dustlikСув ресурсларидан фойдаланишда халқаро меъёрларга амал қилиш талаб этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев “Ўзбекистон24” телеканалидаги махсус лавҳада маълум қилди.

“Тожикистон билан Амударё ҳамда Сирдарё сувларидан фойдаланиб келмоқдамиз. Сув ресурсларидан фойдаланишда халқаро меъёрларга амал қилиш талаб этилади. Бундан ташқари, табиатнинг бу неъматидан самарали фойдаланиш керак. 9-10 март кунлари икки давлат тарихида муҳим кун бўлиб қолди. Чунки сув ва энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида келишувга эришилди.

Шунингдек, гидроэлектр станциялари қуриш бўйича ҳам нуфузли комиссия тузишга келишиб олинди. Бу қарор нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа иқтисодининг ривожига салмоқли ҳисса қўшади. Роғун ГЭСни олсак – сув кўп тўпланган бўлса, сув тақчил йиллар шу тақчилликни енгишга имконият яратган бўлади. Сув биз билан келишган ҳолда, керакли вақтда ва керакли миқдорда чиқарилади. Янги қурилаётган гидроэлектр станцияси минтақанинг энергетикага бўлган талабини қондиради”, – дея айтиб ўтди Ш.Ҳамроев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тожикистонга ташриф чоғида жуда мураккаб, нозик муаммолар ҳал қилингани ҳақида маълум қилганди.