Главная / Маданият / Тил билган – эл билади

Тил билган – эл билади

kitoblarҲазрати Умар розияллоҳу анҳу бир куни мерганлик билан шуғулланаётган бир гуруҳ болалар ёнидан ўтиб қолдилар. Улардан бири: Эй Амирал мўъминин, “биз илм олувчи болалармиз, демоқчи бўлиб اننا قوم متعلمون ўрнига اننا قوم متعلمين” дея рафъ ўрнини насб ишлатиб сўзида хато қилди. Шунда Умар бу хатодан ғазабланиб ”Аллоҳга қасамки мўлжалда хато қилишингиз луғатингизда хато қилишингиздан кўра яхшироқдир” деган эканлар.

Бола ўз она тилини мустаҳкам ўзлаштириб, сўнг етакчи хориж тилларини эгаллашида жуда кўплаб манфаатлар мужассам. Бу эса душманларнинг режаларидан огоҳ бўлишга қодир, уларнинг макр ҳийлаларидан хабардор бўладиган, мусулмонларга соф моддий илмларни ўргата оладиган авлодни етиштиришга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам Макка шаҳридан Мадинага борганларида амалга оширган ишларининг биринчиси ҳам шундай бўлган. Абу Яъло ва Ибн Асокирлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг мана бундай деганларини ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ Мадинага келганларида мени у зотнинг ҳузурига олиб келишди ва “Эй, Аллоҳнинг Расули! Бу бола Нажжор қабиласидан. У сизга нозил бўлган нарсадан (Қуръондан) ўн етти сура ёдлаган”, деб айтишди. Мен Расулуллоҳга Қуръондан ўқиб бердим. У зот бундан ҳурсанд бўлдилар ва “Эй, Зайд! Мен учун яҳудийларнинг китобини ўргангин. Уларнинг бирортаси мени китобимга иймон келтирмаган” дедилар. Мен уни ўргана бошладим ва ярим ой ўтмасдан унда моҳир бўлдим. Расулуллоҳ мактуб ёзмоқчи бўлсалар уни ёзиб берар ва яҳудийлар мактуб ёзишса уни Расулуллоҳга ўқиб берар эдим”.

Бошқа бир ривоятда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга “Сурёний тилини биласанми? Менга бу тилда мактублар келиб туради”, дедилар. Мен “йўқ”, деб жавоб қилдим. Шунда у зот “ уни ўрган”, дедилар. Мен уни ўн етти кунда ўргандим”.

Улуғ аждодларимиз ҳам болаларга таълим бериш чоғида мана шу йўналишдан борганлар. Ҳоким ўзининг “Мустадрок” китобида, Абу Нуъайм “Ҳиля” китобларида Умар ибн Қайснинг шундай деганларини ривоят қиладилар: “Ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг юзта қули бор еди. Уларнинг ҳар бири турлича тилларда гаплашар эди. Ибн Зубайр ҳам уларнинг ҳар бирига ўз тилида мурожат қиларди. Мен унинг дунёвий ишларига назар солсам “Бу киши бир он ҳам Аллоҳни ўйламайди”, дердим. Агар унинг охират учун қилаётган ишларига назар солсам “Бу киши бир он ҳам дунёни ўйламайди”, дердим”.

Болани ўзи мойил бўлган илмига йўналтириш лозим. Юқорида Зайд ибн Собитнинг сурёний тилини ўрганганликлари ҳақида айтиб ўтдик. Дарҳақиқат бу ишни саҳобаи киромларнинг ўзлари ҳоҳлашди ва у зотни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келишди ҳамда унинг салоҳиятини, тил ўрганишга мойиллигини ва сурёний тил борасидаги Расулуллоҳнинг истакларнини амалга ошира олишини билганликлари учун уни Расулуллоҳга таклиф қилишди. Бу эса болани ўзи ёқтирган ва истагига мос бўлган илмга йўналтириш керак эканлигига далилдир. Зеро, бу иш болани ўзи ҳоҳлаган илмни мустаҳкам эгаллашига ҳамда бу илмда моҳир бўлиб тенгдошларидан ўзиб кетишига сабаб бўлади. Уламоларимиз ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаганлар. Жумладан, Ибн Сино: “Бола ўйлаган барча ишларни амалга ошишни имкони йўқ. Шунинг учун бола ўзининг табиатига муносиб ва лойиқ бўлган касбни танлаши зарур деб таъкидлаган”.

Имом Бухорий аввал фиқҳни ўрганишга ҳаракат қилганлар. Муҳаммад ибн Ҳасан унда ҳадис илмига муносиб қудрат борлигини ва бу илм унга лойиқ ва осон эканлигини кўрганидан сўнг “Сен бориб ҳадис илми билан машғул бўл”, дедилар. Имом Бухорий унинг бу сўзига итоат қилди ва натижада ҳадис аҳлининг етакчисига, балки уларнинг имомига айланди. Умар ибн Абдулазиз бизга ўзларининг ёшликларидаги жуда кўплаб буюк истаклари ҳақида гапиради. Эътибор қилинг, у зот бу истакларига матонат ва куч – қудрат билан эришди.

Бугунги кунда ҳар томонлама уйғун камол топган, ўқимишли ва замонавий фикрловчи ёш авлодни шакллантиришга катта эътибор қаратилаётган экан, фарзандларимизни илк болалигиданоқ қобилият ва салоҳиятларини аниқлаб, уни тўғри йўналтириш ва танлаган соҳаларининг етук пешқадамлари бўлишга кўмаклашиш ота – оналаримизнинг энг асосий бирламчи вазифаларидан ҳисобланади. Ўсиб келаётган ёш авлодни турли чет тилларига ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассислар этиб тайёрлаш, бунда жаҳон цивилизацияси ютуқлари ва дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланиш учун юртимизда катта шарт – шароитлар ва имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, бу борада Юртбошимиз И.А.Каримовнинг “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги 2012 йил 10 декабрдаги 1875 – сонли қарорининг қабул қилингани ушбу йўналишдаги ишларимизни яна бир юқори янги босқичга кўтарди.

Халқимизда ҳам “тилга эътибор – элга эътибор” дея таъкидланади. Бундан келиб чиқиб, авваломбор ёши улуғлар ўз сўзларига жуда жиддий эътибор беришлари керак бўлса, шу билан биргаликда, ёш авлодни ёшлик вақтларидан бошлаб сўзларига бепарво бўлмасликка ўргатиш, ўзлари қизиққан турли чет тилларини ҳам ўрганиб боришларига аҳамият қаратиш фарзандлар таълим – тарбиясидаги зарурий ва муҳим ишларимиздан биридир.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ
ТИИ “Таҳфиз ул – Қуръон” кафедраси мудири

Яна маълумот

pogudx662lujp78dq

Туғилган кун табрикотлари 2023

Қисқа, узоқ, ихчам, расмли туғилган кун хабари ва енг яхши табрик сўзлари Туғилган кун муҳим …