Главные новости
Главная / Жамият / Синиши қийин бўлаётган «тизим»: Паст Дарғомдаги оила нега танловда харид қилган ерида тадбиркорликни йўлга қўя олмаяпти?
<

Синиши қийин бўлаётган «тизим»: Паст Дарғомдаги оила нега танловда харид қилган ерида тадбиркорликни йўлга қўя олмаяпти?

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги рўй бераётган навбатдаги зўравонликлардан бири — фуқаро Ориф Қирғизов томонидан аукционда харид қилинган эски ташландиқ гараж биноси билан боғлиқ машмашалардир. У 2018 йил 10 октябрда «Capiral Rieltor Group» МЧЖнинг Самарқанд филиали орқали «Шомбулоқ кучи» ММТПдан ушбу объектни харид қилган ва олди-сотди шартномаси имзоланган.

Гараж бинолари ва жами 40 сотих ер майдони учун ҳужжатлар тайёрланган. Бироқ туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ер майдонини бириктириб бериш тўғрисида қарорни имзоламасдан келмоқда.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Биз бир муддат аввал, 1 апрель куни балиқчи фермерлар можароси билан туманга борганимизда Ориф Қирғизовнинг рафиқаси Гулчеҳра Тошмонова ўзлари дуч келаётган муаммо учини чиқарган, ҳоким ҳужжатга қўл қўйишини кутаётганини гапириб берган эди.

Ўшанда Гулчеҳра Тошмонова «Чортут» фермер хўжалиги раиси Ҳамза Ҳожимаматов ушбу гараж борасида айрим режалари борлигини очиқлаганини айтиб ўтган эди.

Ориф ака ва Гулчеҳра опа мазкур ҳудудда «Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастури доирасида чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилган. Банкдан 50 миллион сўм кредит олишган, яна ўзларининг маблағларини сарфлашни ният қилишган.

Кунлар ўтиб, Қирғизовлар оиласи жиддий муаммога дуч келишмоқда. Ерни бириктириб бериш учун ҳужжат ҳамон туман ҳокими томонидан имзоланмаган. Улар ҳудудда тадбиркорликни йўлга қўйиш учун қурилиш ишлари олиб боришганда фермер Ҳамза Ҳожимаматов милиция ходимлари билан келиб тўсқинлик қилган.

Гулчеҳра Тошмонова бу масалада туман ҳокими ҳузурига бориб,у билан учраша олмаяпти. Аввал ҳам ёзиб хабар берганимиздек, туман ҳокимлиги халқдан иҳота қилинган, милиционерлар арз билан келган инсонлар туман раҳбари ҳузурига киришига йўл қўйишмайди. Бу туман ҳокими Шунқор Худойбердиев томонидан 2019 йил бошидан буён ўрнатилган янги тартиб.

Энг қизиғи — туман ҳокимининг имзоси билан Гулчеҳра Тошмонова номига огоҳлантириш хати жўнатилган. Унда қайд этилишича, 12 ой ичида бу ерда лойиҳа амалга оширилмаса, 10 баробар миқдорда оширилган ер ва мол-мулк солиқлари тўланади.

Яъни, туман ҳокими бу ер уларга тегишли эканини ўз хатида тан оляпти, «корхонани тезроқ ишга тушир, йўқса солиқлар ошади», деяпти. Лекин ҳужжатларга имзо чекмаяпти. Бунинг учун тадбиркорларга аввал ҳужжатларни тўлиқ расмийлаштириб бериш керак эмасми, жаноб ҳоким?!

Туман ҳокими ўз хатида гараж Қирғизовлар оиласига ажратилганини тан олиб, уларни тезроқ ишлашга ундаётган чоғда, ҳокимнинг «бор санъатини ишга солиши эвазига» заминдор бўлиб қолган фермер Ҳамза Ҳожимаматовга бу жойга келиб, унинг милиция ходимлари ёрдамида объектга хўжайинлик қилишга ким ваколат берган?! Ким?!

Нима ҳам дердик, Паст Дарғомда бугунги кунда мана шундай аҳвол ҳукм сурмоқда. Аввалги чиқишларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, туманнинг янги ҳокими эски фермер ва тадбиркорлардан ерларни тортиб олиб, уни қалин ўртоғи — чорвачиликка ихтисослашган «Чортут» фермер хўжалиги раиси Ҳамза Ҳожимаматовга олиб бериш учун «бор санъатини ишга солмоқда».

Ватанпарвар Шунқор Худойбердиевга кўра, балиқчилар унумдор ерда ноқонуний ҳовуз барпо этган бўлсин, кўп йиллик самарали фермер аслида самарасиз бўлгани учун еридан ажралсин, боғдорчилик билан шуғулланаётган фермерларнинг боғи қирқилиб, Ҳамза Ҳожимаматовга пахта экиш учун берилсин — хўп!

Лекин мана бу оиланинг айби нима экан? Оилавий тадбиркор бўлишни ният қилганими? Бу ҳолни туман мутасаддилари қандай тушунтирар экан?

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ўтказилган видеоселектор давомида тадбиркорлар муаммоларига ҳам тўхталиб, шундай деган эди:

«Ҳозир биздан тадбиркорлар норози бўлаётган иккита масала бор: ер бериш масаласи ва қурилишга рухсат бериш масаласи.

Биз тепадагиларни олиб ташлаяпмиз, лекин пастда ўтирганлар одамларни жуда норози қиляпти. Улар ҳали юқорида бўлаётган жараёндан бехабар. Улар ҳали ўн йил олдинги гап билан юрибди: «Менга бермасанг, мен қўл қўймайман», дейди. Мана шундай тизим ҳалиям бор Ўзбекистонда. Бу тизимни қандай бўлмасин синдириш керак. Синдириш эса осон бўлмаяпти. Чунки ҳаммаси шундай ишлашга ўрганган. Агар шу балодан ҳам қутулиб олсак, тадбиркорларга кўп енгиллик бўларди».

Kun.uz Паст Дарғом туманида рўй бераётган мазкур ҳолатни ҳам синчковлик билан кузатишда, воқеанинг янги тафсилотларини ёритишда давом этади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

jmiidpjw085yqrrena_gvkmn_ph-ab66

«Туркуаз» иши: туркиялик инвесторларнинг Ўзбекистонга даъво талаблари 90 фоизга рад этилгани айтилди

2019 йил 4 октябрда Инвестицион низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (ICSID) қошидаги Арбитраж суди …