Главные новости
Главная / Сиёсат / «Ҳудудингда кимдир вафот этса, тобутини кўтар, шунда ҳурмат қилишади» – Алматов ички ишлар органи ходимларининг ўрни ҳақида гапирди
<

«Ҳудудингда кимдир вафот этса, тобутини кўтар, шунда ҳурмат қилишади» – Алматов ички ишлар органи ходимларининг ўрни ҳақида гапирди

Kun.uz сизни қизиқтирган мавзуларда суҳбатлар уюштиришда давом этади. Бу галги суҳбатдошимиз Ўзбекистоннинг энг таниқли инсонларидан бири, 15 йил давомида Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган генерал-полковник Зокиржон Алматов бўлди. Айни дамда Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган суҳбатдошимиз билан жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар ва ички ишлар органи ходимларининг ўзаро муносабатлари ва яна кўплаб мавзуларда гаплашдик.

– Бир муаммо борки, унга ИИВ ҳам, умуман, жамият ҳам эътибор бермаётгандек. Бу – оила ичидаги зўравонлик. Менталитетимизда оила муқаддаслиги айтилади ва оилавий можаролар бўлса, доим яраштиришга ҳаракат бўлади. Оқибатда эридан доимий калтак ейдиган аёл додини кимга айтишни билмай қолади ва ўзини осишгача боради… Оилани сақлаб қолиш учун мана шу давомли зўравонликка йўл қўйиб қўяётгандекмиз… Бу борада олтин ўрталиқни топиш вақти келмадими?

– Юқорида ишсизликни йўқотиш ҳақида гапирдик, бу кўп жанжалларга сабаб бўлади. Оилавий жанжаллар қандай оқибатларга олиб келаётганини ўқиб одам эзилиб кетади. Шу учун ҳукумат ҳам оилага жиддий эътибор беряпти, камбағалликни, ишсизликни йўқотишга ҳаракат қиляпти. Ақли расо одам тарбияни аввало ўзидан, фарзандларидан бошлайди, ўқитади, билим беради. Аммо ота фарзанди билан арақ ичиб ўтирса, пичоқ кўтариб ўғлига урса ёки ўғли пичоқни отасига урса… бу қанақа тарбия?

Ўзбек аёли меҳнаткаш, иболи. Ўзингиз ўйланг, қайси аёл дардини формадаги ички ишлар ходимига айтади? Профилактика инспектори ўша хонадонга борса, аёл юзини бекитиб унга эрим ичиб келади, мени уради дейдими? Аёл фарзандим етим бўлмасин деб гап чиқармайди. Улар дардини хотин қизлар раисаларига айтиши мумкин. Аввал дастурхончилар бўларди одамларнинг уйига кириб ким хотинини ураётганини суриштириб уларни тартибга ҳам чақирарди.

Хотин-қизлар вакиллари бу ишларни қилишяпти, лекин етарли даражада эмас. Баъзи хотин-қизлар раисалари тилла балдоқ билан кириб бориб ҳовли супураётган меҳнаткаш аёлга нима дея олади? Бошга рўмолни ўраш керак, кириб оддий аёлнинг гапини эшитсин, кейин муаммони биз билан ҳал қилиш йўлини қидирсин. Аёл киши дардини кимга айтади? Иболи аёлга айтади.

Агар оиладаги эркак «одам бўлмайдиган бўлса», ичкиликка муккасидан кетган бўлса, биз чора кўришимиз керак, аммо аввал тарбия, кейин жарима. Мен ҳар бир оила сақлаб қолиниши тарафдориман. Жазони иккинчи даражага қўйган маъқул.

– Ички ишлар органларининг имижи шаклланиши ишчи ходимларнинг ҳаракатларига боғлиқ. Айтайлик, бирор воқеага тезкорлик билан муносабат билдириш ҳам муҳим. Халқ орасида «Қонун ҳамма учун бил хил эмасми?» мазмунидаги савол бежизга тарқамайди. Баъзи қўшиқчилар, халқ артистлари ўзларига кўп нарсани эп кўраётгандек. Аммо худди шу ишни оддий одам қилса, жазо олади. Вақти келганда уни хаспўшлайсизлар, руҳий зўриқиш таъсирида бўлган экан, деб. Бу халқ орасида пайдо бўлган фикр. Уларнинг баъзи мулоҳазалари сизларга ҳақоратдек туюлса ҳам керак. Масалан, кабинетдагилар нимани ҳам биларди, дейишлари. Адолат принциплари нимага асосланиши керак?

