Главные новости
Главная / Жамият / «Уйдаги сигирни сотишга мажбур бўлдим». Ҳалиям компенсация пули ололмаётган риштонликлар ҳикоялари
<

«Уйдаги сигирни сотишга мажбур бўлдим». Ҳалиям компенсация пули ололмаётган риштонликлар ҳикоялари

Фарғона вилояти, Риштон тумани марказидаги қайта қуриш ишлари, «буз-буз»лар оқибатида аҳоли вакилларининг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида сайтимизда жуда кўп мақолалар ва репортажлар эълон қилдик.

Аввалига турфа муаммолар аҳоли вакилларининг уйлари огоҳлантиришсиз, уларга ҳеч қандай шароит яратилмай бузилиб, компенсация пуллари берилмаётганида эди.

Сўнг Риштондаги қурилиш ишларига барча туманлардан, вилоятдаги барча ташкилот вакиллари «ҳашар» ниқоби билан мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ижтимоий тармоқларда кун тартиби даражасида муҳокама қилинди.

Куни кеча ўтказилган видеоселекторда Риштон масаласига шахсан давлат раҳбари эътибор қаратиб, вилоят ҳокимини танқид остига олди ва шаҳарчадаги бузиш ишлари давомида аҳолига ноқулайлик туғдиргани, уларнинг дардини эшитмагани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевдан узр сўрашини талаб қилди.

Риштон аҳолиси вакиллари, Kun.uz сайтига яна бузилган уйлар учун компенсация пули берилмаётгани ҳақида мурожаат қилишган. Биз 3 август куни яна Риштонда бўлиб, ҳашарчилар ва аҳоли вакиллари билан учрашдик.

Кўчаларда ҳашарчилар сони озайибди. Кўча четида, иссиқ ҳавода ишлаётган аёллар бор. Улар ўзларини,Қўштепа, Олтиариқ «ободонлаштириш» бўлимидан келдик, дея танитиришди.

«Ҳамма уйим бузилиб, бир хонада қолганмиз. Янги жойга уй қураётган усталардан 17 миллион қарзим бор»

Риштон марказида яшовчи уйи «снос»га тушган аҳолига ҳалигача, пуллар берилгани йўқ. Бузилган хонадонларида бўлиб, эгалари билан суҳбатлашдик.

Султонхон Абдуллаев («Оқ ер» МФЙ, Амир Темур кўчаси 4-уйда яшайди):

— 14,5 сотих ерим бор эди, эндиликда 7 сотихча ер қолди. Рамазон ойида таровеҳ намози пайти тадбиркорларни ҳокимиятга йиғилишга чақиришяпти дейди. Шу билан эрталаб ҳокимнинг қурилиш бўйича муовини Содиқжон Ҳайдаров (эндиликда собиқ) келди ва нотурар жойларни бузиш бошланди. Улар бузилгандан кейин турар жой иморатларига ўтилди. Менинг 1998 йилда қуриш бошланган ва битганига ҳали икки йил ҳам бўлмаган 8 метрли айвоним, бешта дўконим тепасида янгиланган шиферлари билан, меҳмонхона, хуллас 11та уйим, ҳаммаси бузилиб кетди.

2017 йилда уста боқдим, қарийб 36 млн сўм пул сарфладим. Мана энди иморатларим бузилди, теп-текис қилиниб, йўқ бўлди. Онам 87 ёшга тўлдилар, сутни яхши кўрадилар, неварам ҳам бор саккиз ойлик. Лекин уйдаги сигирни сотишга мажбур бўлдим, чунки ғиштдан қарзим бор эди. Цементдан ҳам қарзим бор, 4 тоннага. Менга Мискин маҳалласидан янги жой беришди — 6 сотих. 46 мингта ғишт урилди. 5 «Камаз» шағал кетди. Бетонига мана шу жойдан чиққан сўриток темирлари бор эди, ҳаммасини олиб бориб ишлатдик. Ҳаммасига пулни ўз чўнтагимдан ишлатдим.

Давлат томонидан эса бор-йўғи 10 млн сўм берилди, холос. 11та уйимни 89 млн сўмга баҳолашибди, лекин ўша нархнинг қоғозини ҳалигача кўрганим йўқ. Нархини бошқа жойларга кўрсатсак, 300 миллион сўмдан ошади, дейишяпти. Менга 2 мингта деб ғишт беришди, мана ётибди, чиқса 1,5 мингтага борса боради ёки 1200та чиқади. Яна 2,5 мингта ғиштни нариги ерга туширганман.

