Главные новости
Главная / Жамият / Тиббиёт коллежлари техникумларга айлантирилмоқда. Президент қарори имзоланди
<

Тиббиёт коллежлари техникумларга айлантирилмоқда. Президент қарори имзоланди

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 47та тиббиёт коллежлари Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилади ва унинг битирувчилари тиббиёт олий таълим муассасаларининг 2-курсидан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Қарор тиббий-санитария ходимларини касбий ривожлантириш тизимини яхшилаш, соҳада етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт ташкилотлари, айниқса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш, тиббиёт таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг мавқеини ошириш, шунингдек, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.

Президент қарорига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 47та тиббиёт коллежларини Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда техникумлар фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи Комплекс дастурни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда унинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлайди:

  • Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларининг моддий-техник базасини янада кучайтириш, амалиёт хоналарини белгиланган нормативларга асосан жиҳозлаш, ўқув-симуляцион аудиторияларни ташкил этиш;
  • валеология, тиббий психология, нутрициология, диетология, фармакология, кинезиология, реабилитология, профпатология фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишини жорий этиш ҳамда мазкур техникумларнинг ўқув режалари ва фан дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқиш;
  • тиббиёт олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида масофавий таълим орқали дарс машғулотларини ўтказиш.

Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

8tqwlottzbeqkk1zjfwhwvyj8kgejsyk

«Ҳали инсон ракеталаримизда Марсга парвоз қилади» — SpaceX’нинг бош мақсади

«Тесла» электрокарлари, «PayPal» компанияси асосчиларидан бири ва ўзининг космик ракеталари билан тилларга тушган Илон Маск …