– Қонун ҳамма учун тенг. Амалдорга ҳам, бошқага ҳам. Қонунга риоя қилмасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Амалдор бўлдингми, демак озгина фаросатинг бор экан. Халққа бирор каромат кўрсатган одамми, амалдорми оёғи ердан узилмаслиги керак. Одам 20-30 йил олдин ким эдим деб ўйлаши керак. Ёки уни бошини силаган раҳнамоси бўлганми? Одамга ақл-фаросати билан баҳо бериш керак. Амални ҳам фаросатли одамларга берган маъқул.

Эсингизда бўлса, 1999 йилда Тошкентда портлаш бўлган. Ўшанда профилактика инспекторлари, имомлар, хотин-қизлар раисалари, ёзувчилар иштирокида «Панорама» кинотеатрида йиғилиш ўтказдик ва мен ходимларга гапиргандим: «Эй, барака топгурлар, совет даври тугади. Бугун билан яша, мустақил Ўзбекистонга хизмат қиляпмиз, шу халқ дарди билан яшанглар. Участкангда, икки ёш оила қураётган бўлса, бир даста гул билан бориб табрикла, бахт тила, кимдир вафот этса, формада бўлсанг ҳам, кириб таъзия билдир, тобутини 5-6 қадам кўтариб бор, шунда халқ участка инспекторини билади, ўзига яқин олади, ҳурмат қилади».

Мамлакат одамларига қулай шароит яратиб бериш учун кўп иш қиляпти. Сергелида ҳукумат номидан одамларга уй топшираётганда улар қувончдан йиғлаётганини кўрдим. Ёш оилаларга уй қуриш учун ер бўлиб бериляпти. Ахир бир ота учта ўғли билан яшаяпти, маълум вақтдан кейин уларни уйлантириши керакми? Уларга уйни қаердан топиб беради?

Пандемия вақтида қанча харажат қилинди. Ёки бўлмаса Сардобада минглаб одамларга уй қуриб берилди. Буларнинг ҳаммаси қаердан бўлаяпти? Табиий бойликларимизнинг ҳам охири бор. Аммо 1990 йилларда Ўзбекистондан чиқиб кетиб ҳалиям давлат тўнтариши қиламиз, деб юрганлар бор. Улар давлат структураси нималигини, давлат сиёсати нималигини билмайди. ВВС’нинг 50 йиллигида Лондонда баъзи ўзини раҳнамо деб юрганлар «Биз қаламимизни синдирдик, энди Ўзбекистонда фақат қуролли қўзғолон қилишимиз мумкин», деган.

Барака топгур, ёшинг 70дан ошиб кетди, кел авф сўра, меҳнат қил. Ҳали ҳаракат дегани чиқади, тирноқ орасидан кир қидиради. Мустақиллик қўлга киритган вақтимизда оғир дамларни бошдан кечирганмиз. Энди мустақил бўлган давлат эдик, талабалар шаҳарчасида 30 мингдан ортиқ талабани кўчага олиб чиқиб қўзғолон қилшди. Ёки 1999 йил Тошкентда… Ўша воқеаларни кўзим билан кўрганман. Бир ҳафтага етадиган буғдой резервимиз қолган захирада. Қандай қийин вақтлар эди. Тез орада чорасини кўриб, очарчиликнинг олди олинди.

Қанча мачитлар очилди. Ахир совет вақтида 70 йил қалбимиздан Аллоҳни чиқаришга ҳаракатлар бўлган, атеистик тарбия беришган, лекин халқимиз Аллоҳни қалбидан чиқармади. Ўшанда Ўзбекистонга келган миссионерлар, ислом мамлакати қурамиз, деб бўлган Намангандаги воқеалар – ҳаммасига гувоҳ бўлдик. Раҳбариятнинг орқасидан йўл очиб шу кунларга етиб келдик. Танқид ҳам қилиш керак, аммо эви билан-да. Руслар Москва бир кунда пайдо бўлмаган дейди. Бўлаётган ишларга чет элдан назар солгин-да, кейин баҳо бер.

