Главные новости
Главная / Маданият / “Суюқ олтин”нинг хосиятлари
<

“Суюқ олтин”нинг хосиятлари

suyuk-oltinТозалаш жараёнида зайтун мойи ўзининг юқори сифатини бирмунча йўқотади. Унинг туси оч сариқ ёки тўқ тилларанг бўлади. Тозаланмагани эса олий нав ҳисобланиб, уни фарқлаш осон. Тозаланган ёғни ишлатиш қулай, у ҳидсизлантирилгани боис кучли таъмга, ёрқин ранггга эга. Тозаланмаган зайтун мойи зарур моддаларни ўзида кўпроқ сақлаб қолгани сабабли у жуда фойдали. Кўриниши тилларанг эмас, балки нимяшил сариқ рангда бўлади.
Аниқланишича, зайтун мойи инжиқ, жой танловчи ёғ ҳисобланади. Агар уни сақлаш йўлини билмасангиз, таркибидаги инсон саломатлиги учун керак бўлган моддалар парчаланиб кетади. Аввало, сотиб олган маҳсулотингиз ҳақиқий ёки қалбаки эканини аниқлаш мақсадида уни бироз вақт музлаткичда сақланг. Ҳақиқий зайтун мойининг фақат устки қавати совуқ ҳароратда юпқа оппоқ тусга кириб қолади. Хона ҳароратида эса аввалги ҳолига қайтади. Таркибидаги кўп миқдорли қаттиқ ёғ совуқ ҳароратда қотади.
Барча ўсимлик ёғларининг душмани учта: ёруғлик, ҳарорат ҳамда иқлим. Ҳеч қачон ёғнинг устини очиқ ҳолда ёки газ плитаси устида қолдирманг. Иссиқда қолган мой негизидаги фойдали моддалар буғланиб кетади. Зайтун мойини газ плитасида қайта-қайта қиздириб ишлатманг. Такрор ишлатганда унинг фойдали моддалари заҳарли унсурга айланади.
Зайтун мойи табобатда қадимдан ишлатилиб келинади: ташқи муолажа сифатида қуймич нервларининг яллиғланишида, ниқриз (подагра) ва истисқо (водянка)га енгиллик бахш этади. Зайтунни газак ўти билан қайнатиб истеъмол қилинса, ичакнинг бураб оғришини тўхтатади, гижжалардан халос қилади. Асосан зайтун ёғи хом зайтундан олиниб, замонавий тиббиёт ва халқ табобатида кенг қўлланилади.
Соғлом кишилар учун зайтун ёғининг энг яхшиси унфоқ ёғидир. Унфоқ ёғи бобомиз Абу Али ибн Сино фикрича, биринчи даражада совуқ ва қуруқдир. Етилган зайтун иссиқ бўлиб, мойи мўътадил ҳамдир. Хом зайтун совуқдир. Чўпи ва япроғи ҳам совуқдир. Зайтун мойининг ҳамма тури баданга қувват бахш этувчи, ҳаракатга мойил қилувчидир. Тузланган зайтуннинг суви хилтни тозалашда намакобдан кучлироқ таъсир қилади, япроғи милк учун яхшидир. Бу билан баданни ишқаланса, тер чиқишини тўхтатади.
Зайтун мойини ичиш заҳарланишдан фойда беради. Қоринни бўшаштиради, оғриқни қолдиради ва қуртларни ҳайдайди. Зайтун мойидан бошқа ҳамма мойлар меъдани заифлаштиради. Ҳазми енгил бўлганидан табиблар уни гўдак энди сутдан чиқиб таом ейишни бошлаганда болага нонга суртиб беришни маслаҳат беришади.
Зайтун мойи буйрак, ўт, қовуқдаги тошни туширади, кўз хиралигига барҳам беради. Уни истисқо касалида қоринга суртиш мумкин. Қонайдиган милкларга ушбу мойдан суртилса, оғиз чайилса, қимирлаган тишларни мустаҳкам қилади. Оғриган қулоққа томизилса, у тезда кишини дарддан фориғ қилади. Зайтун мойи билан жило берилган сочлар янада чиройли ва қоп-қора бўлиб, соч илдизлари бақувватлашади. Зайтун сути қўшилган шампун ва косметик воситалар ноёб маҳсулот саналади. Улар сочни, юзни соғломлаштириш ва кишини ёшартириш хусусиятига эга экани билан алоҳида аҳамият касб этади. Юздаги ажинларга ҳам кунора зайтун мойидан суртсангиз, ажинлар изини беркитади. Зайтун таркибида тери тўқималарини тикловчи дармондорилар мавжуд бўлиб, фақатгина шу дармондори терини ёшартириш хусусиятига эга.
