тизимини ўзи тўлиқ назорат қилиб, ҳам бу соҳада давлат сиёсатини юритиб, ҳам ўзи шу соҳада бизнес билан шуғулланиб, машина ишлаб чиқариб, сотмайди.

Унга кўра, бундай ўзига хос «уникал» тизимнинг ўзи мавжуд эмас. Шунингдек, бу ҳолат соғлом бозор қонуниятларига ҳам зид ҳисобланади.

«Давлат бош ислоҳотчи сифатида бозордаги барча иштирокчилар амал қилиши лозим бўлган ўйин қоидалари якдиллиги ва умумий ўзгармаслигини белгилаши ҳамда шу қоидаларга ҳамма бир хилда риоя қилишини текшириб, назорат қилиб бориш функциясини бажариши керак.

Албатта, бундай жараёнда нархларнинг баланд бўлиши табиий ҳисобланади. Сабаби, «Ўзавтосаноат» АЖ ўзи машина ишлаб чиқаради. У керак бўлганда ўзи ишлаб чиқарган автомобилларни сотиш учун бозорни ёпа олади, бошқа биронта ишлаб чиқарувчини киритмайди, эркин рақобатни турли йўллар билан чеклайди.

Бу ҳолат эса ишлаб чиқарилаётган маҳсулот нархи оширилишига замин яратади. Фикримча, «Ўзавтосаноат» АЖ фаолияти танқидий тизимли таҳлил қилиниши, амалга оширилаётган стратегик менежмент қайта кўриб чиқилиши лозим. Акс ҳолда, бундай «қиммат автомашиналарни» ишлаб чиқариш соҳасини ушлаб туришда мантиқ кўрмаяпман», деди Барногул Саноқулова.

Кеча UzAuto Motors вакиллари берган баёнотдан қониқдингизми, дея берган саволимизга профессор қуйидагича жавоб берди:

«Йўқ, қониқмадим. Баёнотда деярли биронта саволга жавоб берилмаган. Келтирилган сабабларнинг аксарияти асоссиз. Мисол учун, корхона вакиллари нарх оширилишига сабаблардан бири сифатида ҚҚС тўлаганини келтиришди. Аслида бу солиқ корхона фаолиятига бевосита таьсир кўрсатмайди. Солиқ тўловчиси бу охирги истеьмолчи, яьни оддий халқ. Корхона эса ҚҚС занжирида фақат ҳуқуқий тўловчи бўлиб ҳисобланади.

Бундан ташқари, кеча келтирилган сабаблар UzAuto Motors келтирган аввалги баёнотларга мутлақо зид. Масалан, нархларнинг оширилишига сабаб сифатида аввалроқ хом ашё импортидаги нархларнинг ошиши келтирилган эди.

Кечаги мулоқотда эса ишлаб чиқариш жараёни қарийб 50 фоизга локализация қилингани, маҳаллийлаштирилгани айтилди. Берилаётган баёнотлар ўртасида умуман боғлиқлик йўқ».

Нодир Жумаев: «Бизда баъзи депутатлар автомобиль ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари манфаатларини ҳимоя қилаётгандек»


Фото: Нодир Жумаевнинг Facebook саҳифасидан олинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаевни эса бир савол қийнамоқда: UzAuto Motors компанияси ўзини сақлаб қолиш учун қачон халқни қийнашни тўхтатади? Қачон у бозор қоидалари бўйича ишлайди?

«Кечаги мулоқотда мутасаддилар томонидан автомобиллар нархининг ошиши валюта девальвацияси, ҚҚС тўловлари билан изоҳланди. Бу эса уларнинг масалага жавоб беришга тайёр эмаслигини кўрсатди.

Автомобилларнинг асоссиз оширилаверадиган нархлари нафақат меҳнаткаш халқимизни, балки улар сайлаган, улар ишонч билдирган ва улар умид билан фаолиятимизни кузатиб турган депутатларни ҳам қийнамоқда.

