Главные новости
Главная / Жамият / Тўйини Tashkent City’да ўтказган Воҳиджон Исоқовга 4,5 млн сўм жарима ёзилди. «Аввалги жарима» нотўғри бўлиб чиқди
<

Тўйини Tashkent City’да ўтказган Воҳиджон Исоқовга 4,5 млн сўм жарима ёзилди. «Аввалги жарима» нотўғри бўлиб чиқди

Никоҳ тўйини 14 сентябрь куни Tashkent City’да ўтказиб, шов-шувлар ва муҳокамаларга сабаб бўлган хонанда Воҳиджон Исоқов 19 сентябрь куни базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 20 баравари (19 сентябрь ҳолатига кўра 4,46 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси (ДСЭНБ) «Дарё»га маълум қилди. Аввалроқ 16 сентябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хонанда БҲМнинг беш баравари (1 115 000 сўм) миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабар берган эди, бироқ бу ахборот нотўғри бўлиб чиқди.

vohidjon-isoqov-10101Тошкент шаҳар СЭНБ: «Хонандани жаримага тортиш ҳақидаги ИИБ хати 16 сентябрь куни келиб тушган»
Муҳокамаларга сабаб бўлган ва Республика махсус комиссияси томонидан ўрнатилган талабларга зид равишда ўтказилган тўй 14 сентябрь куни ўтказилган бўлса-да, Тошкент шаҳар ички ишлар органлари бунга фақат 16 сентябрь куни очиқ муносабат билдирди. Ўшанда шаҳар ИИББ матбуот хизмати хонанда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан БҲМнинг беш баробари миқдорида жаримага тортилгани ҳақида ахборот берган эди (ушбу модда бўйича фақат ниқоб тақмаганларгина БҲМнинг беш баробаригача бўлган миқдорда жаримага тортилиши мумкин).

Бироқ Тошкент шаҳар ДСЭНБ маълумотларига кўра, пойтахт ички ишлар органларидан тўй эгасига нисбатан қонуний чора кўриш ҳақидаги дастлабки хат айнан 16 сентябрь куни келиб тушган — шу куни Миробод тумани ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Отаназаров томонидан Тошкент шаҳар ДСЭНБнинг Миробод тумани филиалига шу туманда истиқомат қилувчи фуқаро Воҳиджон Исоқовнинг никоҳ тўйида 40-45 нафар меҳмон бўлганлиги аниқлангани билдирилиб, ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун №27/39-8254-сонли хат билан берилган.

Хатнинг ижроси бўйича 17 сентябрь куни Миробод тумани филиали инспекторлари хонанда Воҳиджон Исоқовга телефон қилганида, унинг акаси инспекторлардан уларни безовта қилмасликни сўраган. Инспекторлар 18 сентябрь куни хонанданинг уйига борганида, хонадон эгалари унинг хизмат сафарига кетганини айтган; ўзини хонанданинг акаси сифатида таништирган фуқаро: «Укам қачон уйга келса, ўзи билан гаплашасизлар», деб, тузилаётган маълумотномага имзо қўйишдан бош тортган.

«19 сентябрь куни Тошкент шаҳар ДСЭНБ Миробод тумани филиали томонидан хонанда Воҳиджон Исоқовга карантин қоидаларини бузгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (4 460 000 сўм) миқдорида жарима солиш тўғрисида қарор имзоланган ва 21 сентябрь куни қарор нусхаси Воҳиджон Исоқовга тақдим этилган», — дейилади шаҳар ДСЭНБнинг «Дарё»га тақдим этилган ахборотида.

Хонанда карантин даврида 40-45 нафар меҳмон билан никоҳ тўйини нишонлагани учун жаримага тортилган. Қарорда кўрсатилишича, жарима 15 кун ичида тўланиши лозим. Хонанда эса ушбу қарор устидан 10 кун ичида юқори турувчи ташкилот ёки судга шикоят қилиши мумкин.

Тошкент шаҳар ИИББ: «Бизда бирламчи ахборот берилган»

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати вакиллари Воҳиджон Исоқовни жаримага тортиш ҳақидаги қарор 19 сентябрда чиқарилгани, хонанда ушбу қарорга асосан БҲМнинг 20 баробари миқдорида жарима тортилгани ҳақидаги маълумотга муносабат билдираркан, пойтахт ИИББ томонидан 16 сентябрь куни хонанда БҲМнинг беш баробар миқдорида жаримага тортилгани ҳақидаги расмий хабар «бирламчи ахборотга таяниб берилгани»ни, якунда бу ахборот ноаниқ бўлиб чиққанини тан олди.

Аввалроқ «Дарё» интернет-нашри хонанда Воҳиджон Исоқов жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган бўлса-да, у аслида жаримага тортилмаган, жарима ҳақидаги хабар ёлғон бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Шундан сўнг Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу вазият ўрганилаётганини билдирган эди.

Республика махсус комиссияси, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлигининг қўшма кўрсатмаси талабларига мувофиқ, Ўзбекистонда тўй маросимларини фуқароларнинг уй-жойи ва хонадонининг ўзида, фақат яқин қариндошлар иштирокида 30 кишидан кўп бўлмаган таркибда ўтказишга рухсат берилган; ресторан ва бошқа умумий овқатланиш жойларда банкетлар ва бошқа шу каби маросимларни ўтказишга рухсат берилгани йўқ.

Шунга қарамай, ҳозиргача ўз ҳудудида тўй ўтказишга рухсат берган Tashkent City’даги муассасаларга қонуний чора кўрилгани ҳақида маълумот йўқ. Воҳиджон Исоқовнинг тўйидан тўрт кун ўтиб, Tashkent City’да режиссёр Ҳабибулла Набиев ва актриса Гулинур Абдуллаеванинг ҳам тўйи бўлиб ўтди, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу ҳолатга ҳали ҳам муносабат билдиргани йўқ. 22 сентябрь куни яна бир хонанда — Сирожиддин Ҳожиев дабдабали никоҳ тўйи ўтказгани маълум бўлди; тўйдан олинган видеоларда меҳмонлар сони 30 дан ортиқлигини кўриш мумкин.

Хулоса ўрнида

Ниқоб тақмаган ёки ниқобини иягига тушириб юрган оддий фуқароларни «Ахборот 24»да «ҳаммасига шулар айбдор» деган маънода кўрсатиб, оммавий ёмонотлиқ қилиш билан у ёки бу сабаб билан ниқобсиз юрган фуқарони орқа-олдига қарамай, огоҳлантирмай жаримага тортиш билан карантин қоидаларига риоя этиш устидан назоратни кучайтириб бўлмайди. Тўғри, вазият ҳозиргига нисбатан бир қадар яхши томонга ўзгарар, лекин шу билан ҳаммаси яхши бўлиб қолмаслиги эҳтимол. Давлат қонун барчага баробар ва барчага нисбатан аёвсиз эканини кўрсата олиши лозим — қай бир хонанда талабга зид равишда ўтказилган тўйи учун умуман жазоланмаса, бошқаси эса қонунда белгиланган жаримага фақат жамоатчиликнинг босими остида, тўйидан бир ҳафта ўтиб жаримага тортилса, қандай карантин, қанақа «жазо муқаррарлиги» ҳақида гапириш мумкин ўзи?

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

alafzoxn06k68zo1ofev9ha3avwaicif

Асакада тиббиёт ходимларига берилган мукофот пуллари нега қайтариб олиняпти?

Андижон вилояти Асака тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлими ходимларига тўланган мукофот пули …