Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / Умидворлик ҳолатидамиз. Устоз журналистлар ўзбек журналистикаси бугуни, муаммолар ва зарур ислоҳотлар ҳақида
<

Умидворлик ҳолатидамиз. Устоз журналистлар ўзбек журналистикаси бугуни, муаммолар ва зарур ислоҳотлар ҳақида

Kun.uz мухбири касб байрами муносабати билан Ўзбекистондаги бир гуруҳ устоз журналистларни йўқлади ва уларнинг бугунги кун журналистикаси борасидаги фикрларини сўради. Катта авлод журналистикаси вакиллари ўз фикрларини қуйидаги икки саволга жавоб бериш орқали ифодалашди:

1. Журналистиканинг бугунги қиёфасини қандай кўрасиз ва ундаги асосий муаммолар нималардан иборат?

2. Ўзбек журналистикаси қандай ислоҳотларга муҳтож деб ҳисоблайсиз?

Карим Баҳриев:


Фото: Карим Баҳриевнинг Facebook саҳифасидан олинди

1. Дунё бир азалий маромда яратилган ва яшайдигандай, яхлит ва муштаракдир. Ҳавонинг бир неча даражага исиши музликлар эришига ва уммонлар сатҳи кўтарилишига, дунё харитаси ўзгаришига олиб келяпти. Бир инсоннинг Яратган инсонга ҳаром қилган луқмасини – кўршапалакни еганидан пайдо бўлган бир тожливирус бутун инсониятни ларзага солмоқда. Худди шундай Ўзбекистон журналистикаси ҳам ўзбек жамиятининг ҳаётидан айро эмасдир, мамлакат аҳволи билан чамбарчас боғлиқ.

Журналистиканинг юз йилдан зиёд яқин тарихи ҳам шу жамият аҳволига муштаракдир. Чоризм давридаги Столипин ислоҳотларидан сўнг пайдо бўлган умидлар Давлат думаси аъзоси бўлган Беҳбудийлар ва жадидларни юзага чиқарганди. Шу билан бирга, Октябрь тўнтаришини етилтирди. Ўзгаришлар умиди Чўлпон-у Қодирийларни олдинга чиқарди, аммо аста-секин инқилобдан бўлган умидлар пучга чиқди – қатағон-у таъқиблар бошланди ва жадидлар қирғинга учрадилар.

Кейин Хрушчёвнинг «или-милиқ» ислоҳотлари, шахсга сиғинишга қарши оташин сўзлари, «Ўткан кунлар» ва «Тонг сирлари»нинг очиқ ўқий бошланиши янги умидлар пайдо қилди, аммо яна авторитаризм бош кўтарди ва узоқ муддатли турғунлик даври бошланди.

Михаил Горбачёвнинг ошкоралиги яна жамиятни ва журналистикани уйғотди, газеталар миллионлаб ададда чиқа бошлади, янги жадидлар пайдо бўлди ва улар мустақилликни тайёрладилар. Аммо мустақилликка эришганимиздан сўнг тўрт-беш йил ичида яна яккаҳокимлик ва шахсга сиғиниш йиллари бошланди, ошкоралик уйғотган навбатдаги жадидлар ё қамалди, ё юртни тарк этди, ё сукутга чўмди.

Ва ниҳоят, 2016 йил охиридан яна «янги ислоҳотлар» даври бошланди. Янги президент Шавкат Мирзиёев ошкораликка, ислоҳотларга даъват этди. Бугунги журналистика ана шу умидворлик ҳолатидадир. Бир қисм мен ва сиз сингари романтиклар, журналистлар ва блогерлар бу ислоҳотларга ишоняпмиз ва яна бир қадар олдинга чиқдик, «ортга қайтиш нуқтаси» ўтилганидан умид қиляпмиз. Яна бир тоифа ҳали ҳаммаси аввалги ҳолига қайтади, бу халқ демократияни истифода эта олмайди, эскича қарашли кучлар ўзини ўнглаб олади, деб пойлаб ўтиришни афзал кўрмоқдалар.

Мен ўзгаришлар бўлишига ишонадиганлар томонидаман шу бугунги ҳолимда ва бу сўнгги имконият деб биламан.

Журналистика ривожи учун нималар керак?

Энг аввало, сиёсий ирода керак. Бу ирода давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан айтилмоқда ва қайта-қайта даъват этилмоқда. Агар бу сиёсий ирода бўлмаганда, бугунги айтилаётган ҳақиқатларга имкон бўлармиди?!

Иккинчидан, ОАВ бўйича қонунлар такомиллашуви лозим. Масалан, туҳмат ва ҳақорат жиноят қонунчилигидан чиқарилиши лозим (шу йил январида АОКА президент қарори асосида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этишни чиқариб ташлаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди – таҳр). Бу қонунбузарликларнинг маъмурий ва фуқаролик кодексларида бўлиши етарлидир. Сўз учун, фикр учун қамоқ жазоси бўлиши мамлакатда фикр эркинлигига ҳеч қачон йўл бермайди. Бирор-бир тараққий қилган, маданий халқда ва давлатда бундай модда мавжуд эмас, у фақат авторитар ва тоталитар давлатларда қолган. Уни мансабдорлар танқиддан қўрққани учун ушлаб туради ва халққа эса шундай дейди: «Наҳотки, сизга газетада ёки интернетда туҳмат ё ҳақорат қилишса ва жазосиз қолса?!».

Аввало, жазосиз қолмайди – маъмурий ва фуқаролик кодексларига кўра жазоланади, жарима тўлайди, ОАВ ёпилиши мумкин, қолаверса, ОАВ қонунчилигига кўра ёлғон маълумотларга раддия қилинади ва фикрларга жавоб бера олади. Фақат сўз учун қамоқ жазоси бўлмайди, холос. Агар бир журналист сўзи учун қамалар экан, қолган минглаб журналистлар танқиддан тийилади, жим ўтиришни ёки мақташни афзал кўради. Мақтов эса «тиз чўкиб қилинадиган қароқчилик»дир.

Учинчидан, ОАВ менежменти бозор иқтисоди шароитига ўтиши керак. Қонунчиликка кўра, исталган соҳага сармоя кирита оласиз, лекин ОАВ соҳасида чегара бор, низом жамғармасида хориж сармояси 30 фоиздан ошмаслиги керак, бевосита бирор матбуот хориждан маблағ жалб эта олмайди, аввал «умумий ўра»га – Фондга тушиши керак ва у кимга беришни ҳал қилади. Сармоядор эса муайян, аниқ лойиҳага пул беради. Кўряпсизки, матбуот соҳаси бозор иқтисодининг рақобат шароитига кира олмайди. Тушунаман, бу чекловлар аввалги «қўрқув даври»дан қолган. Жамоатчилик фикрига хориж таъсир ўтказмасин дейилган. Биз энди адолатли ва ҳалол иш юритсак, нимадан қўрқамиз?!

Тўртинчидан, айнан халқнинг ошкора фикрлаши ва онгли қарорлар қабул қилиши – ҳақиқий барқарорлик ва хавфсизликнинг асосидир. Онгсиз оломон – хавфсизликнинг душманидир.

2. Албатта, ўзбек журналистикаси жиддий ислоҳотларга муҳтождир. Давлат, жамият ва инсон – бир муштарак ижтимоий организмдир. Журналистиканинг ўзи алоҳида либераллаша олмайди. Масалан, одамнинг қўли ечилса-ю, оёғи боғлиқлигича қолса, у юра олмайди ёки оғзи очиқ бўлса, гапира олса-ю, бурни ёпилса, нафас ололмаса, қай ҳолга тушади…

Журналистиканинг сўз эркинлиги шароитида ривожланиши давлатдаги маъмурий-сиёсий ислоҳотларга боғлиқдир, медиабизнес, яъни журналистика менежменти юксалиши, чинакам молиявий эркинлиги юртда реал рақобат шароити яратилишига, монополистик иқтисод ўрнига ҳаққоний бозор муносабатлари қарор топишига боғлиқдир, яъни иқтисодий бақувват бўлиши учун мухлиси кўп бўлиши керак, мухлиси кўп бўлиши учун ҳақиқатни ёзиши ва ёза олиши керак, ҳақиқатни ёзгандан кейин омонликда яшаши қонун устуворлигига, адолатга боғлиқдир. Адолат эса инсонпарвар қонунлар яратилишига, яъни мустақил парламентга боғлиқ, бундай парламент эса эркин ва ҳаққоний муқобиллик асосидаги сайловларга эҳтиёж сезади. Шундай эркин парламент қабул қилганларга риоя этилиши учун фақат қонунга итоат қиладиган ҳуқуқ-тартибот тизими ва мустақил суд тизими лозим.

Кўряпмизки, буларнинг барчасисиз фақат журналистиканинг ўзини ривожлантириб бўлмайди.

