Главные новости
Главная / Жаҳон / Трампнинг ракета зарбасига жавоби: Эрон чекинди, АҚШ босимни давом эттиради
<

Трампнинг ракета зарбасига жавоби: Эрон чекинди, АҚШ босимни давом эттиради

АҚШ президенти Дональд Трамп 16 соатлик жимликдан кейин Эроннинг Ироқдаги Америка базаларига ракета ҳужуми юзасидан баёнот берди. У уруш эълон қилишдан тийилди, шу билан биргаликда тинчлик таклиф этмади ҳам.

АҚШ президенти Дональд Трамп махсус конференция орқали Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар юзасидан миллатга мурожаат қилди.

«Мен президент эканман, Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўла олмайди.

Афтидан, Эрон чекинишга қарор қилди, бу эса бутун дунё учун яхши», дея сўзини бошлади Трамп.

Трампнинг сўзларига кўра, огоҳлантириш тизими фаолияти эвазига қурбонлар берилмаган. Эронликларнинг ракета ҳужуми оқибатида бирор америкалик ҳам, ироқлик ҳам ҳалок бўлмаган, шунингдек, Ироқдаги базадаги объектлар жиддий шикастланмаган.

Трамп яна бир марта ўз буйруғи билан ўлдирилган генерал Сулаймонийни Эроннинг Яқин Шарқдаги ташқи ва ҳарбий сиёсати идеологи – «дунёнинг биринчи рақамли террорчиси» деб атади ва АҚШ Теҳронга босим ўтказишда давом этишини билдирди.

Трамп яна нималар деди?

  • АҚШ «Эрон агрессиясига жавоб вариантларини кўриб чиқишда давом этади»
  • АҚШ Эронга қарши янги санкциялар қўллайди. Бироқ гап айнан қандай санкциялар ҳақида бораётганига аниқлик киритилмади.
  • «Эрон ўзининг ядровий амбицияларидан воз кечиши ва терроризмни қўллаб-қувватлашни бас қилиши керак»
  • Россия, Хитой, Франция, Германия ва Буюк Британия ҳам АҚШ ортидан Эрон билан ядровий келишувдан чиқиши ҳамда янгисини тузиш ҳаракатини бошлаши керак.
  • «Бугун НАТОдан Яқин Шарқ жараёнига чуқурроқ ёндашувни таъминлашини сўрайман»
  • «АҚШ қуролли кучлари қудрати ҳар қачонгидан ҳам кучли. Бизнинг ракеталар – каттароқ, аниқроқ ва тезкорроқ. Биз юқоритовушли ракеталар яратдик. Лекин биз уларни қўллашни истамаймиз».

У Эрон раҳбарияти ва эронликларга юзланди.

«Эрон халқи ва раҳбариятига мурожаат қилмоқдаман. Биз сизлар муносиб бўлган буюк келажакка эга бўлишингизни: мамлакатингиз гуллаб-яшнаши ва дунёнинг барча мамлакатлари билан уйғун муносабатлар бўлишини истаймиз. Қўшма Штатлар тинчликка интилувчи барча билан тинчлик ўрнатишга тайёр», деди Трамп.

Яқин Шарқдаги вазият

Яқин Шарқдаги вазият 2019 йилнинг декабрь ойи охирида кескинлаша бошлади. Дастлаб Ироқдаги Эрон таъсиридаги кучлар АҚШ базасига ҳужум қилиб, Американинг бир фуқаросини ўлдиришди. Бунга жавобан америкалик ҳарбийлар Ироқдаги шиаларнинг «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи объектларига авиазарба берди. Бу ҳужум оқибатида 25 киши ҳалок бўлиб, 50дан ортиқ киши жароҳатланди.

31 декабрь куни ушбу ҳужум қурбонларнинг дафн маросимидан кейин минглаб намойишчилар АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасини қамал қилди.

