Ҳа, янги келин учун тушган уйи – қалъа, бу хонадоннинг аъзолари энг яқин кишилари эканини аёллик қисматини тан олган, Худо қовуштирган никоҳга бўйин эгувчи одобли келинлар яхши билишади. Қолаверса, шу уйда тиниб-тинчиш уларнинг мақсади ҳам.
Халқимизда «Бир оғирга бир енгил», «Бир яхшига бир ёмон» деган ибора бор. Дунёда нечта одам булса, шунча феъл-атвор мавжуд. Биров «пов» этиб ёнса, бирлари тепса ҳам тебранмас бўладилар. Айрим келинлар ловуллаб турганида дилига-ю тилига келганини қайтармай, гапириб-гапириб олишни гуғри деб биладилар. Тилнинг суяги йўқлигини, айтилган сўз ўк мисол эканини, кейин армон ва пушаймон ҳам уни жойига тушира олмаслигини англамайдилар. Устига устак «бўлганим – шу!» деб турувчилар ҳам топилади.
Одамга феъл, мижоз, «оғирлик» ёки «енгиллик» туғма берилиши тўғри. Бироқ уларни доимий, ўзгармас деб қабул қилмаслик керак. Келинда онг, одоб бўлса, тушган жойининг шакл-шамойилига қараб, ундаги кишилар таъсирида, айниқса, окила қайнона тарбиясига кура, аввало, эри, турли феъл-атворли, турли мижоздаги овсин ва қайнбўйинлар билан муросаи мадора қилишиб, муносабатни мослаб бора олади.
Юлдузни юлдузга мослашнинг муҳим шарти – ният яхши, мақсад тўғри бўлиши керак. Одамий яшаш, одамий ният қилиш, шу ниятларнинг амалга ошишида инсонларча ҳаракат қилиш керак. Яхши ният, тўғри мақсад одобли келинга энг таранг вазиятларда ҳам тўғри йўл кўрсатади, мувозанатни, инсонийликни сақлаб қолишига кумак беради. Ҳаёт кўрган, аччиқ-чучукни туйган аёллар: «Энг шаддод, энг ғурурлилар, осмонда учиб юрганлар ҳам оила, бола-чақа мазасини, жуфтлик қудратини туйгач, майиздек мулойимлашиб, ерга тушадилар!» дейишади. Бунда ҳаётий ҳақиқат бор.
Айрим келинларга бошқаларнинг уйида пишган ош тотлироқ, дугоналарининг эри – чиройлироқ, топағонроқ кўринади. Бошқалар кийган кийим бадавлатлик рамзи бўлиб туюлади. Улар, ҳа деса уйларига, оналари ёки акаларининг олдига югуриб, ўз бахтсизликларидан шикоят килаверадилар, «яхши жойга» тушмаганларидан нолийверадилар.
«Ерни сув бузади, қизни – онаси» мақоли бежиз эмас. Қиз бола келин бўлгач, анча қийналади, қоқилади-суқилади. Қизни узатган онага ҳам осонмас. Лекин қизи шикоят билан келганида уни обдон эшитиб, оғир бўлишни тайинлаши, «турмушнинг мушти», «гулнинг тикони» борлигини тушунтириши керак. Юк кўтарган ютади, деб
бежиз айтишмаган. Тушган жойининг паст-баландига ўзи тушуниб етмай туриб, чор атрофга шикоят қиладиган келинлар, аввало, қудалар ўртасига совуқчилик туширадилар, аста-секин бахтлари нураб бораверади.
Келин бахтини, ҳимояни тушган жойидан ахтариши керак, дейди доно халқимиз. Нечоғли ҳикмат кўп бу гапда! Бахтни уз уйидан тополмаган аёл уни кенг оламдан ҳам топа олмайди. Уз юрагингга сиғмаган ҳасрат узганинг кўксига ҳам сиғмайди. Ўзига керакли ҳимояни ўз уйидан тополмаган, ўз яқинларига ишониб, суяна олмаган аёл бу ҳимояни, бу суянчни кенг жаҳондан ҳам топа олмайди. Ҳар кимнинг уйи жонажон қалъасидир.