Главная / Сиёсат / «Тошкентда 5 болали оила 2,5 млн сўм ойликка яшай олади» – ХДП лидери истеъмол саватчаси ҳақида
<

«Тошкентда 5 болали оила 2,5 млн сўм ойликка яшай олади» – ХДП лидери истеъмол саватчаси ҳақида

Сиёсий партиялар раҳбарлари ўртасидаги «Демократик дебат» ток-шоусида истеъмол саватчаси мавзуси ҳам кўтарилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Бу масалада биринчи бўлиб Ўзбекистон Халқ демократик партияси етакчиси Улуғбек Иноятов сўз олди.

«Сайловолди дастуримиздаги энг муҳим йўналишлардан бири шу. Яъни бугунги кундаги одамларнинг турмуш кечириши учун яшаш минимумини белгилаш. Бунда энг кам ойлик маоши, нафақа ва стипендияни истеъмол саватчасига қараб белгилаш таклиф этилади.

Истеъмол саватчаси бугунги олинаётган минималга умуман тўғри келмайди, номутаносиб. Жаҳон ҳамжамиятида эса бу рақамлар ҳисоб-китоб қилиниб, қонунан мустаҳкамланган бўлади.

Ўзбекистонда ҳали бу қонун қабул қилинмаган. Шу қонунни қабул қилишимиз масаланинг қонуний ечимига олиб келади», – дейди Иноятов.

Журналистнинг: «Сизнингча, Тошкент шаҳрида беш болали оила учун истеъмол саватчасида қанча ойлик маош етарли?» деган саволига ХДП лидери 2,5 млн сўм деб жавоб қилди.

«Беш нафар фарзанди бор ва битта ойлик маоши билан яшаётган бўлса, 2,5 миллион ойлик олса, бемалол уйидаги беш нафар фарзанди билан… Буни иқтисодчилар ҳисоблаб чиққан», – деди Улуғбек Иноятов.

ЎзЛиДеП раҳбари Актам Ҳайитов, етарли маълумотга эга бўлмай туриб, истеъмол саватчасининг миқдори ҳақида хулоса чиқариш ноўрин, деб фикр билдирди.

– Истеъмол саватчасини ишлаб чиқишнинг ўз меъёрлари бор. 110-120та атрофида маҳсулот киради. Буни ҳисоб-китоб қилиб чиқариш керак. Ҳозир бу ерда ўтириб, фалон пул бўлади, дейиш мутлақо нотўғри. Ўтириб ҳисоб-китоб қилиб, аввал саватчага нима киришини аниқлаб олиш керак.

Ундан кейин, ўшанинг [истеъмол саватчасининг] миқдори ёшлар учун алоҳида, ёши катталар ва пенсионерлар учун алоҳида қилиб белгиланади. Шунинг учун қонун ва қонуности ҳужжатларини тўғри ишлаб чиқишимиз керак. Буни тезроқ қилишимиз керак.

«Адолат» СДП етакчиси Наримон Умаров истеъмол саватчаси миқдорини белгилаш осон иш эмаслигини айтиб, буни тўғри тушунишни сўради.

– Мамлакатимизда ҳозир янги иқтисодий сиёсат кетяпти. Истеъмолчилар саватчасини санаш осон эмас. Тўғри тушунинглар. Биз икки йил олдин вазирга ҳам шу масалани қўйганмиз. Аста-секин, босқичма-босқич ўтиш… Энг асосийси, давлат инсонларга жуда оғир бўлмасин, деган масалани қўйяпти.

Иқтисодий сиёсат – ўзидан ўзи бўлмайди. «Нархни белгиладик, эртадан шу!» [дейиш тўғри эмас], йўқ. Ҳозир биз 2,5 млн, 5,5 млн деб баҳолаб, нотўғри қиляпмиз. Иқтисодчилар энг минимал саватчани ҳисоблаб чиқишлари керак. Ҳали ишлаб чиқилмаган. Бунга ўтамиз…

Мана, соғлиқни сақлашда тиббий суғуртани жорий этиш. Нима деб ўйлайсизлар, бу бир кунда ўтадиган ишми? Йўқ.

«Миллий тикланиш» демократик партияси лидери Алишер Қодиров бу саволни ҳукмрон партия бўлмиш ЎзЛиДеПга бериш кераклигини таъкидлади.

– Аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш масаласи – шу давлатнинг иқтисодий имкониятлари ва ҳукуматига боғлиқ. Шунинг учун бу саволни ҳамма партиялардан ҳам кўра кўпроқ Либерал демократик партияга бериш керак.

Беш йилдан бери ҳукумат шакллантирилган ва бу ҳукумат амалда иш олиб боряпти. Ушбу ҳукумат нима учун ҳали ҳам аҳолининг даромадини талаб даражасига етказмаган? Нима учун Ўзбекистоннинг бугунги кундаги ЯИМи ҳанузгача ҳатто ён қўшниларимиз билан солиштирганда ҳам жуда паст?

Бу саволлар бугунги кунда ойликни ҳам, истеъмол саватчасини ҳам белгилаб берувчи, энг долзарб масала. Ўзбекистон бой бўлмас экан, халқнинг даромади масаласида мана шундай тортишувлар бўлаверади.

Шунинг учун бизга бу саволни кейинги чақириқда берасизлар. Агар «Миллий тикланиш» парламентда устуворликка эга бўлиб, ҳукуматни шакллантирадиган бўлса, ушбу ҳукумат қандайдир иқтисодий режалар эмас, балки аҳолининг турмуш шароитини кенгайтириш ва даромадини ошириш масалалари устида иш олиб боради.

Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари Борий Алихонов мазкур масаланинг аниқ мезонлари ҳамон йўқлиги, бунда партиянинг ҳам айби борлигини тан олишини билдирди.

– Ҳали истеъмол саватчасининг тўла-тўкис мезонлари йўқ. Буни тан олишимиз керак. Уни дифференциациялаш керак. Тан олиш керак, бу – бизнинг ҳам айбимиз.

Бу нарсани агар биз парламент сайловларида ғалаба қозонадиган бўлсак, яшил иқтисодиёт принципларини ишлаб чиқиб, айнан истеъмол саватчаларини энг юқори мезонлар асосида ишлаб чиқишни мен сизларга ваъда бераман.

Истеъмол саватчасининг аниқ қиймати 1 декабргача белгиланиши керак

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил декабрдаги парламентга мурожаатномасида «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш кераклигини айтган эди.

2018 йилги давлат дастурига асосан, 2018 йил 1 июлигача «истеъмол саватчаси» тушунчаси ва уни аниқлаш мезонлари акс этган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши белгиланганди.

Шунингдек, 2018 йил май ойидаги президент қарори билан, энг кам истеъмол саватчаси ҳамда тирикчилик учун энг кам миқдор ҳисоб-китобини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтига юклатилди.

2019 йил апрелдаги президент қарорига кўра эса, 2019 йил 1 декабргача Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги истеъмол саватчаси ва тирикчилик учун энг кам миқдорнинг аниқ қиймати ва таркибини аниқлаши зарур.

Жорий йил июль ойида Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев Ўзбекистонда истеъмол саватчасининг тахминий миқдори 650 минг сўм эканини айтган эди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

zmhwprngeqnraf2yhnfcp6uo8b_kn7bn

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Тошкентдаги учрашувда нималарга келишиб олишди?

29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон …