moshinТожикистон ҳукумати 2005 йилга қадар ишлаб чиқарилган автомобиль транспортини мамлакатга олиб киришга тақиқ жорий этиш ниятида.

«2005 йилга қадар чиқарилган автотранспорт воситаларини мамлакатга олиб кириш тақиқланади», – дея маълум қилган Тожикистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қўмитаси Атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ва ҳимоя қилиш бўйича бўлими бошлиғи Саидусмон Судуров.

Амалдорнинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус мамлакат ҳукумати томонидан илгари сурилган. «Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилди, тегишли лойиҳа ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритилди», – дея таъкидлаб ўтган С.Судуров.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа билан 2005 йилдан аввал чиқарилган автомобилларни мамлакатга олиб кириш тақиқланади, деб хабар бермоқда Dialog.tj.

«Агарда, лойиҳа ҳукумат томонидан тасдиқланадиган бўлса, бундай тақиқ жорий йилнинг 1 апрелидан жорий этилади», – дея аниқлик киритди амалдор.

С.Судуровнинг маълум қилишича, бундай чора экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан қабул қилинмоқда. «Эски автомобиллар ҳавони ифлослантирмоқда, бу йирик шаҳарлар ва аҳоли пунктларида кўзга яққол ташланади», – деди Судуров.