3 январь куни АҚШ ҳарбийлари ушбу ҳужумни ташкиллаштиришда айблаб, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймонийни Бағдоддаги аэропорт ҳудудида ўлдирди ва инқирозли ҳолат янада чуқурлашди.

«Америкага тарсаки»

7 январдан 8 январга ўтар кечаси Эрон қуролли кучлари АҚШнинг Ироқдаги базалари томон ракета зарбалари йўллади.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, жами 15та ракета учирилган. Улардан 10таси Айн ал-Асад авиабазасига, биттаси Ироқ шимолида жойлашган Арбилдаги базага келиб тушган, тўртта ракета эса нишонгача етиб бормаган. Ироқ расмий Эрон томондан 30дан ортиқ ракета учирилганини маълум қилди.

Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий ҳужумни АҚШга тортилган «тарсаки» деб атади.

«Кечаги воқеа – АҚШга туширилган тарсаки. Америка минтақадаги балолар манбаи ҳисобланади. Америкалик барча ҳарбийлар минтақани тезроқ тарк этишлари шарт. Аммо бундай ҳарбий амалиёт етарли эмас. Муҳими Американинг минтақадаги мавжудлигига якун ясаш», деди у.

Эрон давлат телевидениеси ушбу ҳужум оқибатида АҚШ ҳарбий хизматчиларидан 80 нафари ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатди.

Дональд Трамп «ҳаммаси жойидалиги»ни айтди ва бу ҳужум юзасидан «кейинроқ» баёнот беришни ваъда қилди.

«Ҳаммаси яхши! Ракеталар Эрондан Ироқда жойлашган иккита ҳарбий база томон учирилган. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетмоқда! Бугунги кунда бизда жаҳондаги энг қудратли ва энг яхши таъминланган ҳарбийлар бор! Мен (Америка вақти билан) тонгда баёнот бераман», деб ёзди Трамп твиттердаги саҳифасида.

Шундан кейинги 16 соат давомида Трамп сукут сақлади ва бирорта твит ёзмади. Унинг матбуот котиби, президент миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан маслаҳатлашувлар олиб бораётганини маълум қилди.

НАТО штаб-квартирасидагилар альянснинг Ироқда йўқотишлари йўқлигини маълум қилди. Пентагондаги манба Си-эн-эн мухбирига берган интервьюсида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси атайлабдан одамлар йўқ нуқталарга зарба бергани ва қурбонлар бўлишидан қочгани ҳақида гапирди.

Эрон ҳужумига учраган базалар асосан ироқлик ҳарбийларни ўқитишда фойдаланарди. Икки йил муқаддам Трамп Рождество байрами вақтида Ал-Асад базасига ташриф буюрганди ва аскарларни табриклаганди.

2015 йилда Ал-Асад базасига ИШИД жангарилари томонидан бир неча бор ҳужум қилинганди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, Британия бош вазири Борис Жонсон, Франция ТИВ раҳбари Жан-Ив Ле Дриан ва бошқа сиёсатчилар Теҳроннинг ҳужумини қоралаб чиқишди.

Ироқ президенти Барҳам Солиҳ Эроннинг ракета зарбаларини ҳам, америкаликларнинг Сулаймонийни ўлдириш учун ўтказган амалиётини ҳам танқид қилиб, уларни мамлакат суверенитетини бузишда ва Ироқни уруш майдонига айлантиришга уринишда айблади.

Сурия ҳукумати Эронни қўллаб-қувватлади ва минтақадаги эскалацияда АҚШни айблади, Россия ТИВ бетарафлик сақлаб қолди ва Яқин Шарқдаги вазият кескинлашувидан хавотир билдирди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

nfr-6xaiwlzzilcetuvzwtpkm-zivoe2

Ўз фуқароларини ўлдириб қўйган Эрон, қироличани ранжитган шаҳзода, Ливияда рус-турк манфаатлари тўқнашуви ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда …