Главные новости
Главная / Сиёсат / Ўрикзор бозоридаги воқеадан кейинги ҳангомалар
<

Ўрикзор бозоридаги воқеадан кейинги ҳангомалар

Жорий йилнинг 26 март куни Бош вазир томонидан Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди. Давлат бюджетига тушумлар масаласида қолоқликка йўл қўйилганлиги учун Миробод, Учтепа туманлари ҳокимлари ва давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари қаттиқ огоҳлантирилди.

Шундан сўнг, ўтган ҳафта давомида ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳридаги «Ўрикзор» бозори ҳудудида солиқ инспекторлари харидорларни тўхтатиб чек сўраётгани, чек бўлмаган ҳолда бозор ҳудудидан чиқармасдан ушлаб тургани ҳақидаги видео тарқалди.

Кейинроқ Солиқ қўмитаси вакили, қўмитадаги бошқарма бошлиғи Тўрабек Тўраев матбуот анжумани чоғида бу вазиятда «солиқ инспекторлари» ноҳақ бўлмаганини маълум қилди. Кўп ўтмасдан Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабарида ушбу видеодаги тадбиркорлар фаолиятини текширган шахс қўмита ходими эмаслиги, Учтепа тумани ҳокимлиги вакили эканини маълум қилинди.

Воқеа юзасидан қўшимча тафсилотларни ўрганиш ва икки томондан ҳам изоҳ олиш мақсадида йўлга тушдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Ўрикзор» бозори ҳудудида видеонинг асосий қаҳрамони бўлган тадбиркорни топиш қийин бўлмади. У ҳеч иккиланмай интервью беришга рози бўлди.

«2019 йил 27 март куни соат тахминан 11:00 атрофида мижозлар ташқаридан чек сўраяпти дейишди. Бориб чекни сўраш кимнинг қарори билан бўлаётганига қизиқдим. Бу қанақа текширувлиги ҳақида 10 мартача савол бердим. Шу саволга жавоб беришмади. Ўзларини ҳам таништирмади. Кимлигини сўрашим бу менинг ҳуқуқим. Кимлигини билишим керак-ку? Бирор идоранинг ходимими ёки кўчадаги безорими? Бунга ойдинлик киритиш учун ундан сўрадим. Кимнинг қарори бўйича? Фамилиянг нима деб сўраш керак-ку бундай вақтда. У эса мендан ҳужжат сўради. Йиғилганларнинг барчаси тадбиркорлар эди. Уларни мен йиғмаганман. Хоҳласангиз бозор маъмуриятининг видеоёзувларини кўришингиз мумкин. У ердаги одамлар ўзлари йиғилишди. Мен у кишига савол бердим.

Мен унга ўзимни таништирдим, ҳужжатларимни кўрсатдим. У ўзини таништирмади ҳам, ҳужжатини ҳам кўрсатмади. Эшикларнинг олдида туриб мижозлардан сўраса, эртага улар фаолиятимни ноқонуний деб ўйлаб мендан маҳсулот олмай қўяди. Ундан кўра, кириб ўзимдан сўрасин. Ҳужжатларим ҳаммаси тўлиқ, 5 йилдан бери фаолиятимни юргизяпман. Бир ойда 15 марта давлат солиқ идорасидан келади. Ҳужжатларимизни кўрсатамиз. Камчилик бўлса, дарров жарима белгилайди. Бунақа сўрайверса, нафақат менга бутун бозорга келмай қўяди-ку? Солиқлар, ижара пули, коммунал тўловларни тўлашим керак. Бола-чақам бор, уларни боқишим керак. Ундан ташқари, солиқ қўмитаси кунлик инкассация қиласан деган. Бу расман айтилмаган. Ундан ташқари, мижоз келса ўзимга ҳам давлатга ҳам фойда-ку? Пул тушумларидан солиқ тўлайман», дейди тадбиркор.