Албатта, бу масалага барча депутатлар ҳам бирдек муносабат билдиришмади. Халқаро амалиётдан маълумки, айрим депутатлар баъзи соҳа вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилади. Бизда ҳам шу тизим ишлаётгандек», – деди депутат.

Нодир Жумаев суҳбат давомида макроиқтисодий вазифанинг ўзгаришига бозор конъюктураси таъсир ўтказиши, UzAuto Motors эса шу кунга қадар бозор қонунларини ўз фаолиятига татбиқ қилишга шошилмаётганини танқид қилди.

У шунингдек, UzAutoMotors 2020 йилнинг 4 мартига қадар шартнома имзолаган харидорлар учун шартномадаги барча шартлар сақлаб қолинишини эълон қилгани, лекин янги нархлар ҳақидаги жадвал корхона сайтида 2020 йил 9 март куни жойлаштирилганини таъкидлади.

«Бу – истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш», деди депутат.

«Фикримча, миллий автомобил ишлаб чиқарувчиларимизда узоқ йилларга мўлжалланган стратегик режа йўқ.

Умуман олганда, UzAutoMotorsʼнинг бу каби ҳаракатлари халқимиз манфаатларига ҳам, ислоҳотлар жараёнига ҳам мос эмас».

Алишер Қодиров: «Бизда сотилаётган автомашиналар Россия ва Қозоғистондагидан 500-900 долларга арзонроқ»

«Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодировнинг фикрича, UzAuto Motors – шаффофлашаётган корхона ва у қилиши керак бўлган ишларни қилаётгани учун халқ томонидан танқид қилиниши адолатсизлик бўлади.

Депутат ўз Telegram-каналида норозиликларга сабаб бўлаётган ҳолат юзасидан фикрларини қуйидаги мазмунда ифодалади.

«Мен монополияга қаршиман. Монополия рақобатни йўқ қилади. Рақобатни йўқлиги эса ривожланишни йўқ қилади.

UzAuto Motors – монополист, тўғри. Лекин у мамлакатимиз иқтисодиётида янги, 18 минг ватандошимиз нон топаётган ва бюджетимизга 4 трлн. сўмдан кўпроқ солиқ тўлаётган монополист. Биз ушбу соҳани коррупция ботқоғига ботиб кетган даврини ҳам кўрдик. «Шапка»ларимиз билан, лом-мим демасдан ушбу монополистни «ваҳшийлашишига» ҳисса қўшганларимиз ҳам қанча. Энди у рақобатга тайёргарлик кўряпти, шаффофлашяпти, ҳақиқий таннархини топяпти. Бу зарурий эҳтиёж, бошқа йўли йўқ».

Қодировнинг постидан шунингдек, Ўзбекистоннинг келгуси йилларда ЖСТга аъзо бўлиши билан бозорларимиз очилиши мумкинлиги, унга қадар эса харидорлар кўтарилаётган нархларга рози бўлиб туриши керак, дегандек маънони ҳам тушуниш мумкин.

«Соҳада рақобатни юзага келиши – вақт масаласи, ҳаммамиз биламиз. Биз кутаётган ЖСТга аъзолик билан бозоримиз очилади ва хақиқий рақобат бошланади. Ҳозир дод солганимиз билан енгил автомашина ишлаб чиқарадиган яна бир компания пайдо бўлиб қолмайди.

Ўшанда нархи арзонроқ бўлган автомашинани сотиб олиш ҳақида ўйлаймиз, нархи қиммат ва сифати паст ишлаб чиқарувчилар касодга учрамаслик учун турли «кароматлар» кўрсатишади. Қиммат машинани «қиммат экан» деб дод солмаймиз, олмай қўя қоламиз, тамом», деб ёзади у.

Депутат фикрларини хулосалар экан, автомашиналарнинг оширилаётган нархлари таннархга мутаносиб эканлигини айтади.

«Нархлар ошиши хориждан келаётган эҳтиёт қисмлар кўплиги билан боғлиқ. Шунча вақтдан бери маҳаллийлаштирилмаган! Муаммо, лекин шаффофлашаётган компанияни қилиши керак бўлган ишларни қилаётгани учун танқид қилиш – адолатсизлик.

Иккинчидан, автомашина нархи хорижда сотилаётган нархлардан юқори эмас. Россия Федерацияси ва Қозоғистонда арзон кўрсатилаётган нархлар автомашиналар учун бошланғич тўлов бўлиб чиқмоқда. Бизда сотилаётган автомашиналар 500-900 долларга арзонроқ», – дея ёзади Алишер Қодиров.

Ботиржон Шермуҳаммад«Ўзбекистондаги ушбу ҳолат Россиядаги «АвтоВАЗ» вазиятини эслатади»

«Аслини олганда, қарийб 25 йилдан ортиқ муддат давомида ушбу ташкилот таркибига кирувчи корхоналарнинг давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши (5 йил давомида ҳеч қандай солиқсиз ишлагани, мамлакатга четдан олиб кириладиган енгил автомобилларга юқори миқдордаги бож ставкаларининг белгиланиши ва бошқалар) молиявий ҳолатига ижобий таъсир кўрсата олмади», – дейди Россияда ишлаётган муҳожирлар ишлари бўйича ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад.

Унинг айтишича, бундай ҳолат Россиядаги «АвтоВАЗ» билан боғлиқ вазиятни эслатади. Яъни давлат томонидан кўплаб ёрдам ва қўллаб-қувватлаш таъсирида хам миллий ишлаб чиқарувчи самарали фаолият олиб бора олмаяпти.

«Россияда-ку, ҳеч бўлмаганда «АвтоВАЗ» маҳсулотларининг нархи маҳаллий бозорда четдагидан кўра қиммат эмас. Бизда эса кўп ҳолатларда ўзимизда чиқариладиган автомобиллар ташқи бозорларга сифатлироқ эҳтиёт қисмлар билан таъминлангани ва шунда ҳам маҳаллий бозорга нисбатан арзонроқ сотилаётгани, ҳатто ўзимизда чиққан ва четда арзонроқ сотилаётган автомобилни Ўзбекистонга олиб киришда бож олиниши ғалати.

2008 йилги молиявий инқироз даврида автомобилларнинг ички бозорда сўмга эмас, хорижий валютага сотилганини хам эслатиб ўтиш лозим. Автомобиллар учун тўловни олдиндан олиб, кейинчалик шартномадаги нархни ошириш эса фирибгарликдан бошқа нарса эмас.

Куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлисдаги баҳсларни кўриб, корхона вакилларининг ҳам ўз ҳақиқати борлиги ва ҳар қандай эътирозларга баҳоналари етарли эканини англаш мумкин», деди у.

Ҳуқуқшунос вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича ўз таклифларини ҳам билдирди. Унга кўра, биринчи навбатда «Ўзавтосаноат» менежментини алмаштириш лозим.

«У ерга бу соҳада тажрибага эга менежер ва тадбиркорларни жалб қилиш лозим. Собиқ прокурорлар билан иш битмайди.

Иккинчидан, корхона ривожланиши учун уни соф иқтисодий қонунлар дунёсига қайтариш керак. Яъни, четдан олиб кириладиган енгил автомобиллар учун бож ставкаларини бутунлай бекор қилиш ёки кескин камайтириш зарур. Шундагина рақобат пайдо бўлади.

Учинчидан, корхонани хусусийлаштириш керак. Давлатнинг улуши 25 фоиздан кўп бўлмаслиги лозим. Фақат хусусий тадбиркоргина корхонани ҳозирги ботқоқдан чиқариши ва истеъмолчилар ҳурматини ўз жойига қўйиши мумкин», – деди Ботиржон Шермуҳаммад.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

g98r6rs9x3cu_soajrb7gtrm3hw-66vr

«Бу ерда минглаб ўзбек шифокорлари бор» – Яманда хусусий клиника очган ўзбекистонлик жарроҳ билан суҳбат

Ўзбекистонлик шифокорлар дунёнинг турли нуқталарида фаолият юритадилар. Кимдир малака ошириш илинжида, кимдир хорижни кашф қилиш …