Главные новости
Главная / Сиёсат / Туризм, қайта тикланувчи энергия манбалари, ДХШ қонун билан тартибга солинади
<

Туризм, қайта тикланувчи энергия манбалари, ДХШ қонун билан тартибга солинади

2019 йил 16 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.

turizm

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, парламент вакиллари дастлаб «Туризм тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис қуйи палатасининг шу йил 2 апрелда бўлиб ўтган мажлисида мазкур лойиҳа “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўринишида иккинчи ўқишда қизғин муҳокамаларда кўриб чиқилган эди. Унда депутатлар томонидан билдирилган фикр, муҳокама ва таклифларнинг асосий мақсад-моҳияти амалдаги “Туризм тўғрисида”ги қонунга қарийб етмиш фоиз ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани, туризмга эндиликда иқтисодиётнинг стратегик мақоми берилганидан келиб чиқиб, лойиҳа учинчи ўқишга “Туризм тўғрисида”ги янги қонун сифатида тайёрланди. Унда белгиланган 21 та асосий тушунчадан 9 таси, масалан, “туристик хизматлар буюртмачиси”, “жойлаштириш воситаси”, “туристик фаолият” каби тушунчалар тегишли моддаларга сингдирилди ва асосий тушунчалар сирасидан чиқариб ташланди. Лойиҳа қатор янгиликлар, янги атамалар ва тушунчаларга бой бўлгани учун Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясида қонун ижодкорлари, мутахассислар ва тилшунослар иштирокида яна бир бор муҳокамадан ўтказилиб, юридик атамалар ва тил қоидаларига тўлиқ мувофиқлаштирилди.

Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамаларга бой бўлди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг ривожланиши учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш мамлакатнинг энергетик, экологик ва иқтисодий хавфсизлиги мақсадларида, шунингдек, республика энергетикасининг барқарор ривожланиши учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, қайта тикланувчи энергетика чекка, тоғли ва узоқ ҳудудларнинг энергия таъминотида иқлим шароитимизга мос қуёш ресурслари, кичик гидроэнергетика, шамол ресурслари, биомасса ва геотермал энергия иқтисодий асосланган энергия манбаи бўлиб хизмат қилади.

Муҳокамалар чоғида қайд этилганидек, айни соҳадаги муносабатларни тартибга солиш борасида қатор норматив ҳужжатлар, тегишли қарорлар қабул қилинган, кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳада алоҳида қонуннинг қабул қилиниши эса, аввало, қайта тикланувчи энергия манбаларини янада кенг ривожлантириш ва жорий этишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий базани, соҳадаги ишлар учун қонуний асос, кафолат яратиш орқали чет эллик инвесторларнинг ишончини қозониш ҳамда манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида, ижтимоий соҳаларда энергия самарадорлигини ҳамда ёқилғи-энергетика балансини, мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш, соҳада давлат сиёсатининг устувор йўналишларини ва мажмуавий чора-тадбирларини тизимли мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишдаги муҳокамаларда билдирилган асосий эътирозлар — ҳаволаки нормалар бартараф этилди, соҳанинг ваколатли органи аниқ белгиланди.

Мажлисда муҳокамаси қизғин кечган масалалардан яна бири «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди. Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа мамлакатимизда давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосини яратиш, халқаро амалиётга мувофиқ, давлат-хусусий шериклик бўйича лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга ошириш бўйича ягона қоида ва тартиботни ўрнатишни кўзда тутади. Лойиҳанинг қабул қилиниши чет эл инвестицияларни янада кенг жалб этиш, истиқболли лойиҳаларни халқаро тажриба асосида амалга оширишга имкон беради. Бундан ташқари, қўшимча иш ўринлари яратилишига, давлат-хусусий шериклик жараёнларига жалб қилинадиган соҳаларда мутахассисларнинг малакасини юксалтиришга кўмаклашади.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди, дейилади хабарда.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

ofnvnxohn2jx-x3q_s6cf1afvcogqp57

Ҳудудлар қайтадан тоифаланади. «Яшил» «қизил»га айланиши мумкин

Ўзбекистон ҳудудлари эпидемиологик вазиятга кўра қайтадан тоифаланади, ҳозиргача «яшил» ва «сариқ» ҳисобланган туман ёки шаҳарлар …