Бозорбой Бабаев (тадбиркор)

Энди видеодаги иккинчи томон, солиқ қўмитаси маълумотида келтирилган ҳокимият вакилини топишимиз керак эди. Учтепа туман ҳокимиятига бордик. Ҳокимият вакиллари бу шахсни туман солиқ инспекциясидан топишимиз мумкинлигини айтишди.

Солиқ инспекциясига борган вақтимизда бу ерда штаб тузилгани, ҳокимият вакиллари ҳам, прокурорлар ҳам шу ердалигини айтишди. Учтепа туман ҳокимияти иқтисодий бўлими ходими Муроджон Эгамбердиев ҳам шу ерда экан. Унинг йиғилишдан чиқишини кутдик. Аммо, йиғилиш тугагач ҳам уни тополмадик, у худди кўринмас қалпоқча кийиб олгандек ғойиб бўлди.

Солиқ инспекцияси раҳбари ўринбосари Шерзод Рўзиевдан изоҳ сўрадик.

Солиқ инспекцияси раҳбари ўринбосари Шерзод Рўзиев

«Жорий йилнинг март ойи учун бюджет кўрсаткичлари бўйича режамиз бор. Ўша режани бажариш учун бутун тумандаги иқтисодий комплекс бу ишга жалб этилган. Шу жумладан, ҳокимият иқтисодий бўлими ҳам. Асосий манба бозорлардаги тадбиркорлик субъектларидир. Юридик ва жисмоний шахслар. Нақд пул тушуми ҳам шу бозорлардан бўлади. Бизнинг туманда «Ўрикзор» бозоридан бўлади. Кимдир кам топширади, кимдир қисман топширади. Мониторинг вақтларида бунга гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун, иқтисодий комплекс, яъни банк, молия, солиқ, ҳокимият иқтисодий бўлими ҳамкорликда бозорларда тадбирлар амалга оширилди. Бу текширувмас, мониторинг эмас. Текширув тадбири алоҳида буйруқ асосида бўлади. Натижасига қараб таъсир чораси қўлланади. Ўша кунги бозордаги ҳолатда ҳеч қандай мониторинг ҳам бўлмаган. Иқтисодий комплекс ходимлари нақд пул тушумини топшириш доирасида ишлар амалга оширилган. Вақти келганда хронометраж ўтказганимизда тўлиқ пул топшириш бўлмаган. Чекни текширишдан мақсад шуки, тадбиркор ҳам масъулиятни озроқ ҳис қилсин.

Касса аппаратини ўрнатиб қўйиш тўлиқ қонуний ишлаяпти, дегани эмас. Товар айланмасидан пул тўланиши лозим. Қанчалик пулни кам кирим қилса, солиқ шунча кам тўланади. Бу тадбирда моддий ёки бошқача таъсир чораси қўлланмайди. Фақат тадбиркорга тушунтирилади. Ўша ҳолатда иқтисодий комплекс ходимлари жалб қилинган. Тушунтириш ишлари олиб борилган. Тадбиркорлар томонидан озроқ тушунмовчиликлар бўлган», дейди у.

Қизиқ ҳолат. Ўзининг ҳақлигига қатъий ишончи бўлгани сабабли тадбиркор мухбир билан суҳбатлашишдан қочмади. Аммо, ҳокимият вакили ўзининг ноҳақ эмаслигини исботлаш ўрнига, «кўринмас одам»га айланди қолди.

Бу турдаги текшир-текширлар, тадбиркор қолиб мижозларни сўроқ қилиш тарихий тажрибаларда доимо салбий оқибатларга олиб келиши кўплаб мисолларда мавжуд. Балким, маълум бир тадбиркорлар солиқ ва тушумларда виждонсизлик билан иш тутар. Лекин, виждонли солиқ тўловчилар фаолиятига аралашиш бозор муносабатларига номувофиқ ҳаракат эмасми?

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

zkc-mhxxpw0h812epec7ey8oj8jk6j0j

Сенат раисига қўшимча ваколатлар берилди

Ўзбекистон Республикаси президенти «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмлари жорий …