Мени Андижон воқеаларида айбдор деб кўп гапиришади. Ҳа, мен ўшанда штаб бошлиғи бўлганман, қарорни мен қабул қилганман, аммо ким ўшанда Андижонга қурол кўтариб келди? Ким чегарадан қурол билан ўтди? Ким Ички ишлар вазирлигига қарашли ППСга қуролли ҳужум қилди, ким ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қурол-яроқ олди? Ким тергов ҳибсхонасига ҳужум қилиб, 500дан ортиқ ашаддий жиноятчиларни чиқариб юборди? Ким ҳокимият биносини эгаллаб унга ўт қўйди? Ким юзга яқин суд-ҳуқуқ тизимидаги ходимларни тутқунда ушлаб, баъзиларини қатл этди? Ҳукумат нима, қараб туриши керакмиди?

Биз уларга чиқиб кетинглар, дедик. Адашмасам, 34 нафар милиция, прокуратура ходимлари ҳалок бўлди. Тез ёрдам ходимлари отиб ташланган. Одамларни бўйнига сиртмоқ солиб олиб чиқиб кетишмоқчи бўлишди. Тинч аҳолига ўқ узилган дейишади, йўқ, 12 соат олдин уларнинг 600-700 нафар оила-аъзоларини Қирғизистонга чиқарворганмиз.

Булар келаётганда ҳарбий қисмдаги капитанни отиб қўйишган. Кейин оддий аскарлар нима қилади? Икки томон ўртасидаги отишма сабаб битта жойда 100 киши ўлган. Уларнинг ичида бизнинг ходимлар ҳам, террорчилар ҳам бўлган. Жами бўлиб 187 киши ўлган. Аллоҳнинг олдида рост гапни гапираман, бу аниқ рақамлар.

30дан ортиқ журналист Ўзбекистондаги воқеани ёритамиз деб Қирғизистон чегарасида пайдо бўлганди. Улар қаердан келиб қолди? Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда фуқаролик урушини уюштириш учун қилинган ишлар эди».

– Сизнинг даврингизда қарорларни ўзингиз чиқаргансиз. Қарор чиқаришда нимага таянгансиз? Сиз раҳбар бўлган вақтингизда қарор чиқариш билан ҳозиргисида фарқ борми? Ижобий ёки салбий фарқ – аҳамиятсиз. Нималарни ўзгартирган бўлардингиз, нималарни ўзгартира олдингиз? Ортга қайтсангиз, афсус қиладиган ҳолатлар бордир, кўкрак кериб мақтанадиган ишларингиз бордир?

– Ҳозир Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ҳудудига кирадиган Қизил Ўзбекистон деган колхоз бўларди, ўша ерда оддий деҳқон оиласида туғилганман. Отам 8 ёш вақтимда оламдан ўтганлар. Онам раҳматли олти фарзандни ёлғиз вояга етказганлар. 5-6 синф вақтимиз далага чиқиб ишлардик. Ҳамма қийинчиликларни кўриб оддий халқ ичида катта бўлганман. Халқ дарди нималигини биламан, амал орқасидан қувмаганман, ички ишлар органларида барча пиллапояларни босиб ўтганман.

Тўғриси, совет даврининг тарбиясини олган одамман, буни яширмайман. Пионер ҳам, комсомол ҳам, коммунист ҳам бўлганман, аммо ўзбек фарзанди эканимни унутмаганман. Доим қалбимизда Аллоҳ бўлган. Мустақил бўлгач, кўп нарса ўзгарди, кўзимиз очилди. Биласизми, совет вақтида жиноятларга панжа орасидан қарашарди, ўша вақтда жуда кўп ходимларимиз қурбон бўлган.

Кейинчалик мен раҳбар бўлган вақтда ҳам ходимлар орасида эски совет усули анча вақтгача сақланиб қолди. Қаттиққўллик, жиноят қилдими қамаш, бўйнига илиш, наша ташлаб қўйиш, жиноятни очиш учун шунақа ишлар қилишган. Кейинчалик биз ҳайъат йиғилишида бу нарсаларга йўл қўймаслик учун махсус қарор чиқарганмиз. Фуқаролар мурожаатини ўрганиш борасида алоҳида қарорлар чиқарганмиз, аммо тўғриси бу «касалликни» ходимлардан чиқариш қийин бўлган.

