АҚШнинг United Parcel Service (UPS) курьерлик хизмати Tesla’нинг Semi электр юк машиналарига энг кўп буюртма берган компанияга айланди. Компания 125 та Tesla Semi’га буюртма берган, деб хабар бермоқда Automotive News нашри.

Tesla юк машинаси нархи камида 150 минг долларни ташкил қилади. Шу тариқа буюртма UPS’га деярли 19 млн долларга айланади. Ҳозир Tesla юк машиналари учун олдиндан 20 минг доллар миқдорида депозит олмоқда.

tesla-fura
Фото: Tesla

Бундан аввал Tesla Semi’нинг энг йирик буюртмачиси PepsiCo компанияси ҳисобланаётганди. Pepsi ва Lay’s брендларига эгалик қилувчи компания бу юк машиналаридан 100 тасига буюртма берганди. Бу машиналар компанияда мавжуд 10 мингта машинага келиб қўшилади.

Аввалроқ Budweiser маркасидаги пиво ишлаб чиқарувчи Anheuser-Busch компанияси ҳам 40 та Semi’га буюртма берганди. Шунингдек, DHL, Wal-Mart ва Sysco компаниялари ҳам 10 тадан Semi’га буюртма беришган. Айни вақтда юк машинасига буюртмаларнинг умумий миқдори 410 тадан ошмоқда. Шу тариқа Tesla олдиндан тўланган ҳақ ҳисобига 8 млн доллардан кўпроқ маблағни қўлга киритди.

Tesla Semi ноябрда тақдим қилинганди. Янги машина бир қувватланишда 482 км ва 800 км йўл боса оладиган иккита модификацияга эга. Юк машинаси 4 та электромотор билан жиҳозланади. У тўлиқ юкланганда (36 тонна) 100 км/соат тезликка 20 сонияда эриша олади. Юк машинаси 2019 йилдан ишлаб чиқарила бошланади.