Энди қурилиш қилишим учун мана бу иморатимни бузишим керак. Лекин шундан бошқа яшайдиган жойим йўқ. Мискиндаги уйни битирсам, оиламни ўша жойга кўчириб борганимдан кейин бу ерда қурилиш бошлашим мумкин бўлади. Бошқа иложим йўқ. Ўғлим Андижонда ўқийди, 31 ёшга тўлди. Уни уйлантиришим керак, лекин уйлайдиган жой қолмади. Хотиним операция бўлган, яқин 45 кун давомида ота эшигида жон сақлади. Ўша 89 миллионни беришса, нариги ердаги уйни битириб, кўчиб чиқардим.

Пулни сўраб борсам, Содиқжон Ҳайдаров «ҳали пул келгани йўқ, ҳозирча бирортасидан олиб туринг», деди. Атрофдаги ҳамма тадбиркорларнинг иморатлари бузилган бўлса, пулни кимдан оласиз? Мен Мискиндаги еримда 9 уста боқдим, улардан 10 млн сўмдан ортиқ қарзим бор, иш ҳақидан. Жами қарзларим эса 17 млн сўмдан ортиқ. Усталар бошқа жойда ишлаяпти, лекин ҳар ўтган пайтида пул нима бўлди деб сўрайди. Хижолат бўлиб уйда ўтиролмай қолдим. Куни кеча битта қоғозга қўл қўйдириб кетишди. Кўчага шағал тўкиб кетишган экан, шуни ҳам менга ёзиб қўйишибди.

Мен ишлатмасам, уни нима қиламан? Берган ғиштлари ҳам сифатсиз. Пулни беришсин. Бозордан танлаб олайлик».

«Аввалига ваъда бошқа эди. Энди уйимиздан чиққан эски материалларнинг пули компенсация ичидан минус бўлар экан»

Мирзаўрин Собиров (Риштон шаҳри, Рошидоний кўчаси 284-уйда яшайди):

— Бизда ҳам худди шундай ҳолат. Компенсация тўлаймиз деб, уйимизни бузишди. 10 млн сўм беришди холос, қолганини олганимиз йўқ. 8 хона уйим бузилди. Шошилинч равишда усталарни олиб келиб, бузилган уйлардан чиққан ғиштлардан яшаб туриш учун икки хонали уй қуриб олдим. 4 киши шу жойда яшаяпмиз. Қора сувоқ қилинган холос, ҳали оқлангани ҳам йўқ. Менга Учариқдан 6 сотих ер беришган. Маҳалла томонидан 650 кило цемент, 4,5 мингта ғишт берилди. Бизга Қўштепа тумани бириктирилган экан. Улар 5 мингта ғишт ва 500 кило цемент беришди.

Ҳозир янги уйга пойдевор қуйдиришим керак, лекин пул йўқ. Ҳалиги 10 млн сўмни 2 хонали уйимни битириш учун ишлатиб юборганман. Чунки яшайдиган бошқа жой йўқ эди. Бузилган уйимни қанчага баҳолашганини билмайман.

Баҳолаш комиссияси келди, биз вилоятданмиз дейишди. Расмга, видеога олиб кетишди. Шу бўйи 10 млн сўм беришди, холос. Комиссия қанчага баҳолаган, менга айтишгани йўқ. Энди мен уй билан бирга дўкон ҳам қуришим керак. Тирикчилигим шу дўкондан эди. Уни бузиб кетишганидан бери ишсизман. Келиб буздирган пайтда арзон нархда цемент, ғишт берилади, дейишганди. Энди суриштириб прокуратура ёки ИИБга борсак, ҳокимлик ҳал қилади, дейишяпти.

Энг ўйлантиргани — уйимиз бузилганида ундан чиққан материаллар акт тузилиб, ҳисобдан чиқарилади, дейишганди. Кеча молиядан келишиб, эски уйларимиздан чиққан материаллар пулга «чақилиб» компенсация ичидан олиб қолинишини айтишди. Тавба, бу қанақаси?»

«Одамлар Президентимизга қаттиқ ишонишади. Лекин маҳаллий раҳбарлар ваъда бериб устидан чиқишмаяпти»

Улуғбек Ҳусанов:

— Рамазон ойининг иккинчи 15 кунлигида келиб, аммамнинг уйини бузиб кетишди. Амманинг соғлиғи чатоқ. Ҳозир ўғлининг уйида ўтирибди. Компенсация берилишини кутяпти. Уйнинг ўрнига Учариқдан 6 сотих ер берилди. 10 млн сўм бериб кетишди. 400 кг цемент, 2,5-3 мингта ғишт ташлаб кетишди. Аслида Президентимиз айтганидек, аввал ер ва компенсация бериб, кейин бузилиши керак эди. Лекин ҳозир тескариси бўляпти. Ўшанда буздирмайман деганларга давлат сиёсатига қаршимисан, дейишганди. Одамлар Президентга ишонишади, лекин маҳаллий раҳбарлар тескарисини қилишяпти. Ҳеч қандай режасиз иш қилиняпти».

«Бузилган уйларни ўта саводсизларча баҳолашган»

Иноятхон Раҳмонова (Рошидоний кўчасида яшайди, II гуруҳ ногирони):

— Риштонимизга юртбошимизнинг назари тушганидан хурсандмиз. Маҳаллани обод қилинглар деяпти. Ҳар битта дарахтига ҳам пул берасан деганини эшитиб қувондим. Туман раҳбарлари келиб, Президент қарори бор, бузамиз дейишди. Қарордан хабарим бор, бузаверинглар, деб уйни бўшатиб бердим.

Мен пенсионерман, бир келиним фаррош. Иккаламизнинг пулимизга тирикчилик қиляпмиз. Компенсация беришади деб ўйлагандим, ҳали берилгани йўқ. Ер ҳам беришмади. 8 хона уйим бузилди. 10 киши яшаймиз. Ҳозир ёз, ток остида сўрида ётибман.

Қишгача битказиб беришар деб ўйлаяпман. Ишни тезлатишга маблағ йўқ. Нархини 95 млн сўм деб эшитдим. Ўзим илгари қурилишда ишлаганман. Уйларим пишган ғиштдан қурилганди. Менимча, 300-400 млн сўм бўлиши керак эди. Кимдир келиб уйинг шунчага баҳоланди, демади, ҳеч ким келгани йўқ. Ҳоким ўринбосарига учрадим, берамиз, рўйхатга киритиб қўйдик, деди. Бироқ пул ҳали ҳам берилгани йўқ. 5 мингта ғишт беришди, цемент ҳам берилди.

Мен ҳар куни юртбошимиз тинч бўлсин, ҳокимларимизга инсоф берсин деб дуо қиламан.

Бу ерда бузиш ишлари 16 майда бошланган. Май охиригача тўлиқ бузиб тозаланган. Ўғлим кейин бир ой кадастрнинг ортидан югурди. Ер беради деганди, лекин унга беришмади. Ҳоким ўринбосари хижолат бўлманг, берамиз деди. Лекин, мана бир ой бўлдики, ҳали берилгани йўқ. Биринчи гуруҳ баҳолагани келганда сизга зўр нарх чиқади, дейишганди. Хурсанд бўлиб турсам, яна бошқа одамлар келиб, қайтадан баҳолади, лекин улар индамади, нархини айтишмади. Шунга ҳайрон бўлиб қолдим. Ҳатто молиядан келиб чиққан материалларнинг ишга яроқлисини ҳисоблаб кетишди. Компенсациядан минус қилинади, дейишди».

«Фарзандим ногирон. Уйимиз бузилиб ижарада турибмиз. Ҳали бир сўм ҳам компенсация олмадим»

Умиджон Мелибоев (Рошидоний кўчаси 28-уйда яшайди)

— Уйимиз 7 июнь куни бузилган. Компенсация берилгани йўқ. Тўртта уй, айвон, дарвозахона, газхона бузилди. Ҳеч қандай ёрдам ҳам йўқ. Бу жойдаги ерим 6 сотих эди. Уйсиз қолдик. Ҳозир ижарада турибмиз.

Ногирон қизим бор. Ижара шартнома қилинган. Лекин ҳокимлик пул бергани йўқ, ўзим тўлаяпман — 350 минг сўм. Деҳқонободдан ер беришди. Бироқ компенсация беришмаяпти, сўрасам «берамиз» дейишяпти, лекин дараги йўқ».

Хуллас, Риштонда шунақа гаплар. Ҳали туман марказида қурилиш ишлари давом этмоқда.

Элмурод ЭРМАТОВ,
Kun.uz мухбири, Фарғонадан.
Аҳрорбек ЁҚУБЖОНОВ, тасвирчи.

Ҳаққимизда Anonymous

Яна маълумот

rscv8dx1eyhsdaltrghcz7gv8l6dyoi8

2020 йил 1 январдан янги нотариал ҳаракатлар жорий этилади

Президент “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармонга кўра, 2020 …