Ички ишлар вазирлиги ва вилоят бошқармаларида штатлар икки баравар қисқартирилди ва асосий эътибор қуйи қисмларга қаратилди. Ҳозир ходимларимизга айтаяпмиз: постда бир ўзинг турма, Миллий гвардия бор, маҳалла фаолларидан бирортасини ёнингга ол, ўшалар билан бирга қонунбузарлар бўлса, расмийлаштир, бу вақтда олдингда одам бўлсин. Баъзи ходимларимиз жисмоний тайёргарлиги яхши бўлмагани учун ўзини ҳимоя қила олмаяпти. Ички ишлар ходими ҳар томондан чиниққан бўлиши керак. Нега бизнинг ходимларга пичоқ уриб кетишяпти? Бунга сабаблардан бири жисмоний тайёргарликнинг яхши эмаслиги, ходим бақувват бўлиши, керак усулларни билиши керак.

– Ички ишлар органларига таниш-билиш билан ишга кирган, пул билан кирган, доимий маош берилиши учун кирганлар бор деб ҳисоблайди одамлар. Балки мана шундай ходимларнинг борлиги юқоридаги муаммоларни келтириб чиқараётгандир?

– Бундай камчилик бор. Ишга қабул қилиш ишимиздаги асосий жиҳатлардан бири. Орамизга «ичига шайтон бекиниб қолган» одамлар кириб қолишидан эҳтиёт бўлишимиз керак. Ички ишлар тизимини тозалашга эътибор қаратиб келамиз. Ҳар бир вилоятда Ички ишлар вазирлигига қарашли академик лицейлар очилиб, уларга тест синовлари асосида ўқувчиларни қабул қилиш жуда яхши ўзгариш бўлди. Биз айнан улардан ички ишлар органларига ходим олишимиз керак. Бундан ташқари ички ишлар органларига ходим етказиб берадиган махсус юридик олийгоҳ очилди. Академия қошида курслар бор. Ишга олингандан кейин ҳам ходимлар қайта тайёрланади.

Агар номзод руҳан соғлом бўлмаса, жисмоний жиҳатдан тайёргарлиги яхши бўлмаса, эрка ўсган бўлса, бу синовлар вақтида сезилади. Руҳий синовлар вақтида ёлғон гапирса, у қандай ҳолатда бўлмасин ишга олинмайди.

– Ходимларда фикрлаш қобилияти қандай бўлиши керак? Масалан, «юқоридан буйруқ бўлган» деган гапни кўп эшитамиз. Оддий футбол ўйинларига кираётганда махсус рухсатнома бўлса ҳам, ички ишлар ходимлари тепадан буйруқ бўлган, бу ердан ҳеч ким киритилмайди, деб айтиши кўп учрайдиган ҳолат. Мана шундай ҳолатларга буйруқ рухсатномасиз одамларни киритмаслик ҳақида бўлгандир, деб ходим фикрлаши керак эмасми?

– Биз елкасига погон илган одамлармиз. Бизнинг тизимда тартиб жуда муҳим. Лекин бирор объектга кириши мумкин бўлган одамга у ерга киришига ҳеч ким қаршилик қилмайди. Бу ҳолат камдан-кам бўлиши мумкин. Аллоҳ ҳар бир одамга ақл, фаросат ва таҳлил қила олиш қобилиятини берган. Баъзан мана шу фаросат етишмай қолиши мумкин. Ходимларимизга фаросат билан ишлашни тайинлаймиз.

Баъзан шундай воқеа содир бўлиши мумкинки, у ерда қандай ҳаракат қилиш уставда ҳам йўқ, бу ҳақда ҳеч қандай буйруқ ҳам йўқ. Мен ҳарбий тактикани кўп ўрганганман, терорчиларга қарши кўп жангларда қатнашганман. Ҳамма ерда жанг қилишнинг ўз тактикаси бўлади. Тоғда жанг қилиш бошқа, микрорайонда, чўлда жанг қилиш бошқа. Мана шундай вақтда раҳбарга кўп нарса боғлиқ, у вазиятдан келиб чиқиб ишлаши керак. Агар бундай қилолмаса, у таназзулга юз тутади, урушда ютқазади. Бизнинг ходимлар ҳам жангчи, ўз постида командир. Тўғри, фақат буйруқ билан ишлайдиганлар бўлиши мумкин, лекин уларни тузатиш бизга ўхшаган раҳбарларнинг иши.

