Главные новости
Главная / Маданият / “Шариатда шарм йўқ”ми?!
<

“Шариатда шарм йўқ”ми?!

savolХалқ орасида “шариатда шарм йўқ” ибораси ишлатилади. Билганлар буни тўғри маънода қўллайдилар. Аммо диний илмлардан хабари йўқ кишилар мазкур иборани нотўғри тушунишлари мумкин. Келинг, ўзбек халқи орасида кенг тарқалган “шариатда шарм йўқ” ибораси билан “ҳаё имондандир” ҳадисини жамлаб, солиштириб кўрайлик. Бу иккиси бир-бирига тескари маънога эгами ёки бир-бирини қувватлайдими? Халқ орасида кенг ёйилган биринчи нақл Ислом динининг комиллигидан дарак беради. Зеро, ҳалол ва ҳаром, савоб ва гуноҳ, ҳақ ва ботилни аниқ билиб олиш учун “энг нозик” соҳаларга оид саволлар ҳам берилиши жоиз. Масалан, ансорий аёлларга динни мукаммал ўрганишда уларнинг ҳаёлари тўсқинлик қилмади. Улар аёлларга оид ва муҳим масалаларни ўзлари келиб ёки бўлмаса одам ёллаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрардилар. Бу воқеалар ривоятларда батафсил ёритилган. Уларнинг журъатлари сабаб биз кўп масалалар ҳукмини биламиз. Энди бир ўйлаб кўрайлик, агар улар ортиқча тортиниб, бу масалаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрамаганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бу саволларга аниқ жавоб қайтириш мушкул бўлар. Демак, яхшилик йўлида меъёрдан ортиқ уятчанлик бандага зарар келтиради. Бунда ҳаёнинг чегарасини билиш лозим. Ҳаё бандага яхшилик келтиради. Аммо манфаатни жалб қилишда ёки зарарни даф қилишда ўта уятчанлик лоқайдлик ва ҳафсаласизлик билан тенгдир.
Бошқа тарафдан олиб қараганда, бир нарсани ҳам ёддан чиқармаслик талаб этилади. Мўмин банда бефойда ва фаҳш сўзлардан тийилиши лозим. Бу унинг ҳаё ва иффатидан дарак беради. Банданинг имони қанча кучли бўлса, унда ҳаё, ҳаромдан тортиниш ҳисси шунча кучли бўлади. “Шариатда шарм йўқ”, деб кўнглига келган ишни қилиб кетавериш ёки бу ибора билан Исломга таъна тошларини ёғдириш мусулмон банда қиладиган иш эмас. Бу динга бегона бўлган кишилар ишидир.
Хулоса қиладиган бўлсак, “шариатда шарм йўқ” иборасини Исломнинг комиллиги маъносида қўллаш ва уни одамларга тўғри тушунтириш керак. Бу Исломни одамларга чиройли кўрсатиш, ҳикмат билан даъват қилиш сирасига киради. Зеро динимиз мукаммал ва шомил дин бўлиб, унда инсон ҳаётининг бир бир соҳаси ва босқичига оид масалалар тўлиқ ва кенг баён қилинган. Ана ўша масалалар ичида “нозикроқ”ларини ўрганишда ортиқча тортиниш бандаларга зиён келтирди. Шу сабаб айтиш лозимки, ҳаромдан ҳаё қилиш, фойдали нарсалардан тортинмаслик, уддабурон ва зийрак бўлиш ҳар бир мўминнинг вазифасидир.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

ljm_tdup5jvogrv3zesmukftmff4v426

Маданият ва санъат муассасаларида васийлик кенгашлари ташкил этилади

Улар тўғрисидаги намунавий низом Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги 687-сон қарори билан тасдиқланган, деб ёзмоқда Norma. …