Главная / Жамият / Тошкентда Авиация боғи очилади. Ўнга яқин боғ ва хиёбон ободонлаштирилади (фото)
<

Тошкентда Авиация боғи очилади. Ўнга яқин боғ ва хиёбон ободонлаштирилади (фото)

2021 йилда Тошкент шаҳридаги 500дан зиёд маҳаллани ободонлаштириш, 10га яқин ҳудудда боғ ва хиёбон барпо этиш, 42 км велойўлак қуриш режалаштирилган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимининг 1-ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Тошкент шаҳрида мавжуд 500дан ортиқ маҳалланинг барчасида ободонлаштириш ишлари бошланади. Яъни ҳар бир маҳаллада ўйингоҳ, ўсмирлар учун спорт тренажерлари, автотураргоҳ, футбол майдончаси, кичик кутубхоначалар қурилади.

Шаҳарнинг ҳар бир туманида биттадан шоҳкўча белгилаб олинган бўлиб, бу кўчанинг икки четида пиёдалар йўлаги, велойўлаклар қурилади. Баҳор келганда бу йўллар бўйича дарахтлар экилиб, обод қилинади», – деди Бахтиёр Раҳмонов 8 февраль кунги матбуот анжуманида.

Унинг айтишича, шаҳарда Авиация боғи очилади. Бундан ташқари, 2021 йилда ўнга яқин ҳудудда боғ ва хиёбонларни реконструкция қилиш ва ободонлаштириш режалаштирилган.

Гагарин монументи, Алишер Навоий номидаги кино саройи (собиқ «Панорама»), Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишмасидаги ҳудудлар, Ботаника боғи, Оҳангарон шоҳ кўчаси, Шароф Рашидов ҳайкали ва Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳудуди, Лутфий ва Янги Сергели боғлари шулар жумласидан.

Бундан ташқари, шоҳ кўчалар бўйлаб 42 км узунликдаги велойўлаклар пайдо бўлади. Бунга қўшимча равишда шаҳар марказида ҳам велойўлаклар кўпайтирилади.

«Булар йирик миқёсдаги лойиҳалар бўлгани боис 2021 йилда бошлангани ҳолда, кейинги йилда яна давом эттирилиши мумкин», – дея қўшимча қилди шаҳар ҳокимининг 1-ўринбосари.

Ҳокимлик Kun.uz сўровига асосан лойиҳавий таклифлар суратларини тақдим этди.

Пойтахт ҳокими ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаевнинг қайд этишича, хиёбон ва боғларнинг ҳозирги лойиҳалари бирламчи кўриб чиқиш босқичида бўлиб, мазкур ҳудудлар аҳолисининг бу борадаги таклифлари асосида ўзгариш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

«Биз фуқароларнинг таклифини эшитишга тайёрмиз. Шунингдек, бу лойиҳаларнинг барчаси туман ва шаҳар депутатлар кенгашида муҳокама қилинади», деди Фурқат Маҳмудхўжаев.

Учтепа ва Шайхонтоҳур туманлари кесишмасида, Тошкент халқа автомобил йўли ва Кичик халқа йўлини боғловчи Истироҳат кўчасида қуриладиган боғ-хиёбон лойиҳаси

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

Қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний муомалада бўлиш

Қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний муомалада бўлиш ҳолатлари бўйича Омбудсманга мурожаатлар охирги 4 йилда 7 …