Хуршид Дўстмуҳаммад:

1. Журналистикамизнинг бугунги қиёфасини чизиш учун ёрқин бўёқларимиз жуда оз. Бугунги муаммолар илдизи – 30 йиллик дарахтларнинг меваси ҳисобланади. Бу дарахтларни асраб-авайлаб суғорган, парвариш қилган маслаҳатгўйлар, йўл-йўриқ кўрсатувчилар айбдорлар сафини бошқариб туришибди. «Э, барака топгурлар, шунча йўл-йўриқ кўрсатдик, соҳа орқага кетса кетмоқдаки, рўшнолик кўраётгани йўқ, келинглар, бас қилайлик!» демади-я, бирортаси, лоақал инсоф, диёнат нуқтайи назаридан.

Журналистларимиз-чи? Бош муҳаррирларимиз-чи? Ўша «доно» йўриқномаларга ватанпарварлик, мустақилпарварлик тўнини кийдириб бажонидил ижро этдилар. Озгина диёнати, ғурури кўз юммаганларгина қоғоз-қаламни йиғиштирдилар.

Кенг омма эса томошабинликдан нарига ўтмади. Бу нимаси? Матбуот ҳам, ТВ ҳам шунақа кўзбўямачи бўладими, деб айтолмади. Тоқат қила-қила оқибати миллий матбуотимиз аҳволи шу кўйга тушди.

30 йилда йўқотилган обрў-эътиборни 3-4 йилда тиклаш албатта осон кўчмайди. Лекин шуниси аниқки, айни пайтда президент бошлаётган ислоҳотлар натижаси оммавий ахборот воситалари тўла эмин-эркин фаолият юритишига боғлиқдир!

Ўша қаттол шўро даврида Россиядан, Латвия, Литва, Эстония, Озарбойжон, Грузиядан газета-журналларга обуна бўлардик. Қўлма-қўл ўқирдик. Баҳслашардик. Хулоса чиқарардик. Бирорта сонини олмай қолсак, суриштирардик, излардик.

Энди-чи? «Фалон газета нега чиқмаяпти? Пистон журнал нега тўхтаб қолди?» деган гапни эшитмаймиз. Шу қадар ожизлик, ношудлик!..

Кимда-ким газета-журнални ўқимаса ўқимай қўя қолсин, бу унинг диди, савияси, дунёқараши, маданияти белгиси. Лекин ижтимоий тармоқ, блогер ҳали тўлақонли журналистика эмас. Улар ҳам керак, зарур. Ижтимоий тармоқ, блогер топсин, кўрсатсин, воқиф қилсин, ёзма журналистика таҳлил қилсин, тушунтирсин, йўналтирсин. Шу тариқа, бир-бирини тўлдирсин. Мана, ечим қаерда!

Матбуотни ўқимасликка даъват этувчи вазир ёки ҳокимга ишониб бўлмайди ахир, жамиятнинг маънавиятини, тақдирини!

Борни йўқ қилиш эмас, бордан бор қилишни ўйлайлик.

Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги мутасаддиларининг топқирлигини қаранглар: республикамиздаги бир неча олий ўқув юртларида журналистика факультетлари очилди. Қувондик, олқишладик. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети таркибида 20 йилдан буён (!) фаолият юритаётган, муайян тажриба орттирган, илмий салоҳиятни шакллантирган, ҳар қандай олий ўқув муассасаси ғурурланишга арзийдиган талабалар етиштирган халқаро журналистика факультети фаолияти бошқа йўналишга ихтисослаштириш баҳонасида тугатилди. Қани мантиқ? Қани миллий манфаат? Қани, соҳанинг ўзига хос нозик жиҳатларини тушуниш, англаш?!

Янги ташкил этилган факультетлар ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультети эришган тажрибани, салоҳиятни жамлагунига қадар… соҳанинг аҳволи нима кечади?

Бу каби саволларга жавоб йўқ…

2. Жамиятда ўқитувчининг, мураббийнинг иззат-эътибори энг юқори ўринда турмоғи керак. Шифокорлар ҳам шу қатори. Айни чоғда журналистика ва журналистларниннг обрў-эътибори уларникидан кам бўлмаслиги керак. Унутмайлик, бошқа барча соҳадаги аҳвол миллий журналистика ўнгланган тақдирдагина яхшиланади, изга тушади, натижа беради.

Давр тубдан ўзгарди, бу имкониятдан унумли фойдаланмасак, унинг уволига қоламиз. Ўзини ҳозирги янгиланишларга муносиб, лойиқ кўрмаган заҳматкаш оқсоқол ҳамкасбларимиз ёшларга йўл очишлари, пиравордида касбимиз келажагига хизмат қилади. Касбимизни севасизми, унинг тақдирига бефарқ эмасмисиз, марҳамат, айни тантилик, жўмардлик айёми мунтазир, Сизларга! Ишонинг, ёш авлод вакиллари сиз-у биздан яхшироқ, саводлироқ, унумлироқ, фойдалироқ ишлай оладилар!

Миллий журналистика фани салоҳияти аянчли аҳволда. Назарий асос пухталанмагунига қадар унинг амалиёти ҳаминқадарлигича қолаверади. Эндиликда ҳар қандай тараққиёт илмий замини пухта соҳалардагина гуллаб-яшнайди. Бу ­– аксиома!

Қулман Очил:

1. Журналистиканинг – оммавий ахборот воситаларининг, шакл-шамойили, нуфузи ва келажаги интернет нашрлар билан боғлиқ экани бугун аён ҳақиқат. Куни кеча кўпчилик уларга «бевош боланинг эрмаги» деб қарарди. Энди энг юқоридан қуйигача – ҳамма ҳисоблашади. Тонгдан шомгача катта-ю кичикнинг нигоҳи – «шу дилбарнинг мовий кўзларида»: қани, кўрайлик-чи, оламда нима гап?

Куни кеча ахборот майдонида яккаш от суриб юрган ахборот агентликлари, газета-журналлар, теле ва радио каналлар холислик, тезкорлик, дадиллик ва ранг-барангликда интернет нашрлар-у блогерларга улоқни бериб қўя бошлади. Қараса, ҳоли танг. Бирин-кетин сайтини очиб, борини кенгайтириб, ижтимоий тармоқларга ўзини урди. Мудом «шакар сепилган ширин хабарлари» камайиб, «харидоргир» маҳсулотлари кўпая бошлади. Ана энди, «аканг қарағай» деб турган интернет нашрлар-у блогерларга қаранг: ортидан от дупирини эшитиб, қамчисини қўлга олмасами! Рақобат!

Бу жараённи фақат илмий техника соҳасидаги ютуқларга боғловчилар, беозор айтганда, янглишади. Айни ютуқларнинг замирида, энг аввало, мамлакатимизда очиқлик ва демократия тамойилларининг мустаҳкам қарор топаётгани, оммавий ахборот воситалари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг юксак самаралари мужассам. Самараки, қадамлари тобора кенгайиб ва тезлашиб бораётган янги асрнинг, шитоби баланд замоннинг йўл-йўриғи, талабларига монанд.

2. Жамиятда ислоҳотни қалам аҳли, хусусан, журналистларнинг ёрдамисиз амалга ошириб бўлмайди. Бу ҳам аён ҳақиқат. Журналистнинг холис сўзи ҳаммага, айниқса, туриш-турмуши юзаки, лоқайд амалдор қавмига ёқмаслиги тайин. Қони қайнайди. Лекин улар ҳам анча ҳовуридан тушиб қолди. Инчунун, жамиятимиздаги энг долзарб муаммо ва камчиликларни биринчилардан бўлиб дадил кўтариб чиққан ва чиқаётган интернетчи ҳамкасбларимиздан миннатдор бўлишимиз керак. Адолатга ва ҳақ сўзга ташна халқимизнинг олқиши-ю дуосини олганлар ва олаётганлар шулар. Бошида не бир калтаклар синган ва синаётганлар ҳам шу фидойи ёшлар. Ҳа, айнан, ёшлар!

Бундай ёшларимиз сафи муттасил кенгайиб боришидан давлатимиз, жамиятимиз, халқимиз ва оммавий ахборот воситаларининг ўзлари ҳам жуда-жуда манфаатдор. Журналистика соҳасидаги энг катта муаммо – ана шу манфаатдорликдаги мутаносибликка путур етмаса бўлгани. Юксалиш сари юз тутган давлат, забунликдан воз кечган жамият ва илм-маърифатга интилган халқ доим ўз журналистларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Бизни шу саодат энди асло тарк этмасин!

Kun.uz касб айёми билан соҳанинг барча жонкуяр устозларини яна бир бор табриклайди.  

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

jkabyx8pxgnpdbdchroiuatt7b8oy0bf

Пахтани асосан кимлар теради? Вазир ўринбосари аниқлик киритди

Меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг сўзларига кўра, пахта теримига биринчи навбатда «темир дафтар»дагилар, оғир шароитда …