pencionerТожикистон Ижтимоий суғурта ва пенсиялар давлат агентлиги раҳбарияти мамлакатдаги ўта юқори пенсиялар ҳақидаги барча маълумотни махфий қилиб қўйди. Бу ҳақда идора раҳбарининг биринчи ўринбосари Назокат Одинаева Душанбедаги матбуот анжуманида маълум қилди.

«Сизлар кимда энг юқори пенсия бор экани ҳақида доим сўрайсизлар. Биз энди бундай маълумотни тақдим этмаймиз. Ҳаттоки ёзма мурожаатда ҳам. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бошқа ҳеч ким шахсий характерга эга бўлган маълумотни олиш ҳақи йўқ. Барча пенсиялар, жумладан, “космик” даражада баландлари ҳам қонун, хизматлар ва меҳнат стажидан келиб чиқиб белгиланади», – дея маълум қилган амалдор журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда пенсияларни фақат Ижтимоий суғурта ва пенсиялар давлат агентлиги тайинлайди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда 2015 йилда бир қатор собиқ юқори мансабли амалдорларнинг ўта юқори пенсиялари туфайли можаро келиб чиқди. Ўшанда аввалига президент Имомали Раҳмон, кейин эса Молиявий назорат ва коррупция билан кураш агентлиги собиқ раҳбари Абдуфаттоҳий Ғоиб соғлом собиқ амалдорларга ногиронлик бўйича «космик» пенсиялар тайинланганидан ташвишда эканини билдиришди. Хусусан, «Тожикистон темир йўллари» ДУК собиқ бошлиғи Омонулло Хукуматулло ногиронлик бўйича пенсияни 950 доллар миқдорида, «Тожиксодиротбанк» директорлар кенгаши собиқ раҳбари Наталья Назаршоева эса 1900 доллар миқдорида олиб келган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар текширувлари натижасида ногиронликни ноқонуний равишда бериш бўйича 781 та ҳолат аниқланди.