Главные новости
Главная / Жамият / «Таксичилик осонми?» — Андижон-Тошкент йўналишида қатновчи ҳайдовчилар муаммоси
<

«Таксичилик осонми?» — Андижон-Тошкент йўналишида қатновчи ҳайдовчилар муаммоси

Андижон вилоятидан Тошкент шаҳрига бормоқчи бўлсангиз икки транспортдан бирини танлайсиз: поезд ёки такси. Қайтишда ҳам шундай танлов. Поезд пойтахтга кунига икки марта қатнайди. Бу транспортларда қатнаш нархи деярли бир хил. Қийин йўналиш. Қамчиқ довонидан ўтиш керак.

Йўловчилар кўпроқ таксида юришни маъқул кўришади. Бунинг асосий сабаби таксичи сизни уйингиздан ҳам олиб кетиши мумкин. Яна вокзалгача эмас, сиз истаган манзилга – Юнусободми, Чилонзорми ва ҳатто Қорақамиш даҳасига ҳам олиб бориб қўяди.

Андижон шаҳрида Тошкент томон борувчи таксилар турадиган ва халқ орасида «Тошкент питак» номи билан машҳур бўлган икки манзил бор. Уларнинг бири Янги шаҳардаги «Автовокзал»да, иккинчиси, «Узумзор» кўчасида жойлашган.

Тошкентдан қайтишда эса Қўйлиқдаги автотураргоҳ. Норасмий маълумотларга кўра, «Андижон-Тошкент» йўналиши бўйича қатнайдиган таксилар сони 500дан зиёдроқ.  Улар кунига ўртача минг нафарга яқин йўловчи ташийди.

Kun.uz’га мазкур йўналишда қатновчи ҳайдовчилардан мурожаат тушди. Маълум бўлишича, андижонлик таксичилар Тошкент вилояти ҳудудига киргач, уларни ўша ҳудуд Транспорт бошқармаси ходимлари ва ЙҲХ ходимлари тўхтатиб, лицензия сўраб, жарима солиб, машиналарини жарима майдонига олиб кириб қўяётган экан.

Автотураргоҳга бориб ҳайдовчилар билан суҳбатлашдик.

«Узоқ йиллардан бери пойтахтга қатнайман. Муаммо шундаки, шу кунларда довондан ўтиб, Тошкент вилоятига киришимиз билан ЙҲХ ходимлари ва ўша ҳудуд «Дарётранс» ходимлари йўлни тўсиб, лицензия сўрашяпти. Бизда лицензия йўқ. Сабаби, Андижон Транспорт бошқармасига кирсак, ходимлари «Андижон-Тошкент» йўналиши йўқлигини, бизга лицензия бера олмасликларини айтишяпти. Жаримага тортишяпти. Асосан ўша ернинг ўзида бир миллион сўм атрофида пул тўлаб қутуляпмиз.

Баъзи укаларимизнинг ишини эса судгача оширишди. Наҳотки, мана шу йўналиш бўйича қонуний, бизнинг имкониятларимиздан келиб чиқиб иш ташкил қилиб бўлмаса? Бизга рухсат берадиган корхона очишса, лицензия олиб, мана шу жойда кунлик тўловни қилиб, қўлимизда ҳужжатимиз билан йўлга чиқсак бўларди. Йўналишда такси кўп. Бир киши бир ойда нари борса ўн марта қатнайди. 2012 йили тошкентлик тадбиркорлар мана шу йўналиш бўйича жавобгарликни зиммасига олиб, 200 доллардан пул йиғишган. Қўлимизга қоғоз ҳам беришган. Кейин нима хато қилишди билмадик, «қамалиб кетишди», дейишди. Яна муаммолар туғилди», дейди таксичи Сирожиддин Мансуров.

Иши судга оширилган ҳайдовчилардан бири билан гаплашдик.

«Ўтган ҳафтада Қўйлиқ атрофида «ГАИ» тўсди. Ҳужжатларимни сўради. Текшириб, ўша жойда бирга турган «Дарётранс» ходимига ҳужжатларимни берди. «Йўловчи ташияпман. 70 минг сўмдан Андижондан тўрт одам олдим, лицензиям йўқ. Беришмаяпти», дедим. Ишимни судга иширишди. Автомашинам беш кун Бектемир туманидаги жарима майдонида турди. Беш кун юрдим. Судда шароитимни айтдим. Икки «оклад» жарима тўлаб қутулдим. «Дарётранс» ходими «Ака, жаримани тўлаб кетавермайсизми? Ўзингизга муаммо орттирдингиз», дейди. Нима, уларнинг иши фақат жарима тўлатишми?», дейди ҳайдовчи Ғолибжон Эргашев.

Шоҳжаҳон Исроилов ҳам йўлда тўсилиб жабр тортганлардан экан.

«Мени «Роҳат» постида тўсишди. Машинада йўловчилар бор эди. «Дарётранс» ходимларига Андижондаги ташкилот вакилларига учраганим, лекин лицензия беришмаётганини айтдим. «Бу эътирозни судда айтасан», дейишди. Тирикчилигимиз «кира» қилиш, бошқа иш йўқ. Тошкентда сарсон бўлганим қолди. Бир ой олдин ҳам ушлашганида бир ярим миллион сўм жарима тўлагандим», дейди у.

30 нафарга яқин таксичи ўз дардларини билдириб ўтишди. Улардан ёши улуғроғи «Ҳозирги меъёрий ҳужжатларга асосан «патент-лицензия» қилсак йўлкира нархи ҳам кўтарилиб кетади», деган фикрни айтди.

11 йилдан бери Андижондан пойтахт томон қатнайдиган Ҳамидулло ака Садиров бошқачароқ изоҳ берди.

«Таксичиларга Тошкентга ҳар куни йўловчи бўлавермайди. Ҳафтада зўрға бир-икки марта чиқадиганлар бор. Ҳозир машинани сариққа бўяб ҳужжатларни тўғриласак, 4 миллион сўмга яқин пул кетар экан. Ҳар куни йўловчи нақд бўлмаса. Шароитимизни ўрганишсин, меъёридаги лицензия миқдорини айтишсин. Ёки МЧЖ тузиб, умумий лицензия олиб, кунлик ёки рейсимизга қараб маълум суммани тўлайдиган шароитни қилиш керак», дейди у.

Вилоят транспорт бошқармасида

Транспорт вазирлиги Андижон вилоят ҳудудий бошқармасига бориб, муаммоли вазият юзасидан саволлар бердик. Бошқарма бошлиғи ўринбосари Адҳамжон Толаков масалага изоҳ берди.

«Бугунги кунда Тошкент шаҳрига қатнаётган йўловчиларимиз хусусий автомобил эгалари билан буюртма асосида келишиб манзилига кетишяпти. Бу «Йўналишсиз такси» кўриниши.

Айни пайтда Тошкентдан Андижонга, Андижондан Тошкентга тасдиқланган йўналиш йўқ. Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 139-сонли қарорига асосан амалга оширилади. Ушбу қарорнинг биринчи иловасида йўналишсиз таксиларга белгиланган талаблар бор. Булар транспорт воситаси бўялиши керак бўлган ранглар, экипировкалар, ҳайдовчи ва автомашинага қўйиладиган талаблар бўлиб, мана шу талабларга риоя қилган ҳолда бизга ариза билан мурожаат қилган ҳар бир ҳайдовчига ва корхонага ўз вақтида лицензияларни беряпмиз. Лекин, мана шу қарор талабига кўра жиҳозланмаган автотранспорт эгаларига лицензия берилмайди. Айни пайтда Андижон вилоятида 5 мингдан зиёд автотранспорт эгалари меъёр бўйича ҳужжатлар тайёрлаб, машинани сариққа бўяб такси хизматида фаолият юритяпти.

Тошкент-Андижон йўналиши бўйича 2016 йили бир корхона вақтинчалик тендер битими тузиб келган эди. Йўналишда автотранспорт воситасининг қатновни бошлаш жойи, тугатиш жойи, йўлкираси миқдори, транспорт воситалари русуми, давлат рақами кўрсатилган бўлади. Бироқ ташувчи тендер битимидан чиқиб кетди.  Йўналишдан чиқиб кетишлар, нарх белгиланганидан кўп қўйилиши аҳоли эътирозларига сабаб бўлди ва тендер битими тугатилди.

Ҳайдовчиларга шуни айтмоқчиман. Агар 139-қарорга асосан қайта жиҳозланмасдан, лицензиясиз фаолият кўрсатаётган ҳайдовчиларни инспекторларимиз нафақат Тошкент вилояти ҳудудида, балки, водий вилоятларида аниқласа ҳам «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 176-моддаси, 3-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Ҳайдовчилар бизнинг ташкилотга учраб транспорт воситаларини 139-сонли қарор асосида қайта жиҳозлаб, тегишли ҳужжатларни тўғрилаб ариза билан мурожаат қилишса лицензия олишади ва республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият юритиш имкониятига эга бўлишади», дейди Адҳамжон Толаков.

Мутасадди айни пайтда аҳолига транспорт хизмат кўрсатувчилар учун бир қатор ижобий янгиликлар лойиҳаси тайёрланаётганини билдирди.

Ҳозир «Андижон-Тошкент» йўналишида бизга мурожаат қилган таксичилар ўша 139-сонли қарор талаби бўйича автомобилини қайта жиҳозлаб, ҳужжат тўғриласа «қанчага тушиши»ни таҳлил қилиб кўрдик. Маълумотлар Андижон транспорт бошқармасидан олинган.

  1. Нотариус орқали транспорт корхонаси билан шартнома тузиш – 400 минг сўм;
  2. Автомобилни сариқ рангга бўяш – 800 мингдан 1 миллион сўмгача;
  3. ЙҲХдан сариқ рангга бўялгани учун «техпаспорт» алмаштириш ва «ТТ» серияли рақам олиш 750 минг сўм;
  4. Лицензия тўлови вилоят ичида базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари, Республика бўйлаб эса 5,5 баробари миқдорида тўлов (бир йилда бир марта);
  5. Ҳар ойда корхонага 600 минг сўмдан тўлов;
  6. Ижара шартномаси учун ҳар ойда 50-60 минг тўлов.

Буларнинг ичига автомашина сариқ рангга бўялиши натижасида унинг бозор қиймати жиддий арзонлаб кетишини (автомашиналарнинг иккиламчи бозорида бўялган транспорт воситалари нархи тушиб кетади) қўшмадик.

Кўриб турганингиздек, такси ҳайдовчиси бўлиш учун жуда мураккаб қоғозбозликлар ва ташкилий жараёнлардан ўтиш, катта тўловлар қилиш лозим бўлар экан.

«Андижон-Тошкент» йўналишидаги ҳайдовчилар ҳар куни мижоз топиб, пул ишлайвермасликларини таъкидлаб ўтишди.

Нафақат, «Андижон-Тошкент» йўналиши, балки, умуман аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш бўйича янги қарор лойиҳасини эълон қилиш, бу борадаги жамоатчилик фикрини ўрганиб, енгилликлар киритиш вақти етиб келмадимикан?

Ахир Вазирлар Маҳкамасининг 139-сонли қарори билан белгиланган мураккаб жараёнлар сабаб қанчадан-қанча лицензиясиз ҳайдовчилар фаолият юритиб, давлат ғазнасига маблағ тушмаяпти. Давлат ғазнаси ҳам кўпини ўйлаб, озидан мосуво бўлмоқда.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

2k6gfgh7z8qqpkk6l5ubuhrq6nhbik-7

Паст Дарғомда корхона электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган: МИБга ҳокимлик вакиллари тўсқинлик қилишди

«Ўрмон қонунлари» амал қиладиган Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида навбатдаги можаро: тўғридан-тўғри туман ҳокимлиги вакилларининг ноқонуний …