Главная / Жамият / Тошкентдаги мактаб ўқувчиси дарс пайтида физика ўқитувчисини уриб, бурнини синдирди
<

Тошкентдаги мактаб ўқувчиси дарс пайтида физика ўқитувчисини уриб, бурнини синдирди

Тошкентдаги 160- мактаб ўқувчиси 24 октябрь куни дарс пайтида физика ўқитувчисини уриб, унинг бурнини синдирди. Бу маълумотни Озодлик шаҳар халқ таълими бошқармасидан олди.

Воқеа гувоҳи бўлган ўқувчининг айтишича, ўқувчи билан ўқитувчи орасида содир бўлган жанжалда ўқитувчининг айби йўқ. Бироқ мактаб раҳбарияти фикрича, жанжал ўқитувчининг айби билан бошланган. Бурни сингани айтилаётган ўқитувчининг ўзи гаплашишни истамади.

Воқеа юзасидан Озодлик саволларига жавоб берган баъзи ўқитувчилар, бу жанжал ортида ўқувчиларни ота-оналарига қараб табақалаш ëтибди, деган фикрни билдирди.

Воқеа гувоҳи бўлган ўқувчилардан бирининг Озодликка айтишича¸ жанжал физика ўқитувчиси Денис Рундаев синфдаги ўқувчи қизга «телефон қулоқчинини ечиб қўй» дея танбеҳ бергани ортидан чиққан. Синфдошини ҳимоя қилган М. А. исмли 10- синф ўқувчиси ўқитувчини «уриб ташлаган».

Воқеани ўрганаëтган шаҳар халқ таълими бошқармаси мулозимининг Озодликка айтишича¸ 160- мактаб ўқитувчисининг бурни сингани, юзи ва қорнига тан жароҳати етказилгани борасида тиббий маълумотнома мавжуд.

Ўзини “160- мактаб директори Ирина Казакованинг ëрдамчисиман”, деб таништирган аëлнинг айтишича, «бурни синган ўқитувчи уни жабрлаган ўқувчининг узрини қабул қилган»:

– Биз бу воқеа юзасидан ота-оналар мажлиси чақирдик. Боланинг отасига нисбатан тушунтириш ишларини олиб бордик. Бола ўқитувчисидан кечирим сўради. Физика ўқитувчиси Денис Александрович ўқувчининг узрини қабул қилди ва ҳеч қандай претензиям йўқ деб айтди.

Ирина Казакованинг яна айтишича¸ жанжал ўқитувчининг айби билан бошланган:

– Физика ўқитувчисининг ўзи жанжални биринчи бошлаганини тан олди. Денис Александровичнинг ўзи болани уришни биринчи бошлаган. Бола самооборонага ўтган.

Озодлик суҳбатлашган 160- мактабнинг исми сир қолишини истаган ўқитувчисига кўра¸ мактаб раҳбарияти «воқеани бости-бости қилишга уринмоқда»:

– Мажлисда мен ҳам қатнашдим. Директоримиз “бу гап мактабдан ташқарига чиқмасин”, деб қаттиқ тайинлади. Физика ўқитувчиси ҳам директорнинг босими остида аризасини қайтариб олди. Ўқитувчига қўл кўтарган ўқувчи ёмон хулқи туфайли коллеждан ҳайдалган. Отаси келиб уни ўзидан икки ëш кичкиналар ўқийдиган синфга жойлаб кетувди. Шу боланинг зўравонлиги дастидан ҳеч кимга кун йўқ.

Бурни синдирилган физика ўқитувчиси Денис Рундаев Озодлик билан суҳбатлашишни истамади.

Ўқувчи тарбияси оғир болалар рўйхатида

Яккасарой туман ИИБ бошлиғининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Озодлик билан 26 октябрдаги суҳбатда «Ўқитувчига қўл кўтарган ўқувчига нисбатан тарбиявий чора кўрилганини» айтди.

Унинг айтишича¸ жанжал ортидан мактабга Яккасарой тумани ички ишлар бўлими ходими бориб вазиятни ўрганган:

– 2000 йилда туғилган ва муқаддам безорилик ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир қилган бу ўқувчи тарбияси оғир болалар рўйхатига олиниб назоратда тутилмоқда. Унинг ота -онаси билан суҳбат ўтказилган.

Озодлик 26 октябрь куни суҳбатлашган 160- мактаб директори ўринбосари ҳам ўқувчининг «вояга етмаганлар билан ишлаш инспектори назоратида» эканлигини айтди:

– Ўша кунги мажлисда Яккасарой туман ИИБсининг вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспектори қатнашди. Биз унга ўзаро келишиб олганимизни айтдик. Муаммони мактабнинг ичида ечдик. Ўқувчи айбига иқрор. Ўқитувчи ҳам ҳаддидан ошганини тан олиб турибди. Отасининг ўзи катта бошини кичик қилиб келиб, ўғли учун гап эшитиб кетди. Бўлдида энди¸ пашшадан фил ясаш керак эмас.

Озодлик 26 октябрь куни гаплашган Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги мулозими бу воқеани “ўқитувчини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат сифатида” баҳолаб¸ бу юзадан “жиддий чора кўрилиши” ҳақида ваъда берди.

Мактабдаги табақаланиш

Озодлик суҳбатлашган 160- мактабнинг ўқитувчиларидан бири мактабдаги бу жанжал ортида ўқувчиларни ота-оналарига қараб табақалаш ëтганини айтди:

– Шу ўқитувчини урган ўқувчининг отаси мактабга моддий ëрдам кўрсатган. Шу боис бу ўқувчи ўзини доим баланд олиб юради. Мактабдаги ўқувчилар яхши ўқийдиган ва ëмон ўқийдиганларга эмас¸ балки ота -онаси мактаб фондига ëрдам берадиган ва бермайдиганларга ажралган.

Унга кўра¸ мактабдаги ëмон ўқийдиган ўқувчиларга «ота – онаси мактаб фондига пул ўтказганидан кейин яхши баҳо қўйиш каби «зарарли амалиëт» жорий қилинган.

Суҳбатдошга кўра¸ бу амалиëтга қарши бўлган уч нафар ўқитувчи жорий ўқув йилида ариза ëзиб мактабдан бўшаб кетган.

Ҳаққимизда Anonymous

Яна маълумот

bpg-qxvap4vmca626otlf2bxmuwopskq

Марказий Осиёда қашшоқлик даражаси пасайишда давом этмоқда, аммо пасайиш суръати секинлашмоқда

Марказий Осиёда қашшоқлик даражаси пасайишда давом этаётган бўлса-да, минтақада унинг пасайиш суръати секинлашган. Қашшоқликнинг энг …