– Сиз ҳам кўчада юрасиз, кўп машина ҳайдайсиз. Шу боис кўчадаги бир жиҳат ҳақида гаплашсак. Жарималар ҳақида. Тўғри, уларни сиз белгиламайсиз, аммо сизнинг наздингизда, жарималар одамларнинг даромадига нисбатан кўп эмасми? Ҳар қадамда тақиқларнинг ўрнатилгани ички ишлар ходимлари ва одамлар ўртасида тушунмовчиликни келтириб чиқармоқда. Масалан, тепаликдан тушиб келишга 50 белги қўйилган бўлади. Ваҳоланки машина инерцияси билан ҳам 50дан тез юриб кетади. Ёки бўлмаса Чорсуда «тўхташ мумкин эмас», деган белги туради, ваҳоланки бозорга келадиган машиналар сиғадиган автотураргоҳнинг ўзи йўқ. Одамлар машинасини қаерга қўйсин? Муқобил вариант таклиф қилиб, кейин тақиқлар киритилса яхши эмасми?

– Бизнинг асосий мақсад жиноятчиликнинг олдини олиш. Агар бу нарсаларни (тақиқларни) бекор қилсак, «ит эгасини танимай қолади», кўчада бесарамжонлик бошланиб кетади. Биз бозорнинг ичига машиналарни киритмасликка ҳаракат қиляпмиз, чунки бутун дунёга терроризм хавф солиб турибди. Бозорга келганлар тинчгина савдо қилиши керак. Бу ишлар хавфсизлик учун қилиняпти. Ҳукумат одамлар қурбон бўлмасин, жиноятчилик камайсин деб йўлларда, кўчаларда камералар ўрнатяпти. Буни тушуниш керак. Ҳамма нарсага «ГАИ»ни айбдор қилмаслик керак. Ахир қоида бузмасангиз, ким сизни жаримага тортади?

– Камералар ҳақида гапирдингиз. Айтинг-чи, қачон тергов хоналарида тўлиқ камералар бўлади ёки қачон ходимлар тўлиқ боди-камералар билан таъминланади?

– Энди, кўп нарса маблағ билан боғлиқ… Боди-камералар барчаси чет элдан келади. Ҳозир кўпчилик ходимларимизни боди-камералар билан таъминладик, йил охиригача барча ходимларни таъминлашга улгурсак керак. Кўп қаватли уйларда, подьездларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида камера қўйиш фойда берди. Ўғрилик қилганлар, машиналарни олиб қочганлар камералар орқа тезда қўлга олиняпти.

Ҳозир ички ишлар тизимида карантин бўлишига қарамай, уйда бемалол оёғини узатиб ётадиган ходим йўқ. Кимдир ғалла ўримига хавфсизликни таъминлашга кетган, минглаб ходимлар Сардобада. Ана, ўтирибди ички ишлар ходими постида, деб беписандлик қилиш тўғри эмас. 8 соатлаб тик оёқда туриш, ҳужжат текшириш осон эмас, бу учун сабр керак. У керак бўлса касал бўлганини ҳам яширади, шамоллаб қолдим дейишга уялади.

Мен совет вақтида ҳам ишладим, мустақиллик бошида ҳам ишладим ва ҳозирги ички ишлар ходимларига бошимни эгиб таъзим қиламан. Биров бориб қўлини сиқиб раҳмат деса, биласизми ходим қандай хурсанд бўлади? Уйига яхши кайфиятда боради. Ички ишлар ходимларининг оила аъзолари уни бошқача иштиёқ билан кутади. Ходим бамисоли ҳар куни жанг майдонидан қайтаётгандек. Ўз оёғи билан уйидан чиқиб кетиб, уйига қайтмайдиганлар, вафот этадиганлар кўп. Шу боис уларнинг аксарини одамлар ҳурмат қилади, чунки халқ кўриб турибди уларнинг ишлаётганини.

– Суҳбатимиз якунида халқимизга нима деган бўлардингиз?

– Аллоҳдан Ватанимизни мана шу касалликдан фориғ қилишини сўрайман, касал бўлганларга даво тилайман. Аллоҳ барчамизга сабр-тоқат берсин.

– Биз ҳам таҳририят номидан сизга саломатлик, халқ хизматида куч-қувват ва оилангизга тинчлик тилаймиз.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

yvqx5xwv4_me2c0shbtrp02qu-aaytkj

Президент суд тизимини қайта кўриб чиқишга топшириқ берди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши …