Главные новости
Главная / Маданият / Тилнинг жони бор
<

Тилнинг жони бор

jonҲа, тилнинг жони бор экан. Бекорга жонли тил деб аталмас экан.
… Тил – хазина. Улкан адибимиз Пиримқул Қодиров ёзганидек, эл ганжинаси. Ҳеч бир инсон, мен тилшунос ёки ёзувчи эмасман, деб ўзини четга олмаслиги керак. Бу ганж соҳиблари ҳам, посбонлари ҳам барчамиз.
… Мустақиллик йилларида маънавиятимизнинг узвий қисми бўлган она тилимиз ривожи учун талай амалий ишлар қилинди. Беш томли “Изоҳли луғат” улкан жамоа меҳнатининг маҳсули бўлди. Саноқсиз илмий ишлар чоп этилди, издиҳомлар ўтказилди. Лекин қилинадиган ишлар беҳисоб.
Муҳтарам президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарида тил маданияти тўғрисида айтилган фикрлар, адолатли танқидий мулоҳазалар бизни ўйлатмоғи, сафарбар қилмоғи керак: “Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур…
Айни вақтда жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп иш қилишимиз лозимлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Айниқса, баъзи расмий мулоқотларда ҳам адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик, фақат маълум бир ҳудуд доирасида ишлатиладиган шева элемантларини қўшиб гапириш ҳолатлари учраб туриши бу масалаларнинг ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бу ҳақда сўз юритганда, бобомиз Алишер Навоий “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган сўзларида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз”.
Бу сўзлар ёлғиз тилшунос ёки қалам аҳлига эмас, барча зиёлиларга, миллатнинг барча вакилларига қарата айтилган мурожаатдир.
Ҳақиқатан, тилни англаш, сўзни идрок этиш ўзликни англашнинг узвий қисми ҳисобланади. Олдиндан оққан сувнинг қадри йўқ, дегандай биз баъзан ўз она тилимиз бойликлари, назокати, ҳусну тароватини теран билиб ҳис этолмаймиз. Оғзимиздан чиққан сўзнинг тагзаминига етмаймиз. Гап кўп, кўмир оз, деб қўямиз-у, нега шундай дейишимизни чуқур ўйлаб ўтирмаймиз.
Шундай китоб ёзилишини орзу қиламан. Унинг номи “Сўзнинг қисмати” бўлса. Она тилимиздаги сўзларнинг узоқ босиб ўтган йўллари, бошдан кечирганлари, зафар ва мағлубиятлари, гоҳ шуҳрат топиб, гоҳ унут бўлишлари, камолу заволлари тавсир этилса… Дунёда бундан қизиқ асар бўлмасди.
У китобнинг илмий номи ҳам бор: “Этимологик луғат”. Ғоят мушкул ва мураккаб, юз Суқротнинг билими, минг Алпомишнинг кучини талаб қиладиган меҳнат.
Ишонаманки, ўзбекнинг шундай тафаккур паҳлавонлари бор. Бундай луғат тузиш ишига астойдил бел боғлаган дастлабки залворли қадамни қўйган, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби устоз Шавкат Раҳматуллаев, “Сўз ҳақида сўз” китоби аллақачон библиографик ноёбликка айланган. Алибек Рустамовдек суқротлару алпомишларимиз, уларнинг ғайратли ва истеъдодли шогирдлари бор.
Она тилимиз меҳри ва ғурури кўнгилларга илҳом, тоғларни талқон қилгудек куч-қувват бағишласа ажаб эмас.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

viri

Муносабат: Ҳукумат мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиши керак

Коронавирус пандемияси хавфи ортиб бориши билан қатор давлатларда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ўзбекистон ҳукумати махсус …