Главные новости
Главная / Жамият / Ургутдаги икки қишлоқ можароси: нуронийлар ўзаро муроса йўлини қидиришлари керак эмасмиди?
<

Ургутдаги икки қишлоқ можароси: нуронийлар ўзаро муроса йўлини қидиришлари керак эмасмиди?

Сўнгги бир неча кун ичида Kun.uz таҳририятига Ургут туманидаги «Камонгарон» ва «Вағашти» маҳаллалари фуқаролари томонидан мурожаатлар бўлмоқда. Улар юбораётган видеолардан англаш мумкинки, икки маҳалла ўртасида зиддият келиб чиққан.

Хўш, аслида Ургутда нима бўляпти? Масала наҳотки икки маҳалланинг ёши улуғлари, фахрийларнинг аралашуви, ташаббуси билан ҳал бўлмаса?

Биз масалани ўрганиш учун Ургут туманига бориб, дастлаб «Камонгарон» маҳалласи фаолларининг фикр билан қизиқдик.

«Қўшни «Вағашти» маҳалласи билан бир неча ўн йилдан бери сув масаласида турли тортишувлар, келишмовчиликлар келиб чиқмоқда. Мана, сўнгги бир ҳафта давомида яна ўша муаммо қўзғалди. Очиғи, бу умуман маҳаллаларимиз шаънига тўғри келмайди.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бери биз, камонгаронликлар мана шу тоғдан бетон ариқлар орқали сув тортиб келганмиз. Ичимлик сувини ҳам махсус трубаларда олиб келамиз. Бу ишларнинг ҳаммаси ҳашар йўли билан, маҳалланинг саховатли одамларининг кўмаги билан амалга оширилган.

Қишлоғимизга келадиган бетон ариқ сел келиши оқибатида анча зарар кўрди, таъмирталаб аҳволга келиб қолди. Ушбу бетон ариқларни таъмирлашга, сув исроф бўлмаслиги учун қувурлар ташлашга қарор қилдик. Қувурлар олиб келинди, ишларни ҳашар йўли билан бошлаб юбордик. 4 сентябрь оқшомида вағаштиликлар келиб, трубаларни синдириб, бетон ариқларни бузиб кетишибди. Шундан кейин икки томондан ҳам одамлар йиғилди. Ўзаро келишмовчилик ва даҳанаки жанг бошланиб кетди. Аммо икки маҳалладан ҳам ҳеч кимга зарар етгани йўқ.

Бизнинг маҳалламиз аҳолиси вағаштиликларга қараганда кўп. Шу сабабли аввалдан бизнинг маҳаллага сувнинг 60, нариги маҳаллага 40 фоизи бўлиб берилган. Одамларимизга ортиқча сув керак эмас, ўзимизга келадиган сувни исроф бўлмаслиги ва сув йўлини ободонлаштириш учун ҳаракат қиляпмиз», — дейди «Камонгарон» маҳалласи фаоли Раббим Мўминов.

Шунингдек, яна бир меҳнат фахрийси Соли Маҳмудов ҳам қўшни маҳалла одамлари «Камонгарон»га келадиган бетон ариқларни қувурга алмаштиришга йўл қўймаётгани ҳақида гапирди.

Оқсоқолнинг айтишича, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мазкур ҳудудга келиб, одамларни муроса қилишга чақирган. Лозим бўлса, ушбу муаммони одамларнинг ўзи эмас, соҳанинг мутахассислари амалга ошириши, адолатли тақсимот қилиб берилишини маълум қилган.

Нариги маҳалла вакилларини ҳам эшитиш мақсадида Вағаштида бўлдик.

Дарҳақиқат, ушбу икки маҳалла агар сув билан боғлиқ зиддиятлари бўлмаса, ҳудуд жиҳатдан бир-бирига жуда яқин. Қишлоқлар бир-бирига кафтдек кўриниб туради.

Неъмат Иноятов — 84 ёшда, «Вағашти» маҳалласида истиқомат қилади. Ўзининг айтишича, ўтган асрнинг 60-йилларида, айнан икки маҳаллага сув тақсимланган вақтларда мироб бўлиб ишлаган. Отахон кечаги зиддиятлардан, яна эски муаммо кўтарилганидан афсусда эканлигини билдирди.

«Ўтган асрнинг 1964-65-йилларида мироб бўлиб ишлаганман. Ўша вақтларда тоғ суви шундоққина ариқ орқали оқиб келарди. Кейинчалик камонгаронликлар бетон ариқ ўрнатишди. Маълум муддат ўтиб чашма сувини икки маҳаллага алоҳида тақсимлаш таклифи билдирилди. Тақсимланганда маҳалланинг аҳоли сони ҳисобга олинган ҳолда Камонгаронга сувнинг 56, Вағаштига 44 фоиз қисми келиши кўзда тутилганди.

Йиллар давомида барибир қайсидир маънода тортишувлар бўлиб турди. Мана, бугунга келиб камонгаронликлар қувур ташлашмоқчи бўляпти. Агар улар қувур ташласа, биз томонга келадиган сув камайиб кетади, қишлоғимизга етмай қолади. Қолаверса, биздан ортган сув пастда жойлашган бошқа қишлоқларга ҳам бориб турган. Ҳозирги кунда ўзимизда ичимлик сувига танқислик сезилиб қолди.

Бу гаплардан туман ва вилоят ҳокимлиги яхши хабардор. Бир неча марта хат билан мурожаат қилганмиз. Агар ўз вақтида келиб, адолатли ечим қилиб беришганда, мана шундай можаролар бўлмасди», — дейди Неъмат Иноятов.

Маҳалланинг яна бир фахрийси Сувон Эргашев эса Камонгаронга бораётган сув қувурларини бизнинг одамларимиз бузмаган, бизга туҳмат қилишяпти, деган фикрни бермоқда.

«Қўшни қишлоқ билан орамизда ҳуқуқ-тартибот ходимлари турган бўлса, кеча оқшом қанақасига у томонга ўтиб бу ишни қилган бўлишимиз мумкин?

Давлат одамлари адолатли тақсим қилиб беришини кутишга тайёрмиз. Қўшни маҳаллага сув бермай, ҳаммасини бизга беришсин, демаяпмиз. Аммо тоғдан сув тортиб келиш, бетон ариқ ёки труба тортиб келишми, буни маҳалланинг ўзига қолдирмаслик керак. Давлатнинг эгаси бор, биз шунга розимиз. Қўшниларимиз билан ўзаро зиддиятга боришни биз ҳам истамаймиз», — деди Сувон Эргашев.

Ҳақиқатан ҳам «Вағашти» маҳалласи фуқаролари шу вақтгача ушбу масалани ҳал қилиб беришни сўраб, туман, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилган. Англашиладики, мутасадди идоралар ўз вақтида келиб ушбу масалага эътибор қаратмаган. Токи икки қишлоқ аҳолисининг қўли мушт бўлиб тугилишини кутиб ўтиргандек таассурот беради одамга.

Айни вақтда икки қишлоқ ўртасида тинчликни таъминлаш мақсадида ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари жалб қилинган. Ҳолбуки, масала бу даражада катталашиб кетмаслиги учун одамларнинг мурожаати ва муаммосига ўз вақтида эътибор қаратилса, кифоя эди.

Бир вақтнинг ўзида ҳар икки қишлоқнинг оқсоқол кексалари, обрўли кишилари ўзаро муроса йўлини қидиришлари асрлар мабойнида ҳар икки қишлоқда хизмат қилиб келган сув манбасидан оқилона, келишиб фойдаланишлари лозим эмасми?

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

o3jgniyssi98uaziqx0gg0riagm-wdsm

Яна бир хусусий бандлик агентлигига чув тушган фуқаролар бош вазир қабулига йиғилди. Зарар миқдори 9 млрд сўмга яқин

Бугун, 21 сентябрь куни «Profelite IMP xususiy bandlik agentligi» МЧЖдан пулини ололмаётган ўнлаб фуқаролар Тошкентга …