Зайтун мойи лабни чиройли қилади, қовоққа суртилса, кўзни қувватлантиради. Зайтун қуёш, денгиз шамоли ва ерости сувлари таъсирида ўсади ва минг дардга даво ҳисобланади. Зайтун мойи барча учун бирдек фойдали. У инсон танасида моддалар алмашинувини яхшилайди. Унинг таркиби A, D, E, K каби витаминларга бой. Ичак фаолиятини мўътадиллаштиради, холестеринни камайтиради. Зайтун ёғи ичакни саратон касалликларидан асрайди. Сафро ҳайдаш ва ични ювиш хусусиятига эга. Ич қотиши, ошқозон ва жигар касалликлари, ўт пуфаги (холецистит) ёки ичак шамоллаши (олит)да тавсия этилади. Зайтун мойи қариш жараёнини секинлаштиради.
Зайтун ёғи хотира пасайишининг олдини олади, аёлларнинг ҳомиладор бўлишида фойда беради. Ошқозон оғриганида наҳорда ва ётиш олдидан бир ош қошиқ доғланган зайтун мойи ичиш тавсия этилади. Ёввойи зайтун мойи кўп жиҳатдан гул ёғи кабидир. Мўйни сақлайди, ҳар куни ишлатилса, тук ва сочлар оқаришини тўхтатади. Ёввойи зайтуннинг сарамас, учуқ, эшакем касалликларига фойдаси каттадир. Хомидан сиқиб олинган мойи ҳўл ва қуруқ яраларга, айниқса, қўтирга боғланса, фойда қилади. Чиркли яраларни тозалайди.
Зайтун япроғини узум ғўраси билан узоқ қайнатилса, асалдек бўлиб қолади. Буни ейилган тишларни қўпориш учун суртилади. Ёввойи зайтун ёғи бош оғриғига худди гул ёғидек фойда қилади. Ёввойи зайтун шираси қуритилиб, кулча қилинади ва қулоқ оқмасини даволашда ишлатилади. Зайтун мойининг эскисидан кўз хиралашишига қарши суртма қилинади. Куйдирилган япроғи кўз касаллигида тўтиё қилинади.
Катаракта касаллигида зайтун мойи яхши шифо бағишлайди. Ўн беш кун давомида ҳар куни уч маҳал томизилса, даво бўлади. Бўғим ва бод касаллигида 200 грамм керосин ва 200 грамм зайтун ёғидан олиб, 20 дона аччиқ қалампирга аралаштириб, қоронғи жойда икки ҳафта сақлагач, оғриган жойга суртилса, фойдаси тезда билинади. Агар узоқроқ таъсир қилсин десангиз, уни жун мато билан ўраб юрса ҳам бўлади.
Бошга бит ёки сирка тушиб қолган бўлса, бунинг учун зайтун билан озгина аччиқтош ва зиғир баргидан талқон қўйиб, беш кун уч маҳал оч қоринга истеъмол қилинса, яхши наф беради.
Қора зайтун данаги билан бирга астма ва ўпка касалликларида кенг қўлланилади. Зайтуннинг тузлангани ғализ бўлиб, иштаҳани қўзғатади, меъдани бақувват қилади. Ивитилгани ҳазм қилиш учун яхши. Зайтун шираси бачадондан рутубат оқишига ва қон кетишига қарши қўлланилади. Зайтунни арпа уни билан бирга давомли ич кетишига қарши қуюқ суртма қилинади. Эски зайтун мойининг узум ғўраси суви билан қўшиб қуюлтирилгани орқа тешикнинг ички яраларига ҳуқна қилинса, фойда қилади. Елими сийдик ҳамда ҳайз қонини ҳайдайди. Мойини иссиқ сув билан қўшиб ичилса, қайт қилдиради, заҳар қувватини кесади. Зайтун мойи эмульцияси буйрак, ўт пуфаги ва ўт йўллари, жигар, қовуқ ва сийдик йўлларида пайдо бўлган тошларни туширишда ҳамда меъда-ичак касалликларини даволашда кенг қўлланилади. Ундан тиббиётда баъзи мураккаб дорилар ва эритмалар, суртмалар тайёрлашда кенг фойдаланилади.
Табобатда асал ва зайтун мойи илон ёки чаён чаққан жойга қўйилади. Қулоқ супраси ёрилганда зайтун мойи сут билан аралаштириб ёрилган жойга суртилса, фойдаси тез билинади. Бурун қонашини тўхтади. Эркаклар ёши 55-60ни қоралаб қолганида зира ва боқила дони унини олиб, асал ва зайтун ёғи билан простата безларига суркаса, қовуқни маҳкам қилади.
Ариқларнинг бўйларида ўсадиган чаёнўт устидаги ширасини олиб, унга зайтун мойи аралаштириб қулоққа томизилса, оғриқни босади. Бу малҳам қулоқ ичида бўладиган яраларни ҳам қуритади.
Оддий кавракни зайтун мойи билан қўшиб ишлатилса, танани терлатади. Бундан ташқари, назла ўтини зайтун мойига қўшиб суркаса бу ҳам терлатиб, одамга ором беради.
Мойини қуйқасимон узум ғўраси суви билан қуйилгунича қайнатиб, емирилиб кетаётган тишларга суртилса, уларни қўпориб туширади. Зайтунни чўл қовоғи, яъни тиканли оқ гулларидан гул узуми билан сариқ беда қўшиб баданга суркалса, баданни тозалайди, силлиқ қилади, сепкил ва яралардан қолган қора доғларни кетказади. Бу малҳам кўз тагидаги қонталашни ҳам кетказади.
Турп уруғини ёки баҳорги баргларини зайтун билан истеъмол қилинса, озиқ бўлади. Бўймадаронни зайтун мойи билан қўшиб қайнатиб ишлатилса, меъдани қиздиради, совуқлигини кетказади. Зайтун ёғи, кунжут ёғи ва бўймадаронни олиб аралаштириб “тулки касали”га ишлатилса, фойдаси каттадир.
Гиёҳлардан ҳосил бўлган кулга зайтун мойи аралаштириб баданга суртилса, баданни терлатади, асаб оғриғига ва фалаж касаллигига фойда қилади. Гулхайри баргига зайтун мойини аралаштириб куйган танага қўйилса, фойдаси тез билинади. Агарда уй сиркасини жун матога сепиб, унга зайтун мойи қўшиб бошга қўйилса, иссиқдан бўлган бош оғриғига фойда қилади, тишларга қўйилса, мустаҳкамлайди.
Эрмоннинг зайтун мойи билан аралашганини баданга суркалса, пашша ва чивиндан сақлайди. Денгиз пиёзини санавбар елими билан аралаштириб, зайтун мойи билан суртилса, сўгалларни қўпоради, “тулки касаллиги”га қарши суртилса ёки ишқаланса, сочни ўстиради. Тўпалоқ ўт ва зайтун мойи аралаштирилиб суртилса, жониворлар баданидаги зараркунандаларни ўлдиради.
Зайтун мойи ёрдамида ўт-тош касалликларини 8-10 кунда, болалар ва ўсмирлардаги меъда касалликларини 4-6 кунда даволаш мумкин. Агар 65 грамм зайтун мойини 300 грамм иссиқ сув ёки арпа суви билан истеъмол қилинса, ични шиддат билан келтиради, бод (ревматизм) хасталигига шифо бўлади. Агар уни сув билан ичилса, йўғон ичак дарди ва шиши бўлмиш қуланжни даф этади ва ичаклар дардига шифо бағишлаб, меъда қуртларига қирон келтиради. Буйрак ва қовуқ тошларини майдалаб, тўкиб юборади. Кўп терлатиб, пешобни юргизади. Агар зайтун мойини ичиб қайт қилинса, бадандаги заҳарларни чиқариб юборади. Илиқ зайтун мойи билан ҳуқна қилинса, тиқилмалар, бел оғриғи, бўғимлар дарди ва бод хасталикларига шифо бўлади. Зайтун ёғидан бир кунда истеъмол қилиш миқдори 30-40 граммдан ошмаслиги керак.
Етти йилдан ортиқ сақланган мойнинг шифобахшлик қуввати ҳам юқори бўлади. Бу мой қанча эскирса, шунчалик кучли бўлади. Яман халқ табобати маълумотларига кўра, зайтун мойи 400 йилгача ўз кучини йўқотмас экан. 75 граммдан зайтун мойи ва асал ҳамда 25 граммдан мустаққо елими ва седана мойини бирга аралаштириб истеъмол қилинса ва уч кун давомида совуқ сув ичилмаса, барча совуқ мизож иллатлардан, шоллик, юзнинг бир томонга қийшайиб қолиши ва шу каби хасталиклардан халос қилади. Қон босими юқори бўлиб, ҳа деганда тушавермаса, дарров бир қошиқ зайтун мойи ичиб бироз ётиб дам олинса, қон босими меъёрига тушади.
Зайтун ёғига узум сиркаси аралаштирилса, қуёш таъсиридан, сафро хилти ошиб кетишидан ҳосил бўлган бош оғриғига шифо бўлади. Бунда аралашмага латтани ҳўллаб, бошга боғлаш ёки суртиш керак. Зайтун ёғини уч маҳалдан ўн беш кун мобайнида томизилса, тиқилмалардан пайдо бўлган кўз касаллиги – катарактага даво бўлиши кузатилган.
Бўғим бод касаллигини даволаш учун зайтун ёғидан 200 грамм, тоза керосиндан 200 мл ва 20 дона аччиқ қизил қалампир олинади. Қалампир майдаланади ва зайтун ёғи керосинга қўшилади, сўнгра илиқ жойда икки ҳафта сақланади. Сўнг оғриётган жойга суритилади ва жун мато билан ўралади.
Зайтун ёғига қичитқи – газанда ўти қўшиб қайнатилади. Тайёр бўлган қайнатмадан истеъмол қилинса, ичаклар бураб оғришини қолдиради, гижжаларни туширишда фойда беради.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

tojik-soniya

Тожикча шеърлар / Шерҳо

Дӯст ҳақида тожикча шеър Бархез, то ниҳем сари худ ба пои дӯст, Ҷонро фидо кунем, …